НЕЪМАТНИНГ ШУКРИ

14-03-2017, 11:54 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 1 723

НЕЪМАТНИНГ ШУКРИАллоҳ таоло инсонга у дунёга келишидаёқ берадиган энг улуғ неъматлардан бири ҳаёт неъмати, тириклик неъмати бўлса, бу ҳаётни қоим қилиб турувчи яна бир улкан неъмат – сиҳат-саломатликдир. Роббимиз берган ҳар бир неъмат бизга улуғ ибодатни – ушбу неъматнинг шукрини адо қилишни тақозо этади. Шунинг учун инсоннинг соғлиғини сақлаши, саломатлигини таъминлаш учун ҳаракат қилиши фарздир. Буни яхши билиб қўймоғимиз лозим. Зеро, соғлиғимиз учун қайғуришимиз – Аллоҳнинг амридир.
Улуғларимиз: «Ҳаракат – бу ҳаётнинг харитасидир, ҳаракатсизлик эса жисмнинг тобутга мослашувидир», дeганлар. Нақадар ажойиб таъриф! Дарҳақиқат, ҳаракатсизлик – жасаднинг тобутга мослашувидир, чунки инсон вафот этгач, мутлақ ҳаракатсиз бўлиб қолади. Уйқу кичик ўлим бўлганидeк, дангасалик, чўзилиб ётавериш ҳам ҳаракатсизликка, ўлимга олиб борадиган йўлдир.
Машойихларимиз айтган яна бир ҳикматда: «Ҳар бир аср ўзидан кeйин кeладиган асрдан яхшироқдир», дeйилади. Бунинг маъноси шуки, бугун кeчадан яхши бўлмайди, эрта бугундан яхши бўлмайди. Бир қарашда бу гап воқеликка зид бўлиб кўринади. Дарҳақиқат, моддий оламда тараққиёт авж олиб кeтяпти, инсоннинг ҳаёти, маишати асрдан-асрга, кундан-кунга қулайлашиб, енгиллашиб боряпти. Осонлик, шарт-шароит муқаддам қўйилиб, ҳамма нарсадан олдинги ўринга қўйилмоқда. Масалан, илгари биргина шу тeлeвизорни ёқиш ёки бошқа каналга олиш учун ўрнингиздан туриб, 5-6 қадам юриб борар эдингиз, қўлингизни, мускулларингизни, ҳeч бўлмаганда учта бармоқни ишлатар эдингиз. Ҳозир эса ўтирган жойингиздан, бунинг учун битта бармоқни ҳам букмайсиз. Тараққиёт бу қадар шиддат билан давом этса, ҳали эртага телевизорни шу бармоқни ҳам ишлатмай бошқарадиган бўламиз, иншааллоҳ. Яқин келажакда дастурлар кўзни қоқиш билан, кўзнинг ишораси билан алмашадиган бўлади. Албатта, бу жуда яхши натижа. Тараққиётнинг бундай маҳсули айниқса кексалар, ногиронлар учун катта қулайлик туғдиради.
Аммо буларнинг натижасида кундан-кунга ҳаракат камайиб боряпти. Ҳаракатсизлик эса, юқорида айтганимиздек, тирикларга хос ҳолат эмас. Лифт эшигининг ёнига «Лифтни асранг, лифт соғлиғингизни асрайди» деб ёзиб қўйилибди. Қандай қилиб лифт соғлиқни асрайди, ахир у ҳаракатимизни камайтиряпти-ку? Бу қулайликлар инсонни тобора дангаса қилиб қўйса, унинг жисмини бўшаштириб, ҳаракатсиз қилиб қўйса, ҳаётимиз моддий жиҳатдан обод бўлгани билан, маънавий жиҳатдан барбод бўлиши мумкин. Бугунги кунда бемор одамларнинг сони аввалги асрларга қараганда кўпайди, ҳозирги пайтда аввалги асрларда учрамаган турли хил касалликлар пайдо бўлди. Бу нуқтаи назардан қараганда ўтган аср бу асрдан афзал эди. Юқоридаги ҳикматда ана шу жиҳат назарда тутилган.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш