Яшашдан мақсад нима?

11-03-2017, 12:37 Istamjon Khamrayev Мақолалар 3 096

Тириклик моҳияти нима? Инсон бу дунёга нега келади-ю, нега кетади? деган савол хаёлига келмаган одам кам топилса керак. Чиндан ҳам ҳаётнинг моҳияти нимадан иборат?
Бу савол қадимдан инсониятни ўйлантириб келган. Файласуфлар унга жавоб ахтариб, турли назарияларни илгари суришган. Аммо бунинг қисқа ва лўнда жавоби Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло айтади: “Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят).
Бундан чиқди, Аллоҳ бизни Ўзигагина ибодат қилишимиз учун яратган. Бу ёруғ оламга келишдан мақсад шу. “Аллоҳ бор”, - десак, бошимизни саждага қўйсак, У Зот рози бўладиган йўлдан юрсак, Парвардигоримиз буюрганидек яшаган бўламиз.
Ибодат, деганда фақат намоз, рўза ёки ҳаж тушунилмайди. “Ибодат” сўзи “бўйсуниш”, “итоат этиш” мазмунига эга. Аллоҳга итоат этиш ибодатдир. Аллоҳ беш маҳал намозни фарз қилган, деб намозларни вақтида ўқиган одам ибодат қилган бўлади. Аллоҳ рамазон рўзасини тутишни буюрган деб, бир ой ихлос билан рўза тутган киши ҳам ибодат қилган бўлади. Аллоҳ менга ҳалол касб-кор қилишни буюрган, деб пешона тери билан тирикчилик қилган одам ҳам ибодатда бўлади. Хуллас, Аллоҳга бўйсуниб умргузаронлик қилган инсон бутун умрини ибодат билан ўтказади.
Мана бу оятда тириклик ва ўлим моҳияти баён этилган: “(Эй инсонлар! Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир” (Таборак сураси, 2-оят).
“Ҳаётга нега келдим”, “Яшашдан мақсадим нима ўзи”, - деб ўзига савол берадиган мулоҳазали инсон мана шу оятдан батафсил жавоб топади. Чиндан ҳам, ҳаёт фақат еб-ичиш, маишат, ўйин-кулгию ётиб-туришдангина иборат эмас. Инсоннинг моддий эҳтиёжларини Ислом шариати белгилаб берган тартибда қондирилади. Бироқ мана шу моддиятга ёпишиб олиб асосий мақсадни унутиб қўйган одам куни келиб надомат чекади. Халқимизда “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган нақл бор. Охиратда аттанг, деб бошни чангаллаб қолишдан ёмони йўқ. Ақлли одам имкон борида, нафаси кириб-чиқиб турганида Аллоҳга итоат этади, охират озиғини тайёрлайди.
Ҳойи ҳавасларга лиммо-лим ҳаёт мазмуни қуйидаги оятда тўлиқ ифодаланган: “Билинглар, бу дунё ҳаёти фақат (бир нафаслик) ўйин кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш, мол-дунё ва фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшайди. Унинг (ёғиши билан униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини шошириб қўяди). Сўнгра у қурийди. Бас, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнг у қуруқ чўп бўлиб қолади. (Дунё ҳаётининг ҳоли ҳам шундай. Беш кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) охиратда қаттиқ азоб, (имон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдовчи матодир” (Ҳадид сураси, 20-оят).
Ҳар қандай нарсанинг интиҳоси бор. Инсон ҳаёти ҳам бир кун тугайди. Умримиз поёнига етгач, ҳаммамиз ўлим билан юзма-юз келамиз. Бу ҳаётда йиғиб-терган ҳамма нарсани ортда қолдириб, охиратга сафар қиламиз.
Ҳаёт, сон-саноқсиз ташвишлар, турфа воқеаларнинг шиддатли гирдобида кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Кунлар, ойлар, йиллар худди бир лаҳза каби изсиз йўқолади. Ўтган умримизга назар ташларканмиз, улардан қандайдир узуқ-юлуқ хотиралар қолганини кўрамиз. Бироқ одамлар нима учундир ана шу ҳақиқатни – ўлимнинг муқаррарлигини ўйламасликка уринадилар.
Қуръони каримда кофирларнинг дунё ҳаёти ҳақидаги бузуқ ақидаси шундай келтирилган: “Ҳаёт фақат (шу) дунёдаги ҳаётимиздир. (Айримларимиз) ўлсак, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилувчи эмасмиз” (Мўминун сураси, 37-оят).
Яъни, улар: “Биз маълум муддат яшаб, кейин ўламиз. Ортимиздан бошқа авлодлар келаверади. Ҳаёт шундай давом этади. Буларнинг ҳаммаси ўлим билан тугайди. Ўлимдан кейин ҳеч нарса йўқ: қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам”, - деб ўйлайдилар.
Наҳотки инсон ҳаётга фақат еб-ичиш, кайф-сафо қилиш учунгина келса?! Ҳазрати инсондек мукаммал хилқат наҳотки мана шундай арзимас нарсалар учун яратилган бўлса?!
Мўминун сурасининг бошқа оятида айтилади: “Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундай эмас)” (Мўминун сураси, 115-оят).
Аллоҳ таоло инсонни бекорга яратгани йўқ. Ўзига ибодат қилиш учун, буйруқларини бажариш учун яратди. Аллоҳ таоло мавжудотларни ҳикматсиз яратишдан Пок Зотдир.
Биз ҳаёт моҳиятини нега тилга олдик? Унинг қалб ислоҳи билан қандай алоқаси бор?
Гап шундаки, тириклик мазмунини англаш қалбни поклашда катта аҳамиятга эга. Инсон ёруғ оламга нега келганини билса, қалби тоза, кўнгли пок бўлади, ҳалол яшайди. Куни келиб ҳар бир амалига жавоб беришини ёдда тутган инсон охиратини ўйлаб иш қилади, нафсига қул бўлмайди, ҳаром-ҳариш йўлларга кириб кетмайди.


Муродулло ҚАРШИЕВ
Зарафшон шахар
бош имом хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш