Истиқлол неъмати

15-12-2016, 11:54 info Навоий ҳақида 2 207

Истиқлол неъматиМустақил диёрда, фаровон, тинч-тотув яшаб юрганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Бизларнинг аждодларимиз Расули Акрам cаллоллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари бўлган. У зоти бобарокотга ҳам чексиз дуруду саловотлар бўлсин. Юртимизнинг донғини дунёга танитган буюк бобокалонларимизни Парвардигори олам Ўз раҳматига олган бўлсин. Аллоҳ таоло бизга берган буюк неъмат она Ватанимиз мустақил бўлганига ҳам 25 йил бўлади. Ўтган йиллар мобайнида, барча соҳаларда бўлгани каби, дин ва ибодат масалаларида ҳам эркинлик, яхши шароитлар ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди. Шўролар даврида Ўзбекистон бўйича ўнтача масжид фаолият кўрсатган бўлса, ёшлари улуғ кексалармиз биладиларки, масжидлар қанақа аянчли аҳволда бўлган. Бутун совет иттифоқи бўйича эса битта мадраса фаолият кўрсатган, у ҳам бизнинг, мустақил юртимизнинг фахри бу “Мир Араб” мадрасасидир. Павардигори олам бизга берган истиқлол неъматидан кейин ўнта масжид ўрнида ҳозир икки мингдан зиёд масжид, “Мир Араб” мадрасасига ўхшаш яна 10 та мадраса ва “Имом Бухорий” номли Тошкент Ислом институти, Тошкент Ислом университети фаолият юритмоқда. Бунинг учун Худои таборак ва таолога қанчалар шукроналар қилсак, шунча кам. Аллоҳ таолонинг неъматларини катта-кичик демай, ҳаммасини бирдек кўриб, шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат қилиб: Агар шукр қилсангиз У сизлардан рози бўлур”- деган. (Зумар сурасининг 7 ояти). Ушбу оятдан маълум бўладики, Роббул оламийнни розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай ҳолатда ҳам шукрона калимасини такрорлаб юришга одатланиши зарурдир. Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларда ҳам Аллоҳ таолога ҳамд айтиб юрувчи кишидир”. Неъматнинг Аллоҳдан эканлигини билишнинг ўзи ҳам ана шу шукрнинг бир навъидир. Фузайл бин Иёз раҳматуллоҳи алайҳи Сабаъ сурасининг 13-оятидаги: “(Эй) Довуд оиласи! (Бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилингиз! Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир”, - деган жумласининг тафсирида шундай ривоятни келтирадилар: Бир куни Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога муножот қилиб: “Эй Роббим! Мен ўзимча сенга шукр қилишим мумкин? Ҳолбуки Сенга шукр айтишимнинг ўзи ҳам Сенинг бир неъматинг-ку?!” – деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Довуд, мана эндигина ҳақиқий шукрни адо этдинг” деди. Яъни, банданинг унга берилган неъматларга шукрона келтиришининг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг бир неъмати экан. Бизлар ҳам ўзимиз баҳраманд бўлиб, турган неъматлар устида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Аллоҳ таолонинг сизу бизга берган энг улуғ неъматларидан бири, юртимизнинг 25 йиллик тўйини нишонлаш арафасида турганимиз, ватанимизнинг истиқлолга эришиши шарофати билан қанчадан қанча неъматларга мушарраф бўлдик. Мустақилликдан олдин мана бундай масжидларни тўлдириб, ёшу-қарилар эмин эркин ибодатларимизни адо этишимиз қаёқда эди. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Айримлар орамизда борки, доимо куфрона неъматдан ўзга нарсани билмайдилар, яъни ношукрлик ва нонкўрлик қиладилар. Мўмин киши учун ибодатини бемалол қилишдан ўзга бир неъмат бўлмаса керак. Мустабид шўролар даврида фақат ҳайитлар ўқилар эди. Уни ҳам бошқа мамлакатлар совет иттифоқида диний эркинлик йўқ дегани учун ўша пайтда ийдларни ўқишга рухсат берилган эди. Энди қандай қилиб маъруза-ю ибодат қилинганлигини ёши улуғ отахонларимиздан сўранг. Ҳозирда Яратганга беадад шукроналар бўлсинки, ҳайиту жума намозларидан ташқари беш вақт намоз масжидларга бемалол, ҳеч бир тўсиқсиз адо этилмоқда. Бундай неъматнинг шукронасини қилмаган одам албатта, куфрона неъмат қилган бўлади-да. Инсониятнинг руҳини озуқаси бўлган ибодатларни адо этишликка ҳамма шароитлар яратиб берилаётган бўлса, Рамазон рўзаларини тутиб, таровеҳ намозларини ўқишлигимиз учун барча шарт шароитлар муҳайё қилингани бўлса, таровеҳ намозларида қориларимиз Қуръони каримни хатм қилиб берадилар, бу неъмат бўлмасдан нима ахир?.. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Парвардигорнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага кичикми, каттами бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, -деганлар. Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб турганлиги учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду шукроналар айтмоғимиз лозимдир. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлиги ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек: عن بن عباس انه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : ان الصحة والفراغ نعمتان من نعم الله مغبون فيهما كثير من الناس “Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офатлар сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқда. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати соясида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қуръону азимуш шаънда биз бандаларини зикр билан бирга шукрга буюриб: فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ Яъни “Бас, Мени ёд этинглар, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилинглар, ношукрчилик қилманглар!”- деган. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимга тўрт нарса берилган бўлса, батаҳқиқ унга дунё ва охират яхшиликлари берилибди. Улар: зикр айтувчи тил, шукр қилувчи қалб, сабрли бадан ва солиҳа аёл”. وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَتَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар”. (Иброҳим 34) Мустақилликдан кейин яна улуғ неъматлардан бири бир неча минглаб юртдошларимиз, тумандошларимиз энг қулай шароитларда ҳаж ва умра ибодатини адо этишга муяссар бўлмоқдалар. Аллоҳ таолонинг бундай неъматларини кўриб, шукр қилмасдан банданинг иложи йўқ. Агар биз мустақиллик шарофати билан юртимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, қадриятларимизнинг тикланиши ва эътиқод эркинлиги бўйича эришган ютуқларимизга шукр қилиб, доимо хайрда бўлиб юрсак, албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати, мағфирати ва барокотларини юртимиз узра нозил қилаверади. Илоҳо, юртимизда доимий тинчлик, осойишталик ва хайрли ишлар ривожи давом этаверсин. Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкам қилиб, халқимиз ҳаётини яна ҳам фаровон бўлишини насиб айласин. Юртбошимизни Парвардигори олам Ўз паноҳида асрасин. Худои таоло барчамизга берган неъматларига шукрона келтириб яшашликка Ўзи муваффақ қилсин.
Нурота туман “Қадоқ” жомеъ масжиди имом хатиби Шералиев Аҳмад
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш