Тил инсоннинг ақл идроки ва маънавиятини намоён қилувчи асосий восита бўлиб, унинг таъсири каттадир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кишининг тили қалбининг орқасида бўлади. Мунофиқнинг тили эса қалбининг олдида бўлади. Мўмин киши аввал ўйлаб кейин сўйлайди. Мунофиқ эса, аввал сўйлаб кейин ўйлайди”, деганлар.
Парвардигорнинг биз бандаларига берган беҳисоб неъматларидан бири – тил.
Бу неъмат бизнинг ўзаро муомаламизда фикрларимизни баён қилиш ҳамда ички кечинмаларимизни ифодалаш учун берилгандир. “Ар –Раҳмон (меҳрибон зот). Қуръонни таълим берди. (У) инсонни яратди.
Унга баённи (нутқни) таълим берди” (Ар-Раҳмон,14). У Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш, одамларни ҳидоят йўлига чақириш каби Аллоҳ рози бўладиган ўринда ишлатилса, савоби беҳисоб бўлиб, унинг акси бўлган ёлғон, ғийбат, фахш ва беандиша сўзлрда ишлатилса, гуноҳ амаллардан хисобланади.
Тил – қалб ойнаси, қалб эса инсон ҳаёти учун зарур бўлган энг нозик ва ҳассос аъзодир. Шунинг учун ҳам муқаддас динимизда қалбни турли иллатлардан асраш тарғиб қилинган. Қалбни асрашда аввало тилга алоҳида эътибор бериш лозимлиги таъкидланади. Чунки, тил қалбга яқин жойлашган бўлиб, унинг ростгўй ва тўғрилиги ёки аксинча бўлишлиги қалбга таъсир ўтказади.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Банданинг қалби тўғри бўлмагунча имони комил бўлмайди. Тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди ». Имом Аҳмад ривояти.
Тилимизнинг тўғри бўлишлиги бошқа аъзоларимизнинг иши яхши бўлишлигига сабаб бўлади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: “Одам боласи тонгда уйғонганида барча аъзолари тилидан талаб қилишиб, бундай дейишади:” Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз, сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз” (Имом Термизий ривояти).
Бошқа аъзоларга қараганда тилимизнинг имконияти кенг бўлганлиги боис, динимизнинг таълимотида тилга алоҳида эътибор билан қаралади.
Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:” Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсани нарсани сақлашга кафолат берса унга жаннатга киришни кафолат бераман”, деб марҳамат қилганлар.
Парвардигор ўзининг “Мутакаллим”, яъни сўзловчи деб аталмиш сифатида башариятга ҳам озгина улуш берган экан, биз инсонлар буни катта неъмат деб билиб, ундан фақат хайрли мақсадларда фойдаланмоғимиз лозим. Бу неъматнинг қадри қанчалик баланд бўлса, унинг ҳақи ҳам, шукри ҳам шунчалик буюк бўлади. Аллоҳ таоло инсонга унинг оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзи ҳисобга олиниши, у Аллоҳ таолонинг назаридан беэътибор қолмаслигини эслатади.
“Зотан, ўнг ва чап (томон) да ўтирган икки (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб (ёзиб) турурлар. У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (“Қоф”, 1718).
Оғиздан чиқаётган ҳар бир гап номаи аъмолга ёзилишини ҳис қилган киши хақиқий мўмин бўлади ва у ҳеч қачон беҳуда сўзларни сўзламайди.
Сўзамоллик ва сергаплик, маҳмадоналик ва эзмалик динимизда қораланган қусурлардандир. Айримлар сохта қофиялар билан нутқларни безаб, ёдлаб олинган иборалардан ҳаддан кўп фойдаланиб атрофдагиларга ёқмоқчи бўлишади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «ҳақиқатда, сергап, беҳуда жаврайдиган ва эзмаланадиганлар менга ёмон кўринганлардандир ва қиёматда мендан энг узоқлашганлардир», деганлар.
(Имом Термизий ривояти).
Қолаверса, фойдасиз гап – сўзлар ҳаммамизнинг вақтимизни олиб, фойдали ишларимиздан қолдиради. Кайфиятимизга салбий таъсир қилиб, руҳимизни туширади. Улуғ аждодларимиз:”Кўп ўйла, оз сўйла, бўлмаса тек тур”, дейишган. Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Тилингдан бошқа узоқ вақт қамаб қўйишга лойиқ ҳеч нарсанг йўқ”, деганлар.
Ҳазрат Аҳмад Яссавий вайсақи ва сергаплардан безор бўлиб қуйидаги байтни битганлар:
“Оғзи очуқ, нафси улуғ мисли лаққа,
Нодонлардин қўрқуб Сенга келдим мано”.
Ўтган солиҳлар оз сўзлашни, сўзлашса ҳам фақат рост, зарур ҳамда фойдали сўзлашни ўзларининг одатларига айлантириб, қолганларни ҳам шунга даъват этишган.
Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапириши ёлғонлигига кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Тилимизни бошқара олмаслигимиз сабабли бошимиз узра доимо ташвиш ва хатарлар чарх айланиб туради. Шунинг учун ҳам мўмин мусулмонларнинг меҳрибон йўлбошчиси ва улуғ муаллими жаноби Пайғамбаримиз cаллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар-хил олди-қочди сўзлар билан Парвардигорнинг неъмати бўлган умримизни исроф қилмасликни маслаҳат берганлар.
Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуга: “Эй Муоз, барча яхшиликларнинг калити нималигини айтайми?” дедилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: “Айтинг, эй Аллоҳнинг расули”, деганларида, жаноби Пайғамбаримиз муборак тилларига ишора қилиб:
“Мана бунга эҳтиёт бўлгин”, деб таъкидладилар. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг расули, гапираётган гапларимиз учун ҳам жавоб берамизми?”, деганларида Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Муоз, инсонларнинг юз тубан жаҳаннамга улоқтирилишларига сабаб тилларидан бошқа нима ҳам бўлиши мумкин?” деб жавоб бердилар Имом Термизий ривояти.
Ҳақиқатан, бизнинг бу дунёдаги ҳаётимиз ва охират майдонидаги мартабаларимизни белгилаб борувчи омил – тилимиздир.
“Ҳожи Маҳмудхон Валихон ўғли”
жоме масжиди имом хатиби К.Шодмонов