Дақиқа қадри

23-01-2017, 08:19 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 1 814

Вақт мусулмонлар ҳаётидаги энг аҳамиятли нарсалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар бир дақиқа-ю сония, соат, кун, инсон умрининг хатосиз ўлчовидир. Қуръони Каримда инсонларнинг вақт ўлчовларини билиб олишлари учун қуёш ва ой уларга бўйсундириб қўйилгани, бу Парвардигорнинг улуғ неъматларидан экани ҳақида шундай марҳамат қилинади: “(У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи Қуёш ва Ойни ҳам сизларга бўйин сундирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйин сундирди” (Иброҳим сураси, 33-оят).
Яна Аллоҳ таоло айтади:
“У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирига) ўринбосар қилиб қўйган Зотдир” (Фурқон сураси, 62-оят).
Яъни, Аллоҳ таоло кеча ортидан кундузнинг, кундуз ортидан эса кечани келадиган қилиб қўйди. Демак, ким улардан бирини беҳуда амаллар билан ўтказса, иккинчисида ўша қилган хатоларини тўғрилашга имкон берган. Шунинг учун Аллоҳ таоло вақтнинг аҳмиятини баён қилган. Ҳар бир инсон ўзига ато этилган умрдан унумли фойдаланиши — билим олиши, ҳунар эгаллаши, яхши ном қолдириши, яъни комиллик сари интилиб яшаши лозим. Буларга эришиш эса, аввало, вақтнинг моҳиятини теран идрок этиш, унинг ҳар дақиқасини тўғри сарф¬лашни тақозо қилади. Ҳар бир инсон мана шу жиҳатларни инобатга олмаса, умри беҳуда ўтиши мумкин. Бундай кишилар қанчалик узоқ умр кўрмасинлар кўзлаган мақсадларига эришолмайдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам вақтнинг қиммати ва аҳамияти алоҳида таъкидланади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”.
Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Икки неъмат борки, кўпчилик уларнинг қадрига етмайди: булар соғлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухорий ривояти). Ҳар бир инсон вақтнинг нималигини, нима учун берилганини, уни нимага ва қай тарзда сарф этишни аниқ билиши зарур. Умрни ҳеч қандай мақсадларсиз кечирмоқ инсонга мутлақо номуносибдир. Инсон вақт таъсирида турли ўзгаришларга юз тутади. Аввало, тинимсиз ўсиш ва ривожланишда бўлади. Одамнинг айрим аъзолари кун сайин, соат ва дақиқа сайин, қолаверса, сония сайин ўзгариб туради, бирон-бир аъзоси вақт таъсирида ўзгаришга учрамай қолмайди. Маълум ёшга етгандан ке¬йин тана аъзолари ўсишдан тўхтаб, емирила бошлайди. Бу ҳодиса инсон вафотидан сўнг ҳам давом этади. Инсоннинг ташқи гўзаллиги, куч-қуввати, ғайрат-шижоати —ҳаммаси вақт¬нинг шиддатли тўфони остида қолиб кетади. Солиҳлардан бири яна шундай деган: “Банданинг вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир: неъматда кечган вақт, кулфатда ўтган вақт, итоат билан ўтган вақт, маъсият-гуноҳ қилиб ўтказилган вақт”.
Ҳаёт ўтган кунлар эмас, балки эсда қолганларидир. Шунинг учун ҳар бир кунни, соатни, дақиқани эсда қоладиган қилиш, бесамар ўтказмаслик лозим. Вақт билан боғлиқ аксар муаммолар унинг қатъий низомига эътиборсизлик оқибатидир. Бу ҳол ёшларда ҳам, катта ёшдагиларда ҳам, билимли кишиларда ҳам, оддий инсонларда ҳам учрайди.
Олдиндан аниқ белгилаб олинган тартиб-режаларсиз яшаш ва фаолият юритишга киши кўникиб қолади.
Бу сўзни алоҳида таъкидлаётганимизнинг сабаби шундаки, бир неча йиллик тартиб-режаларсиз, баъзан мақсадсиз ўтаётган умр ўз соҳибини ўйлантирмайди, ташвишлантирмайди, ҳатто ажаблантирмай қўяди. Бундай кишиларга вақтнинг (демак, умрнинг) шиддат билан ўтиб, тугаб бораётгани ҳам таъсир қилмайди. Улар кеча ва кундузнинг алмашишини, фасллар ва йиллар ўтишини, ўз ҳаётининг сўниб битишини бир чеккада туриб, лоқайд кузатиб турувчи томошабин кабидир. Ўз ҳаётларини ғафлатда ўтказувчилар халқ учун ҳам, жамият учун ҳам хавфли. Чунки фойдали ишлардан бўш қолган қўллар зарарли қилмишлардан ўзига "юмуш" топиб олиши шубҳасиз. Бунинг зиёни эса кўпчиликка етади. Инсоннинг бир кунлик вақтини шартли равишда уч қисмга бўлиш мумкин. Биринчиси, табиий эҳтиёж — уйқу учун бир кеча-кундузда кўпи билан саккиз соат вақт ажратилади. Узрли сабаблар бўлмаса, бундан кўпайтирилмайди.
Шу тарзда тананинг меъёрий даражада ҳордиқ чиқариши таъминланади. Ундан сўнг яна бир қисм вақт жамият олдидаги вазифаларни бажариши учун ажратилади. Ҳар бир шахс ўзининг эгаллаб турган касби, вазифаси ёки мавқеи учун масъулдир. Демак, ҳар бир шахс ўзига юклатилган вазифаларни бажариши учун ҳам алоҳида вақт ажратиши лозим. Сутканинг учдан бирини уй¬қуга, яна учдан биринижамиятдаги вазифаларни бажаришга ажратсак, куннинг яна бир бўлаги қолади. Бу қисмдан инсон ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда фойдаланади. Оила даврасидаги ота-оналик, фарзандлик вазифаларини бажариши, уй юмушлари билан шуғулланиш, яқин кишилар, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар билан мулоқотда бўлиш, ўз устида ишлаш, маиший ҳордиқ, бирон-бир севимли машғулот билан шуғулланиш вақтнинг мана шу учинчи қисмида бажарилади. Буларнинг қайси бирини қачон бажаришни эса ҳар бир инсон ўз шароитидан келиб чиққан ҳолда белгилайди. Шу тариқа инсонлар орасидаги меҳр ришталари мустаҳкамланиб, жамият фаровонлашиб боради.
Америкаликларда "Вақт — пул!" деган тушунча мавжуд. Бу вақтни ўта бирёқлама тушунишдир. Вақтнинг қадр-қимматини бошқа бир нарсага тенглаштириб бўлмайди. Пул йўқолиши ва қайта топилиши мумкин. Вақт ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Қўлдан кетган вақтни инсон ҳеч қачон қайта қўлга кирита олмайди. Вақтни пул деб тушунувчилар вақтларини пул учун қурбон қилганлари ҳолда, пуллари билан ҳеч қачон вақтни сотиб ололмайдилар.
Вақтни инсонлар учун энг бебаҳо бойлик дедик. Мутафаккирлардан бири айтганидек: "Вақт ҳаётдир. Инсон ҳаёти эса унинг туғилган онидан вафот онигача яшаб ўтадиган вақтидир". Бу хусусда Ҳасан Басрий айтади:
"Эй одам боласи, сен ўтиб бораётган кунлардан иборатсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг кетиши демакдир".Вақт ҳодисасининг моҳияти ҳамда унинг хусусиятлари ҳақида муайян тушунчага эга бўлиш вақт билан боғлиқ муносабатларда, кўзланган мақсадларга эришишда асқотади. Энг муҳими, ушбу неъматнинг маъносини, қадрини тўғри анг¬лаб умр кечиришга ёрдам беради. Инсон умри чекланган. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалар, борингки, маълум лаҳзалардан иборат. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етмасак, вақт ҳамиша бизнинг зараримизга ишлайди.

Тошев Фазлиддин
Кармана туман “Мавлоно Ориф Девгароний” жоме масжиди имом-хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш