“Синий кит” ўйини шаръан харомдир

7-03-2017, 16:04 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 1 784

“Синий кит” ўйини шаръан харомдирҲозирги кунда “Синий Кит” деб аталаётган, телефонда ўйналадиган ўйиннинг оммалашуви ёшлар тарбияси борасидаги катта ташвиш ва улкан муаммолардан бири бўлиб бораяпти. Ушбу ўйин 50 босқичдан иборат бўлиб, охирида ўйин иштирокчисининг ўзини ўзи ўлдириши билан якунланар экан. Ёшларнинг дунёқараши пастлиги, ҳар нарсага ишонувчанлиги, ўзларининг мустақил ва мустаҳкам фикри шаклланиб улгурмагани, ўйин-кулгуга қизиқувчанлиги каби омиллардан фойдаланган бошқарувчилар катта ёшдагиларни ўйинда иштирок қилишга қўйишмас экан. Бу ўйинга кириш шарти пичоқ ёки лезвие билан тилиб қўлга китнинг расмини тушириш эканининг ўзиёқ ўйиннинг ўлимгача бўлган босқичларининг ҳам жуда даҳшатли бўлишини билиш мумкин. Бу хилдаги ўйинлар ислом шариатига кўра ҳаром эканига шак-шубҳа йўқ! Унга бир қанча далиллар келтирамиз:
Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ бобомиз ўзларининг оламга машҳур “ал-Ҳидоя” асарларида: “Ҳар бир бекорчи ўйинлар ҳаромга яқин макруҳдир!”, деганлар (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 3-жилд. – Лакнау: Алавий, 1863. – Б. 377).
“Ҳаромга яқин макруҳ” дейилишининг сабаби агар ўйин қимор қилиб ўртага пул тикиб ўйналмагандадир. Чунки, қимор ўйини буткул ҳаром ҳисобланади. “ал-Ҳидоя” китобида буни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликларки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”, мазмунидаги “Моида сураси”нинг 90-ояти сабабли ҳаром эканлиги айтиб ўтилган. Шунинг учун, карта бўладими, шахмат-шашка бўладими, футбол ёки бошқа ўйинларми, хўроз ёки ит уруштириш бўладими, агар икки томондан пул тикилиб ўйналадиган бўлса, барчаси қимор ҳукмида бўлиб, мутлақо ҳаром ҳисобланади!
Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ эса ўйиннинг “ҳаромга яқин макруҳ”лигининг сабабини фойдасиз ва бекорчиликдир, деб талқин қилганлар. Яъни, пул тикилмасдан ўйналадиган ўйинларнинг ҳукми фойдасиз ва бекорчиликка олиб борадиган бўлса, “ҳаромга яқин макруҳ” дейилар экан. “ал-Ҳидоя”да бунга: لهو المؤمن باطل – “Мусулмоннинг бекорчи ўйини ботилдир!”, деган ҳадиси шарифни далил қилганлар. Унинг тўлиқроқ матни қуйидагича:
كلّ شئ ليس من ذكر الله فهو لعب (فهو سهو و لهو) لا يكون أربعة ملاعبة الرجل إمرأته و تأديب الرجل فرسه و مشى الرجل بين الغرضين و تعلم الرجل السباحة
“Ҳар қандай нарсада Аллоҳни эслаш бўлмайдиган бўлса, у бекорчи алдовчи ўйиндир. Фақат тўртта ўйин бундан мустасно: эр хотини билан ўйнашиши; инсон ўз отини ўргатиши; киши нишонлар орасида юриши – ўқ отишни ўрганиши; кишининг сузишни ўрганиши” (Насоий, 5/8938; Байҳақий, 2/20233; Табароний, 2/1785).
“ал-Ҳидоя” китобида “ҳаромга яқин макруҳ”га шахмат ва нардани мисол келтирилган. Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳ томонидан шахмат ўйини инсонни хотиржам қилиши, зеҳнни мустаҳкам этиши сабабли жоиз дейилганини айтиб, унинг макруҳ дейилгани ўйин давомида Аллоҳни эсдан чиқариб қўйиши, намоз вақтини ҳам унутиб қўйиши, инсонни одамови қилиб қўйиши мумкинлиги кабилар сабабли деб тушунтирганлар. Демак, ҳар қандай ўйинда қимор бўладиган бўлса, яъни ўртага пул тикилса, буткул ҳаром бўлади. Агар у пул тикилмасдан ўйналса-ю, унга вақтнинг ўтганини ҳам билмай қолиш даражасида қаттиқ берилиб кетиладиган бўлса, шунингдек, бутун фикру зикри ўйин бўлиб, одамларга ва атрофдагиларга бепарво бўлиб қолинадиган бўлса, ундай ўйинлар макруҳ бўлади. Шахмат ва футбол каби ўйинлардан агар хотиржамлик, бадантарбия ва яхши мақсад кўзланадиган бўлса, Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳ фикрича жоиз бўлади. Хуллас, ўйин-кулгуларда ҳам маънавият ёки маърифат ёки инсонга бирор фойда бўлмоғи, билимни оширишга хизмат қиладиган бўлмоғи лозим!
“ал-Ҳидоя” асарида ўзини ўзи ўлдириш даражасидаги, шунингдек, баданга қаттиқ жароҳат етказадиган ўйинлар айтилмаган. Чунки, китоб ёзилган даврда ота-боболаримиз бу хилдаги ўйинларни ўйнашмаган. Бизнинг давримизда эса ғарбнинг ёмон ва оммавий таъсири натижасида бу хилдаги ўйинлар ҳаётимизга аста-секинлик билан кириб кела бошлади. Шу жумладан, бугун “Синий Кит” деб аталаётган ўйин. Унинг оқибати эса ўлим. Бироқ, бу хилдаги ўйинлар борасида ҳукм чиқаришимизда бизга абадий саодат бўлган, қиёматгача мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони карим асосий манба ҳисобланади. Унда эса мана бу қиёматгача ўзгармас ҳукм баён этилган:
وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
“Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195).
Мазкур ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло инсоннинг ўзини ўзи ўлдиришидан қайтарган. Бу оғир гуноҳ ҳисобланади. Чунки, инсонга умр ва ҳаёт омонат берилган. У ушбу омонатга хиёнат қилишга ҳаққи йўқ, омонатни асраб-авайлаши лозим. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликка чалиниб қолган инсонларни даволанишга буюрганлар. Худо берган баданни ҳатто шариат ҳуда-беҳудага ўзгартиришга рухсат бермаган. Жангу жадалларда ҳам ўлиб кетмаслик учун сулҳга ёки чекинишга буюрилади. Инсоннинг ўзини ўзи ўлдиришини ислом дини бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ гуноҳ ҳисоблайди. Жумладан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабларининг таниқли фатволар тўплами бўлмиш “Фатовойи Сирожийя”да бундай дейилган:
“Кимки ўзини ўлдирса, унинг гуноҳи бошқа бировни қатл қилгандан кўра каттароқдир!” (Сирожидин ал-Ўший. Фатовойи Сирожия. – Линишия: Дор ал-улуми Закариё, 2011. – Б. 326).
Мазкур ояти кариманинг давомида: “(Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”, дейилишидан маълумки, инсоннинг ўйнайдиган ўйинлари ҳам чиройли ва гўзал бўлмоғи керак. Инсонни бутун умрга майиб қилиб қўядиган ёки умрнинг заволи бўлмиш ўйинларни Аллоҳ таоло ёмон кўради. Аллоҳ таоло ҳаётга, миллатига, ота-онасига, юртдошларига ташвиш келтирадиган бузғунчи касофатларни ёмон кўради:
وَيَسْعَوْنَ فِي الْأَرْضِ فَسَادًا وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
“Яна (улар) Ер юзида фасод (ишларни қилиш)га ҳаракат қиладилар. Аллоҳ (эса) бузғунчиларни яхши кўрмайди” (Моида, 64).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларни сузишни ўрганишга, тўқиш-бичишни ўрганишга, ўқ отишни машқ қилишга, бир сўз билан айтганда, юртнинг обрўсини кўтарадиган, инсоннинг ўзига ҳам фойдали бўладиган спорт ўйинларини ўрганишга тарғиб қилганлар. Бинобарин, бугунги ёшлар ҳам шариатимизнинг ана шундай кўрсатмаларига амал қилиб, ҳаром-ҳариш ва ҳар хил шубҳали ўйинларни ўйнамасликлари керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғил болаларга сузишни, қиз болаларга тўқиш-бичишни ўргатинглар, деганларидан маълумки, фарзандларнинг ўйинларини ҳам назорат қилиб туриш катталарнинг вазифасидир!
Ҳамидуллоҳ Беруний.скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш