Ўз жонига қасд қилиш

21-12-2016, 12:14 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 2 766

Ўз жонига қасд қилиш

Бақара сурасида “Ва Биз сизларни баъзан бир оз қўрқинч ва очлик билан, молга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан имтиҳон қиламиз...” деган. Аллоҳ таоло бандаларини қўрқинч ва очлик, қаҳатчилик, мева-чеваларга офат етиши, мол-мулкка нуқсон етказиш, турли хасталиклар, қийинчиликлар, шерикларнинг ўлими, касаллик билан жонга нуқсон етиши каби сабаблар билан синайди. Ушбу синовларга сабр қилган инсонларга кўп яхшиликлар бор. Ҳаётда, оилада камчилик бўлиши табиий ҳол. Бу ҳаёт фақат ўйин кулги билан, тўкин сочинлик билан давом этмайди. Яхши ёмон кунлар бўлиб туради. Халқимиз ҳам “Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу бўлади” деб бежизга айтмаган. Мана шу кунларнинг йўғида сабр-қаноат қилиш, борида шукр қилишимиз керак бўлади. Диёримизда яшаб келган ота-боболаримиз азалдан ҳар бир кунига шукр қилувчи халқ бўлиб яшаб келганлар. Улар ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ эканлигини билганлар ва шу гуноҳ ишдан қўрқиб бундай ахмоқгарчиликдан ўзларини асраб келган.
Мана шу ўринда одам ўлдириш, ўз жонига қасд қилиш, ўзига ўзи ўлим тилаш каби иллатлардан инсонни муҳофаза қилишни динимиз таъкидлаган. Шу маънода энг аввало, одам боласини, у ким бўлишидан қатъий назар азиз ва мукаррам қилиб яратганини билишимиз лозимдир. Қуръони каримда “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик...” деб марҳамат қилган (Исро сураси-70 оят) .
Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзини ўзи ўлдиришни динимиз ҳаром қилди. Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган улуғ неъмат. Уни олишга ҳақли бўлган Зот Аллоҳдир. Уни олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳаттоки, ўша ҳаёт неъмати берилган шахснинг ўзи ҳам ўз ҳаётига суиқасд қила олмайди. Исломда бировни ўлдириш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик оғир гуноҳ. Қуръони каримда : “Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, уни албатта дўзахга киритамиз. Бу эса Аллоҳга осондир” деб марҳамат қилган (Нисо сураси 29-30 оят). У Зот бизларни ўз жонимизга қасд қилиб, ўзини ўзи ўлдиришдан қайтармоқда. Инсон ўзини ўзи ўлдирса дунё ғам-ташвишларидан, оғирчиликларидан қутилиб кетаман, деб ўйлайди, асло ундай эмас, аксинча дунёдаги аҳволидан минг чандон оғирроқ ҳолатга дуч келади.
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким тоғдан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадулабад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб, ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у жаҳаннам оташида заҳарини қўлида тутган ҳолида абадулабад (заҳар) ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир нарса билан ўлдирган бўлса, жаҳаннам оташида ўша темирни қўлида тутган ҳолида абадулабад ўша (темир)ни қорнига санчиб туради” – дедилар. Ушбу ҳадиси шарифдан нафақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсоннинг жони алоҳида қадр-қимматга эгадир. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ўзи, ҳеч ким маҳрум эта олмайди. Шунинг учун инсон ўзини ўзи ўлдириши мумкин эмас. Ҳеч бир инсон бировга жон ато қила олмаганидек, ўзига ўзи ҳам жон ато эта олмайди. Унга жонни фақат Аллоҳ таологина беради. Ундан жонни фақат Аллоҳ таологина олади. Жонни олиниши табиий ҳолда бўлиши мумкин халос. Ўзини ўзи ўлдириш бу ношукрлик ва Аллоҳга нисбатан одобсизлик бўлади. Шунигнг учун ҳам бу дунёда ўзини ўзи ўлдирган одам у дунёда алоҳида қаттиқ азобларга дучор бўлади. Уларга икки хил азоб- дўзах азоби ва дўзахда доимий равишда худди бу дунёдаги каби, ўзини ўзи қайта-қайта ўлдириб туриши билан азобланади. Аллоҳ Ўзи сақласин бу азоблардан. Жундуб ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Сабрсизлик қилиб, қўл томирини кесди. Кўп ўтмай қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ таоло: “Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим” , деди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Демак, қандай йўл бўлишидан қатъий назар, у ўзини осадими, сувга ташлайдими, заҳар ичиб ўладими, динни ниқоб қилиб олиб айрим террорчилар каби ўзини порлатиб юборадими буларнинг ҳаммаси Аллоҳга ва У белгилаган тақдирга исён қилиш ва борадиган жойи жаҳаннамдир. У жой абадулабад азоб жойидир.
Пайғамбаримиз САВ ўзини ўзи ўлдирганга жаноза намозини ўқимаганлар. Аллоҳ берган улуғ неъмат – ҳаёт неъматига буюк инсонни ҳуқуқлардан саналмиш ҳаёт ҳаққига ношукр бўлган, уни оёқости қилган нобакор шахснинг жазоси шундай бўлади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Ўзини ўзи турли йўллар билан қасддан ўлдиришнинг оғир гуноҳлиги ҳақида” Фатвоси чиққан. Фатво талабларида, имом-хатиблардан ўзини ўзи ўлдирганларга жаноза намози ўқишдан бош тортишлари талаб этилади. Бундан ташқари, уларнинг шундай ўлимига боғлиқ маърака ва худойиларига бормасликлари ҳамда ўз жонига қасд қилиб ўлганларнинг руҳларига Қуръони карим оятларидан ўқимасликлари шаръан жоиздир.


Шайх Абул Хасан Харақоний жоме масжиди имом-хатиби Бобоназаров Сайдулла
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш