Ҳозирда бутун ер юзи бўйлаб давом этаётган глобаллашув жараёни ўзига хос бир қанча ижобий хусусиятларга эга. Бу жараён аввало барчага халқаро майдонга эркин чиқишга, бошқалар билан яқиндан ҳамкорлик олиб боришга, шунингдек, ўз миллий манфаатларини турли хил халқаро ва нодавлат ташкилотлар доирасида таъминлашга кенг имкониятлар беради. Шу билан бирга вақт ўтиши билан глобаллашув жараёнларининг қатор салбий жиҳатлари ҳам намоён бўла бошлади. Бир минтақадаги ҳоҳ салбий, ҳоҳ ижобий воқеа-ҳодисалар дунёнинг бошқа бир минтақасига жуда тез тарқалиб ўз таъсирини ўтказмоқда. Натижада минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдидлар вужудга келмоқда. Ахборот воситаларининг кенгайиши ва ривожланиши натижасида вужудга келаётган турли таҳдидлар кўлами кенгайиб бормоқда.
Жаҳонда ноанъанавий таҳдидлар: халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний қурол савдоси, кибертерроризм ва сепаратизм билан биргаликда “демократия экспорти”, “ахборот хуружи” каби янгидан-янги таҳдидлар вужудга келмоқда. Ушбу таҳдидлар эса замонавий телекоммуникация воситаларининг ривожланиши натижасида кундан-кунга миллий ва халқаро хавфсизликка хавф солмоқда.
Интернетнинг улкан имкониятлари, унда ахборот оқимининг тезкорлиги, аудиториянинг чекланмаганлиги ўз мақсадларини террор йўли билан амалга оширадиган ёвуз кучларнинг манфаатларига ҳам хизмат қилмоқда. Айниқса, бу манфаатлар муқаддас ислом динимизнинг шиорлари билан «гўзал қадоқлар»га ўраб бизга тақдим қилинмоқда. Терроризмга хизмат қилувчи сайтларнинг бирортаси ўзини очиқдан-очиқ намоён қилмайди. Масалан, мана шундай сайтлар тўғрисида исломшунос олим Айдарбек Тулепов ўзининг “Интернетга ин қурган ўргимчаклар” китобида энг огоҳ қилувчи маълумотни келтириб ўтган, яъни “Ақидапараст оқимларнинг иддаоларини тарғиб қилишда интернет сайтлари асосий манбага айланди. Сўнги йилларда бузғунчиликни тарғиб қилувчи веб-сайтлар сони бир неча бараварга кўпайган. Хусусан ўн йил олдин бундай сайтлар 20 та бўлса, бугун 7000дан ортиб кетиши натижасида айрим илмсиз ёшларнинг бузуқ эътиқодга чалғиб, ботил фирқаларга қўшилаётгани ачинарли ҳол!”
Бу сайтларни бугунги кунда Уламоларимиз “Интернет шайтонлари” деб атамоқдалар.
Интернет шайтонлари сайтларида фойдаланаётган усуллар: «кун ояти», «кун ҳадиси», «бугун ислом учун нима қиламиз», «ислом тарихидан нурли саҳифалар» каби рукнлар остида қисқа, кундалик мақолалар бериб бориб, аудиторияни ўзига жалб қилиб олиб, аста секин жиҳод, ҳижрат мавзуларида сўз юритиш ва автобиографияларни ҳар ерда тақдим қилавериб, уларнинг ботил фатволарини фойдаланувчиларга сингдиришдан иборат.
Охирги йилларда интернет сайтлар очиб, фаолият олиб боришдан кўра, мавжуд ижтимоий тармоқларда турли гуруҳлар ташкил қилиш кенг авж олмоқда. Айниқса, фойдаланувчилари сони 1 млрд атрофида бўлган Фейсбук, асосий аъзолари МДҲ давтлатлар аҳолиси бўлган Одноклассники.Ру ижтимоий тармоқларида бу жараён жуда кенг тус олган. Чунки, бундай сайтларга кирувчиларнинг асосий қисми диний билимлардан мутлақо бехабар дунёвий илми ҳам саёз ёшлардир. Табиийки, улар бузғунчиларнинг тўрларига осонгина илинади.
Ислом уламолари томонидан маълум вазиятда, маълум шахсларга нисбатан чиқарилган фатволарни ўзларининг манфур мақсадларига асос қилиб олиш ҳолатлари, Қуръон оятлари ва Набий с.а.в нинг ҳадисларига фақат ўзларининг баъзи радикал кайфиятдаги «олимчалари» нуқтаи назаридангина ёндашишлари ҳамда ўша «олимчалари»ни шайхул ислом, аср мужаддиди деб тарғиб қилишлари, чуқур диний билимга эга бўлмаган ёшларни ўзига жалб қилишнинг самарали усули бўлиб қолмоқда.
Ҳозирда интернетда турли «онлайн» дарслар ташкил қилинмоқда. Уларнинг тафсир, ҳадислар шарҳи, ақида бўйича дарслар олиб бориб, аста секин диний матнларни ўз мақсадларига буриб талқин қилишларини фақатгина чуқур диний билимга эга кишиларгина сезишлари мумкин.
Шу сабабли, ёшларимизга, ҳар қанча жозибали кўринмасин, чет эл интернет доменларида очилган диний сайтларга кирмасликларини тавсия қиламиз. Ҳозирда «Уз» доменида очилган ўнлаб диний сайтлар мусулмонларнинг ҳар қандай илмий ва диний эҳтиёжларини қондира олади, деб бемалол айта оламиз.
Манбалар асосида тайёрланди.
ЎМИ Навоий вилоят вакили Т.Рўзиев