Ўзбекистон аҳолисининг 90% дан ортиқ қисмини ислом динига эътиқод қилувчи кишилар ташкил этади. Бу эса халқнинг бир бутун фикри, ҳаёт фаолияти ислом билан чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрсатади. Халқнинг тарихи, қадрият ва ўзлигини ташкил этади. Энди шу қадрият ва ўзлигини таг томири билан йўқ қилиб унга бошқача ранг бериш нималарга олиб келади? Бутун бошли шонли тарих, асарларининг дастлабки жумласини “бисмиллоҳ”сиз бошламаган забардаст сиймолар шаъни қаерда қолади?
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида қуйидагича марҳамат қилади:
“Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз”
Ушбу оятнинг тафсирида уламоларимиз қуйидаги жумлаларни айтишади: “Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири – бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлигидир. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу уммматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худду шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.”
Миссионерлар талабаларни миссионерлик фаолиятининг асосий объекти деб билишади. Диний қарашлари ҳали яхши шаклланмаган ғўр, қизиққон ёшларни ўз қармоқларига илинтириб олиш жуда осон кечади. Улар бу йўлда ёшларни турли моддий бойликлар ва пуч ваъдалар билан кўнгилларини олишади. Бу нарса юртимиз учун жуда ҳавфли ҳолат хисобланади. Тасаввур қилинг эртага ана шундай миссионерлар ғоялари билан суғорилган ёшлардан бири, юқори давлат мансабларидан бирига кўтарилди. Ўша мансабдор энди давлат манфаати учун хизмат қилармикин ёки четдаги ўз раҳнамолари нағмасига ўйнармикан? Афсуски, ёшларимиз орасида бундайлар йўқ эмас. Кузатадиган бўлсак, уларнинг тилларидан Ватан танқиди ва Европа тақлиди тушмайди. Улар хориждан келган миссионерларни ўзларига идеал қилиб оладилар. Юқорида эслаб ўтганимиз, бутун оламга устоз бўлган дину диёнатда мустаҳкам, халқларнинг пешқадами бўлган улуғларимиз йўлини эса ўйлаб ҳам кўришмайди.
Натижада давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини издан чиқарадилар. Яхлит бир халқ ва миллатни парокандаликка олиб келиб, уларни гуруҳ ва табақаларга бўлиб юборадилар. Оқибатда аҳолининг асрлар оша шаклланиб келган миллий ва диний қадриятлари оёқости бўлишига ва ниҳоят, йўқолиб кетишига олиб келади. Гапимизнинг исботи сифатида, Индонезияда ҳаракат қилган миссионерлар йигирма беш йил мобайнида минглаб одамларни ўз томонларига оғдириб олишди ва улар яшаётган Шарқий Тиморни мамлакатдан ажратишди. Худди шундай ғаразли услуб Судан мамлакатининг жанубини, яъни Дарфур вилоятини ажратиб олганлигини айтиб ўтишимиз мумкин.
Миссионерлар ўз фаолиятлари давомида Ислом аҳкомларини бузиб кўрсатиш, Қуръон оятларини бир-бирига қарама-қарши қўйиш, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларини нотўғри талқин қилиш каби усуллардан фойдаланади. Афсуски, кўп ёшларнинг эътиборсизлиги, бефарқлиги уларнинг қабиҳ ниятларини амалга оширишда қўл келмоқда.
Миссионерлар алдовига учиб, ўз динидан воз кечаётган бу каби нодонларга охиратда аламли азоб борлиги айтилган:
يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهٌ وَتَسْوَدُّ وُجُوهٌ فَأَمَّا الَّذِينَ اسْوَدَّتْ وُجُوهُهُمْ أَكَفَرْتُمْ بَعْدَ إِيمَانِكُمْ فَذُوقُوا الْعَذَابَ بِمَا كُنْتُمْ تَكْفُرُونَ
яъни: “Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга (ҳужжат исботи учун шундай дейилур): “Имон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!” (Оли Имрон, 106).
Агар уларнинг фаолиятига қарши ҳуқуқий ва маърифий чора-тадбирлар ўз вақтида кўрилмаса диний омил сабабли оилаларнинг ажралиб кетиши, кишиларнинг жамиятдан ажраб қолиши ва бунинг натижасида уларда инсонларга, бошқа эътиқод вакилларига нисбатан нафратнинг пайдо бўлишига олиб келади. Мисол учон аҳил бир оилада ота-она ёки бирор фарзанд миссионерларнинг тарғиботи туфайли ўз динидан бошқа бир динга ўтса қолган оила аъзолари унга нисбатан қандай муносабатда бўлишлари мумкин? Фарзанди бошқа динга ўтиб кетганини билган ота уни оқ қилиши, бордию у вафот этса маҳалла кўй ҳаттоки жанозасини ҳам ўқимаслиги бу инсон учун энг оғир мусибат эмасми?
Эътиқод овчилари, шунингдек, ўз таълимотини бошқаларга етказишда уч муҳим унсурга катта аҳамият беришади. Булар: вазиятни яхши англаш; масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш; мақсадларнинг аниқ бўлиши. Мазкур унсурларни амалга ошириш учун улар кишилар билан яқин муносабатда бўлишга ҳаракат қилади. Масалан, ёшлар давралари, тунги клублар, савдо ва спорт марказлари, маданият ва хайрия жамғармалари каби одамлар гавжум жойларда ёшлар билан алоқа ўрнатиш, дўстлар орттириш, аста-секин улар онгига таъсир ўтказиш пайида бўлади. Олдиндан танлаб олинган кишилар дунёнинг турли бурчакларида ташкил этилган сайёҳлик марказларига ҳам юборилади. Булардан мақсад, бошида асл ниятларини пинҳон тутиб, уларни чўчитиб юбормай, дўстлашиш ва кейинчалик ўз таълимотини сингдиришдир.
Миссионерлар ғаразли ниятларини амалга оширишда оммавий ахборот ва алоқа воситаларидан ҳам кенг фойдаланмоқда. Миссионерлик ғояларини тарғиб қилувчи рисола, журнал ва матнлар маҳаллий тилларга таржима қилиниб, аҳоли ўртасида текин тарқатилади. Сунъий йўлдош орқали узатиладиган ўнлаб телевидение, радио, интернет орқали кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши натижасида дунёда миссионерлик ҳаракатлари ёйилмоқда.
Айрим юртдошларимиз даромад топиш мақсадида ўз киндик қонлари тўкилган юртни ташлаб, олис ва нотаниш юртларга бормоқда. Уларнинг аксарияти айнан миссионерларнинг тузоғига тушмоқдалар. Бошқа эътиқод, бошқа менталитет вакиллари орасида яшаган ёшларимиз ўз миллий маънавиятларидан узилиб, ўзгаларнинг руҳий-маънавий таъсирига тушиб қолишяпти. Ҳали имон-эътиқоди шаклланиб улгурмаган ёшлар иш жойларида изғиб юрган турли миссионерлар тузоғига илинишмоқда. Хорижда ишлаб келган йигитлар ҳикоясига кўра, айрим ватандошларимиз у ерда ўзга дин вакилларининг алдовларига учишган. Бунда диний эътиқод эмас, кўпроқ берилаётган пул ва яратилган шароитлар асосий омил бўлгани аниқ.
Юқоридагиларни теран ҳис этган ҳолда, ақийда мусаффолиги ва элу юрт тинчлиги учун ҳар бир шахс, айниқса дин уламолари, ўқитувчиларимиз, маҳалла фаоллари бу йўлда жонбозлик кўрсатишлари лозимдир.
Кармана туман “Қосим Шайх” масжиди имом ноиби И.Хамраев