Лекин томир, гўшт, жигар ва юракда қолиб кетган қонлар эса, ҳалол бўлиб уларни истеъмол қилиш жоиз. Ҳатто гўшт пиширилса ва таомда қоннинг қизиллиги кўринса ҳам таомни истеъмол қилиш ҳаром бўлмайди.
Ҳанафий мазҳабидаги фақиҳ олимларимиз ва бошқа мазҳабдаги фақиҳлар сўйилган ҳайвондаги истеъмол қилиш ҳаром ёки макруҳ бўлган аъзолар ҳақида атрофлича гапириб ўтганлар. Қуйида уларнинг сўзларини келтириб ўтамиз.
Ҳанафий фақиҳлар айтади: Ҳайвон аъзоларидан истеъмол қилиш ҳаром бўлганлари еттита: отилиб чиққан қон, пешоб қиладиган аъзоси (закари), мояк (икки унсаяйн), олд аъзо (урғочилик аъзоси), безлари, қовуқ (сийдик пуфаги), ўт пуфаги.
Бу аъзоларни соғлом табиат эгаси истеъмол қилишни қабул қила олмайди. Шунинг учун ҳаром қилинган.
Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйнинг закари, икки унсаяйни, олд аъзоси, безлари, ўт пуфаги, қовуғи ва қонини истеъмол қилишни кариҳ санаганлар.
Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кариҳ санаш билан макруҳи таҳримийни назарда тутганлар. Бунга далил У зот отилиб чиққан қон ва қолган олти аъзони макруҳ амаллар қаторига қўшганлар. Отилиб чиққан қоннинг ҳаром экани эса, аниқдир.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: Отилиб чиққан қон ҳаром. Қолган олти аъзо эса макруҳдир. Бу зот қонга нисбатан ҳаром деган сўзни ишлатиб, қолганларини эса макруҳ дедилар. Чунки мутлоқ ҳаром қилинган нарса қатъий далил билан собит бўлган бўлиши лозим. Отилиб чиққан қоннинг ҳаром экани қатъий далил билан собит бўлган. Бу далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти: Aйтинг: “Мeнгa вaҳий қилингaн нaрсa (Қуръoн)дa йэйдигaн кишигa ўлимтик, тўкилгaн қoн, чўчқa гўшти - у, aлбaттa, пaлид - вa (сўйишдa) Aллoҳдaн ўзгaнинг нoми aтaлгaн “фисқ” (ҳaйвoн)дaн бoшқa йэйиш ҳaрoм қилингaн нaрсaни тoпмaяпмaн”. Бaс, кимки зaрурaтдa қoлиб, (бoшқaгa) зулм қилмaгaн вa (зaрурaт) ҳaддидaн oшмaгaн ҳoлдa (улaрни есa), aлбaттa, Рaббингиз кeчиримли вa рaҳмлидир (Анъом сураси, 145-оят).
Қолаверса қоннинг ҳаром эканига ижмоъ ҳам боғланган. Қолган олти аъзонинг ҳаром экани қатъий далил билан собит бўлмаган. Балки, ижтиҳод ёки таъвилни эҳтимол қиладиган Қуръон ояти ё ҳадиси шариф билан собит бўлган. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ уларни ажратиб буниси ҳаром, униси макруҳ деган.
Баъзи ривоятларда қондан бошқа олти аъзони истеъмол қилишдаги макруҳлик танзиҳий, яъни енгил, мубоҳга яқин макруҳ дейилган. Лекин тўғриси шуки “Ад-дуррул мухтор” китобида айтилишича ҳанафийлар наздида уларнинг ҳукми макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳдир.
Отилиб чиққан қон ҳаром эканига барча иттифоқ қилган. Моликий мазҳабидаги фақиҳлардан Ибн Ҳабиб ўнта аъзони истеъмол қилиш ҳаром эмас, номаъқул иш деб айтган. Улар қуйидагилар: унсаяйн, думғаза, безлар, талоқ, томирлар, ўт пуфаги, буйраклар, қовуқ ва юракнинг икки қулоғи.
Ҳанбалий мазҳабидаги олимлар эса, безлар ва юракнинг қулоғини истеъмол қилишни макруҳ деганлар. Безларга келсак, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам уни истеъмол қилишни кариҳ санаганлар. Бу борадаги ҳадисни Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал отасидан ривоят қилган.
Юракнинг қулоғига келсак, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар. Бу борадаги ҳадисни Абу Толиб Ҳанбалий ривоят қилган.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Фатаво ҳиндия
2. Бадоиъ саноиъ
3. Мавсуъа ал-фиқҳия ал-кувайтия
Хатирчи туман “Ҳожи Маҳмудхон Валихон ўғли”
жоме масжиди имом хатиби
Шодмонов Комил