Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари

31-01-2017, 08:44 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 5 707

Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда, маърифат ҳосил қилиш лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг гўзал симлари ва у зотнинг сифатларини билиш ила ҳосил бўлади.
قال الله تعالي: وَلِلّهِ الأَسْمَاء الْحُسْنَى فَادْعُوهُ بِهَا
Аллоҳ таоло:
«Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Бас, Унга улар ила дуо қилинг», деган (Аъроф сураси, 180 – оят).
Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳ таолога дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим.
قال الله تعالي: هُوَ اللَّهُ الْخَالِقُ الْبَارِئُ الْمُصَوِّرُ لَهُ الْأَسْمَاء الْحُسْنَى يُسَبِّحُ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
Аллоҳ таоло яна:
«У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва Унинг Ўзи ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир», деган(Ҳашр сураси, 24 – оят).
Ҳашр сурасининг бу сўнги оятида Аллоҳ таолонинг бир неча гўзал исмлари ҳақида сўз боряпти. Хусусан:
Холиқ – яратувчи.
Бориъ – йўқдан бор қилувчи.
Мусоввир – махлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи.
Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Маъқал ибн Ясардан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
«Кимки тонг чоғида уч марта «Аъуузу биллаҳис-самийъул алийм минаш шайтонир рожийм» деса ва Ҳашр сурасининг уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло саловот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, ҳудди ўша мартабага эришади»
Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган Ҳашр сурасининг уч ояти юқоридаги ояти карима ва сурада ундан олдинги икки оятдир. Кеелинг, ўша икки оятнинг маъноларини ва уларнинг тафсирини ҳам ўрганайлик:
هُوَ اللَّهُ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ عَالِمُ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ هُوَ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ
«У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам билувчидир. У ўта меҳрибондир, ўта раҳмлидир» (Ҳашр сураси, 22 – оят).
Ушбу оятдан маълум бўладики, эътиқод ва ибодат фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғи керак. Барча қалблар фақат Унгагина талпиниши лозим. Аллоҳ таоло шундоқ зотки, сиз билан биз билган ва билмаган барча нарсаларни билади. Осмонлару ерда Аллоҳ таоло билмаган нарса йўқ. Демак, Унга ибодат қилиш керак.
هُوَ اللَّهُ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْمَلِكُ الْقُدُّوسُ السَّلَامُ الْمُؤْمِنُ الْمُهَيْمِنُ الْعَزِيزُ الْجَبَّارُ الْمُتَكَبِّرُ سُبْحَانَ اللَّهِ عَمَّا يُشْرِكُونَ
«У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Муъминдир, Муҳайминдир, Азиздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир» (Ҳашр сураси, 23 – оят).
Аввалги оят каби бу ояти карима ҳам Аллоҳ ваҳдониятининг исботи ила бошланган ва унинг бир неча исмларини эслатмоқда, жумладан:
Малик – ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун, бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хўжа бўлмайди. Шунинг учун, инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона Яратганга, ҳақиқий эгага қул бўлишлари лозим.
Қуддус – барча айблардан холий, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир.
Салом – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик – хотиржамлик ва роҳат берувчи зот. Аллоҳ таоло «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.
Мўмин – иймон ва омонликни берувчи.
Муҳаймин – ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни Аллоҳ таоло бандаларнинг барча ҳолатларининг гувоҳи туради. Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.
Азийз – барчанинг устидан ғолиб.
Жаббор – оилй қадар, улуғ унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.
Мутакаббир – кибриёси ва улуғлиги муболағали зот.
Ушбу баркамоллик сифатларига эга бўлган айбсиз Зот мушрикларнинг Унга ширк келтиришидан ҳам покдир.
Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида:
اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ لَهُ الْأَسْمَاء الْحُسْنَى
«Аллоҳ – Ундан бошқа илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир», деган (8 – оят).
Яъни Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма нарсани Ўз тасарруфида тутишида ягонадир. Унинг исмлари фақат гўзалдир. Гўзал исмларнинг барчаси Унга хосдир.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида:
قُلِ ادْعُواْ اللّهَ أَوِ ادْعُواْ الرَّحْمَـنَ أَيّاً مَّا تَدْعُواْ فَلَهُ الأَسْمَاء الْحُسْنَى
«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам барибир. Энг гўзал исмлар Уникидир», деб айт», деган (110 – оят).
Ривоятларда келишича, бир куни мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг «Ё Аллоҳ! Ё Роҳман!» деб дуо қилаётганларини эшитиб қолиб, дарҳол: «Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса, иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди.
Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфи жавобига ушбу оят тушган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.
«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам барибир».
«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан зот бир.
Исм кўпайса, зот ҳам кўпайиб қолмайди.
«Энг гўзал исмлар Уникидир», деб айт.»
Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Шундан тўқсон тўқққизтаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг бир ҳадисларида келган.
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال:"لله تسعة وتسعون اسما حفظها دخل الجنة, وان الله وتر يحب الوتر" رواه الشيخان والترمذي
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу аълайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Албатта, Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Аллоҳ тоқ бўлгани ва тоқни яхши кўргани учун ҳам Унинг гўзал исмлари тўқсон тўққизта бўлган. Ким ўша тўқсон тўққиз исмни ёд олса, жаннатга киради. Чунки бу гўзал исмларини доимо зикр қилиб юрадиган банда бўлади.
Аммо бу, Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизтадан бошқа исми йўқ, дегани эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг исмлари кўп.
Қуйидаги ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари сифатида машҳур бўлган тўқсон тўққиз исмининг зикри келади.
عَن أبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "إنَّ لله تَعَالَى تِسْعَةً وتِسْعِينَ اسْماً مِائَةً غيرَ وَاحِدَةٍ مَنْ أَحْصَاها دَخَلَ الجَنَّة ، هُوَ الله الَّذِي لا إلَهَ إلاّ هُوَ الرَّحمنُ الرَّحيمُ المَلِك القُدُّوسُ السَّلاَمُ المُؤْمِنُ المُهَيمِنُ العَزِيزُ الجَبَّارُ المُتَكَبِّر الخَالِقُ البَارِىءُ المُصَوِّرُ الغَفَّارُ القَهَّارُ الوَهَّابُ الرَّزَّاقُ الفتَّاحُ العَلِيمُ القَابِضُ البَاسِطُ الخافضُ الرَّافِعُ المعزُّ المذِل السَّمِيعُ البَصِيرُ الحَكَمُ العَدْلُ اللّطِيفُ الخَبِيرُ الحَلِيمُ العَظِيمُ الغَفُورُ الشَّكُورُ العَلِيُّ الكَبِيرُ الحَفِيظُ المُقِيتُ الحَسِيبُ الجَلِيلُ الكَرِيمُ الرَّقِيبُ المُجِيبُ الْوَاسِعُ الحَكِيمُ الوَدُودُ المَجِيدُ البَاعِثُ الشَّهِيدُ الحَق الوَكِيلُ القَوِيُّ المَتِينُ الوَلِيُّ الحَمِيدُ المُحْصِي المُبْدِيءُ المُعِيدُ المُحْيِي المُمِيتُ الحَيُّ القَيُّومُ الوَاجِدُ المَاجِدُ الوَاحِدُ الصَّمَدُ القَادِرُ المُقْتَدِرُ المُقَدِّمُ المُؤَخِّرُ الأوَّلُ الآخِرُ الظَّاهِرُ البَاطِنُ الوَالِي المُتَعَالِي البَرُّ التَّوَّابُ المنتَقِمُ العَفُوُّ الرَّؤُوف مَالِكُ المُلْكِ ذُو الجَلاَلِ وَالإكْرَامِ المُقْسِط الجَامِعُ الغَنِيُّ المُغْنِي المَانِعُ الضَّارُّ النَّافِعُ النُّورُ الهَادِي البَدِيعُ البَاقِي الوَارِثُ الرَّشِيدُ الصَّبُور". رواه الترمذي وابن حبان والحاكم.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни тўлиқ билиб олса, жаннатга киради. У Ундан ўзга илоҳу маъбуд йўқ Аллоҳдир. Роҳман, Роҳийм, Малик, Қуддус, Саслом, Муъмин, Муҳаймин, Азийз, Жаббор, Мутакаббир, Холиқ, Бориъ, Мусоввир, Ғаффор, Қаҳҳор, Ваҳҳоб, Раззоқ, Фаттоҳ, Алийм, Қобиз, Босит, Хофиз, Рофиъ, Муъизз, Музилл, Самийъ, Басийр, Ҳакам, Адл, Латийф, Хобийр, Ҳалийм, Азийм, Ғафур, Шакур, Алий, Кабийр, Ҳафийз, Муқийт, Ҳасийб, Жалийл, Карийм, Роқийб, Мужийб, Восиъ, Ҳакийм, Вадуд, Мажийд, Боъис, Шаҳийд, Ҳаққ, Вакийл, Қовий, Матийн, Валий, Ҳамийд, Муҳсий, Мубдиъ, Муъийд, Муҳйий, Мумийт, Ҳайй, Қайюм, Вожид, Можид, Воҳид, Сомад, Қодир, Муқтадир, Муқаддим, Муаххир, Аввал, Охир, Зоҳир, Ботин, Волий, Мутаъолий, Барр, Таввоб, Мунтақим, Афувв, Роъуф, Моликул Мулк, Зул Жалали вал Икром, Муқсит, Жомиъ, Ғаний, Муғний, Мониъ, Зорр, Нофиъ, Нур, Ҳодий, Бадийъ, Боқий, Ворис, Рошийд ва Собур», дедилар».
Термизий, Ибн Ҳиббон ва ал – Ҳоким ривоят қилганлар.
Энди Аллоҳ таолонинг бу гўзал исмларининг маънолари билан танишиб чиқайлик.
1. Аллоҳ.
«Аллоҳ» лафзи «алаҳа» феълидан олинган «илоҳ» масдарига мансуб бўлиб, маъбуд – ибодат қилинган зот – маъносини англатади. Арабларда «илоҳ»нинг аввалига алиф ва лом ҳарфлари киритилган ва «ал-илоҳу» ҳосил бўлган. Сўнгра ҳамзанинг ҳаракатини ломи таърифга нақл қилинган ва бир жинсдаги икки ҳарфни идғом қилингандан кейин «Аллоҳ» лафзи ҳосил бўлган.
«Аллоҳ» лафзи яккаю ягона маъбуди Ҳаққа исм бўлиб, қолган. У зотдан бошқага бу исм ишлатилмаган.
Баъзи уламолар: «Аллоҳ исми аъзамдир», деганлар. Бу лафзи жалола ҳақида Ибн Атоуллоҳ Сакандарий каби зотлар алоҳида китоблар ҳам ёзганлар.
2. Роҳман.
«Роҳман» – улуғ неъмат берувчи.
«Роҳман» сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага – кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи, маъносини англатади. Роҳман сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди.
3. Роҳийм.
«Роҳийм» – латийф неъматларни берувчи.
«Роҳийм» сифати хосроқ бўлиб, қиёмат куни фақат мўминларга раҳим қилувчи маъносини англатади ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам ишлатилади.
4. Малик.
«Малик» – барча нарсанинг эгаси.
Малик – ҳақийқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун, бандалар фақат Унга қул бўладилар, Ҳеч вақтда бир қулга икки хўжа бўлмайди. Шунинг учун, инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона яратганга, ҳақиқий эга – Маликка қул бўлишлари лозим.
5. Қуддус.
«Қуддус» – барча айблардан холий, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.
6. Салом.
«Салом» – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик – хотиржамлик ва роҳат берувчи зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.
7. Муъмин.
«Муъмин» – иймон ва омоликни берувчи.
8. Муҳаймин.
«Муҳаймин» - ҳамма нарсани қамраб олувчи. Яъни Аллоҳ бандаларининг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.
9. Азийз.
Азийз – барчанинг устидан ғолиб. Ундан бирор нарса ғолиб кела олмайди.
10. Жаббор.
Жаббор – оилй қадар, улуғ Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.
11. Мутакаббир.
Мутакаббир – кибриёси ва улуғлиги муболағали зот. Унинг олдида бошқалар қул бўлиб турадиган зот.
12. Холиқ.
Холиқ – асли ва ўхшаши йўқ нарсани ўлчовини мос қилиб яратувчи. У зотда махлуқи йўқлигида ҳам холиқлик маъноси мавжуддир. Аллоҳ махлуқлар вужудга келтирилишидан олдин Холиқ деган васфга эга эди. У, халойиқни халқ қилганидан бошлаб Холиқ исмнини олгани йўқ. Холиқ мутлақ вужудга келтирувчидир.
13. Бориъ.
Бориъ – йўқдан пайдо қилувчи, вужудга келтирувчи.
Бориъ нафовутсиз қилиб вужудга келтирувчидир.
14. Мусоввир.
Мусоввир – махлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи. Ҳар бир нарсага ўзгиа хос суврат берувчи.
15. Ғаффор.
Кўплаб мағфират қилиб, бандаларнинг айбини итоб қилмасдан, Ўз фазли ила уларни кечиб юборувчи.
16. Қаҳҳор.
Барча махлуқтоларни беҳисоб берувчи.
17. Ваҳҳоб.
Кўплаб неъматларни беҳисоб берувчи.
18. Раззоқ.
Кўплаб ризқ берувчи. Ризқларни ва уларнинг воситаларини яратувчи. Аллоҳ махлуқотларига ҳеч бир оғирликсиз ва қийинчиликсиз ёки ёрдам сўрамасалар ҳам ризқ берувчидир.
19. Фаттоҳ.
Кўплаб нарсаларни очувчи. Ўз раҳмат хазийнасини бандаларига очувчи.
20. Алийм.
Ҳар бир нарсани билувчи. Бўлган ва бўладиган, аввалги ва охирги, зоҳир ва ботин нарсаларнинг барчасини билувчи.
21. Қобиз.
Руҳларни қабз қилувчи. Хоҳлаган кишининг ризқини қабз қилувчи. Қалбларни қабз қилувчи.
22. Босит.
Руҳларни кенгликка қўйиб юборувчи. Хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилиб қўювчи. Қалбларни кенг қилувчи.
23. Хофиз.
Пасайтирувчи. Мисол учун, кофир ва фосиқларнинг мартабасини уларни хору зор қилиб пасайтиради.
24. Рофиъ.
Кўтарувчи. Мисол учун, мўмин ва тақводорларнинг мартабасини уларни азийзу мукаррам қилиб қўяди.
25. Муъизз.
Азиз қилувчи. Кимни хоҳласа, тўғри йўлга солиб азиз қилади.
26. Музилл.
Хор қилувчи. Кимни хоҳласа, эгри йўлга юргани учун хор қилади.
27. Самийъ.
Ҳар бир нарсани эшитувчи.
28. Басийр.
Ҳар бир нарсани кўрувчи.
29. Ҳакам.
Ҳукм қилувчи.
30. Адл.
Мутлақ адолат қилувчи.
31. Латийф.
Ўта лутф кўрсатувчи. Барча нарсаларнинг нозик ва дақиқ жойларигача билувчи.
32. Хобийр.
Ҳамма нарсадан ўта хабардор.
33. Ҳалийм.
Ғазаби қўзимайдиган ва иқоб қилишга шишилмайдиган.
34. Азийм.
Ақл тасаввур қила олмайдиган даражада азаматли ва улуғ.
35. Ғафур.
Кўп мағфират қилувчи.
36. Шакур.
Оз амал учун кўп савоб берувчи.
37. Алий.
Мартабаси олийликда бениҳоя.
38. Кабийр.
Ҳар бир нарсадан катта.
39. Ҳафийз.
Ҳар бир нарсани комил муҳофаза қилувчи.
40. Муқийт.
Барча моддий ва руҳий қутларни яратувчи.
41. Ҳасийб.
Кифоя қилувчи. Қиёмат куни бандаларнинг ҳисобини қилувчи.
42. Жалийл.
Сифатларида улуғликка эга бўлган зот.
43. Карийм.
Биров сўрамаса ҳам, бирор нарсанинг эвазига бўлмаса ҳам нарсаларни кўплаб ато қилувчи. Лутф билан итоб қилувчи. Қарама – қаршиликлардан пок бўлган. Карамли ишлар ва хислатлар соҳиби.
44. Роқийб.
Ҳеч бир заррани ҳам қўймай муроқаба қилиб турувчи.
45. Мужийб.
Дуоларни ижобат қилувчи.
46. Восиъ.
Кенг – ҳамма нарсани кенг илмли ила қамраб олган. Барчани кенг раҳмати ила қамраб олган.
47. Ҳакийм.
Ҳар бир нарсани ҳикмат ила қилувчи.
48. Вадуд.
Барчага барча яхшиликни раво кўрувчи.
49. Мажийд.
Шон – шарафи ҳамда қадри баланд ва чексиз.
50. Боъис.
Юборувчи: халқларга Набийлар юборувчи, кишиларга ҳиммат юборувчи. Ўликларни қайта тирилтирувчи.
51. Шаҳийд.
Ҳар бир нарсага ҳозиру нозир. Барчага шоҳидлик берувчи.
52. Ҳаққ.
Ўзгармас собот зот. Ҳаққни юзага чиқарувчи зот.
53. Вакийл.
Барчанинг иши, тақдири унга ишониб топширилган ва бунга лойиқ ягона зот.
54. Қовий.
Қувватли зот. Тенгсиз қувватга эга.
55. Матийн.
Матонатли зот. Матонатга тенги йўқ зот.
56. Валий.
Муҳаббат қилувчи, нусрат берувчи ва халқининг ишини юритувчи зот.
57. Ҳамийд.
Барча мақтовлар ила мақталган зот.
58. Муҳсий.
Барча нарсанинг ҳисобини олган зот.
59. Мубдиъ.
Барча нарсаларни аввал бошдан бир қилган зот.
60. Муъийд.
Йўқ бўлган нарсаларни яна қайтадан бор қилувчи.
61. Муҳйий.
Тирилтирувчи. У Зот ўликларни тирилтирувчидир ва бу исмга уларни тирилтиришдан олдин сазовордир. Аллоҳ таоло бандаларини ўлик бўлганларидан кейин жон киритиб тирик қилгани сабабли «тирилтирувчи» деб аталганидек, уларни халқ қилишидан олдин, уларга ҳаёт беришидан олдин ҳам «тирилтирувчи» дейилаверади. Ҳудди, халойиқни халқ қилишидан олдин Холиқ бўлганидек. Бас, шундан маълум бўладики тирилтириш сифати Аллоҳ таоло учун тирилтиришдан олдин ҳам собитдир.
62. Мумийт.
Ўлдирувчи. Барча жонзотларнинг жонини олувчи.
63. Ҳайй.
Тирик. У тирикдир, ўлмас. Яъни Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмас. Шунингдек, Аллоҳнинг ҳаёти азалийдир. Қачондир йўқ бўлган эмас.
Ягона Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандалар ҳаётига ўхшаш бошқа масдардан берилган эмас. Бу ҳаёт азалий ва абдийдир. Бошланиш чегараси ҳам, тугаш чегараси ҳам йўқ. Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатдан бандаларнинг ҳаётига ўхшамайди.
64. Қайюм.
Ўз – ўзидан қоим бўлган ва бошқаларни қоим қилган зот.
«Қайюм»лик сифатининг маъноси, Аллоҳ таборак ва таолонинг ҳар бир нарса устида турувчи эканлиги ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туришидир. Шу билан, Аллоҳнинг туриши бошқаникига ўхшамайдиа ва доимийдир.
65. Вожид.
Топувчи. Хоҳлаган нарсасини топувчи. Бу ишда биров Уни тўса олмайди.
66. Можид.
Мажду шараф, улуғворлик соҳиби бўлган зот.
67. Воҳид.
Ягона. Битта. Бўлинмас. У зот ўз зотида ҳам, сифатларида ҳам ва ишларида ҳам бирдир.
68. Сомад.
«Сомад» сифати кўп маъноларни ўз ичига олади:
- итаот қилинган улуғ – Усиз ҳеч бир иш битмайди;
- Ҳеч кимга ҳожати тушмайди. Барчанинг ҳожати Унга тушади;
- Бутун махлуқот битиб тугаса ҳам, Ўзи доим боқийдир ва ҳоказо.
69. Қодир.
Чексиз қудрат соҳиби. У зот ҳар бир нарсага қодирдир. Ҳар бир иш унга осондир.
Аллоҳ таоло азалдан ҳар бир нарсага қодирдир. Агар Аллоҳ азалдан ҳар бир нарсага қодир бўлмаса, қачон ва қандоқ қилиб ҳар бир нарсага қодир бўла олади?!
Аҳли сунна ва жамоа эса: «Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Бунга ҳамма бўлиши мумкин нарсалар киради. бўлиши мумкин бўлмаган амри маҳол нарсаларга эса ақли бор одамлар аҳамият бермайдилар», дейдилар.
Баъзи бир фитнкаҳи одамлар мусулмонларнинг иймонига футур етказиш учун «Аллоҳ Ўзи кўтаролмайдиган тошни ярата оладими?» каби беъмаъни саволларни берадилар. Бу каби нарсалар амри маҳолдир ва аҳли иймон уларга аҳамият бермасликлари лозим.
70. Муқтадир.
Жуда ҳам қудратли.
71. Муқаддим.
Олдинга сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани хоҳлаган шахс ва нарсасидан олдинга суради.
72. Муаххир.
Орқага сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани хоҳлаган шахс ва нарсасидан орқага суради.
73. Аввал.
«Аввал» – У ҳамма нарсадан аввал, яъни барча мавжудодтлар йўқлигида ҳам Аллоҳ бор эди, мавжудотларни «Аввал» сифатига эга бўлган Аллоҳ яратди. Яъни Аллоҳ таолонинг вужудга келишининг бошланиши йўқдир.
74. Охир.
«Охир» – ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам Ўзи қолади.
75. Зоҳир.
«Зоҳир» – Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир. У, ҳамма нарсадан зоҳир – устиндир.
76. Ботин.
«Ботин» – У, кўзга кўринмайди. Ҳаммадан пинҳон, махфий нарсаларни билиб турувчидир.
77. Волий.
Ҳар бир нарсага волий – эга бўлган зот.
78. Мутаъолий.
Нуқсонлардан юқори турувчи зот.
79. Барр.
Улуғ яхшилик қилувчи.
80. Таввоб.
Бандаларни тавбага йўлловчи ва уларнинг тавбасини кўплаб қабул қилувчи зот.
81. Мунтақим.
Золим ва осийлардан интиқом олувчи.
82. Афувв.
Афв қилувчи.
83. Роуфф.
Ўта шафқатли ва меҳрибон.
84. Моликул Мулк.
Мулк эгаси. Бу дунёдаги ишларни ўзи хоҳлаганича қилади. Унинг қазосини қайтарадиган ва ҳукмини ўзгартирадиган йўқ.
85. Зул Жалали вал Икром.
Шараф ва камол эгаси. Карам ва икром эгаси.
86. Муқсит.
Ўз адолати ила мазлумларга нусрат ва золимларга жазо берувчи.
87. Жомиъ.
Жамловчи. Барча ҳақийқатларни жамловчи. Одамларни Қиёмат куни жамловчи.
88. Ғаний.
Беҳожат. Унинг ҳеч ким ва ҳеч нарсага ҳожати тушмайди.
89. Муғний.
Беҳожат қилувчи. У зот Ўз бандаларидан қай бирини хоҳласа, беҳожат қилиб қўяди.
90. Монеъ.
Манъ қилувчи.
91. Зорр.
Зарарли нарсаларни ҳам яратувчи.
92. Нофеъ.
Манфаат берувчи.
93. Нур.
Ўзи мутлақ зоҳир ва ўзгаларни зоҳир қилган.
94. Ҳодий.
Ҳидоят қилувчи. У зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади. Яъни Аллоҳ кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, Ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади.
95. Бадийъ.
Ўхшаши йўқ нарсаларни келтирувчи.
96. Боқий.
Боқий қолувчи. У, доимий бордир, унга фонийлик ориз бўлмас.
97. Ворис.
Мавжудотлар йўқ бўлганда ҳам боқий қолувчи зот.
98. Рошийд.
Тўғри йўлга иршод қилувчи.
99. Собур.
Ўта сабрли. Осийларни азоблашга шошилмайди.

«Сунний ақийдалар» китобидан.скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш