Зулматдаги нур

5-01-2017, 23:44 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 1 884

Ҳижрий тақвим бўйича Робиъул аввал ойи бутун дунё мусулмонлари учун мўътабар ойдир. Бу ойда суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Аввало шуни таъкидлашимиз лозимки, бу ёруғ дунё юзини кўрадиган ҳар бир инсон Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан дунёга келади. Бироқ, ушбу сабабият оламида Яратувчининг Ўз бандаларини дунёга келишни турли сабаларга боғлаб қўйган. Шу жумладан, ҳар бир туғилган фарзанд учун ота-она, насл-насабнинг аҳамияти катталигидан Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламни дунёга келтириш учун Парвардигори олам икки улуғ ва покиза насабдан Абдуллоҳ ва Оминани танлади.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг оталари Абдуллоҳ Қурайшнинг бошлиғи Абдулмутталибнинг ал-Ҳорис, аз-Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абду Маноф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, ал-Муғийра ва Навфал исмли ўғилларидан кейин туғилган кенжа ўғли бўлган.
У ўзининг ҳамёшлари ичида кўркамлиги ва файзи билан ажралиб турарди. Абдуллоҳ тарбияли, гўзал хулқли йигит бўлиб вояга етди. Уни кўрган одамлар менинг ҳам шундай фарзандим бўлса эди деган умидни кўнгилга тугмасдан бошқа иложи қолмасди.
Абдуллоҳ уйланиш ёшига етганида отаси унга муносиб келин топиш мақсадида, атрофдаги оилаларнинг қизларини суриштира бошлади. Охири Ҳола исмли хотинининг амакисининг қизи Оминани лозим топди.
Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб Бани Қусайнинг улуғи бўлганидек, Оминанинг отаси Ваҳб ҳам Бани Зуҳранинг улуғи эди.
Оминанинг ўзи ҳам ўша пайтда қавми қизларининг олди, фазилатлиси, бўлиб ўсган эди. Уни келин қиламан деганларнинг саноғига етиб бўлмас эди.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбарини ажойиб васфга эга бўлган икки улуғ ва пок наслнинг вакили бўлган ота-онадан дунёга келишини ирода қилди. Аллоҳнинг марҳамати билан Абдуллоҳ ва Омина оила қурдилар. Уларнинг тўйларидан кўп ўтмай Абдуллоҳ тижорат ишлари билан Ясрибга жўнаб кетди. Тақдири Илоҳий билан Абдуллоҳ ўша ерда вафот қилди.
Ўша пайтда Омина сарвари оламга ҳомиладор бўлган эди. Яқиндагина турмуш лаззатидан бахраманд бўлиб турган ёш келин ҳомиладор ҳолида суюкли жуфтидан ажраб бева қолди. Аммо буюк зотга она бўлиш шарафига мияссар бўлиш арафасида турган Омина онамиз ўзини йўқотиб қўймади. Аллоҳнинг тақдирига имони буд ҳолатда юз тутди. У ўзида ҳомиладор аёлларда бўладиган машаққатларни мутлақо сезмас эди. Тез-тез туш кўриб турарди. Тушида ғойибдан келган бир овоз унга: албатта, сен ушбу умматнинг улуғига ҳомиладор бўлдинг, дер эди.
Вақти-соати етиб Оминани тўлғоқ тутди. Одатдаги ҳолатлардан тамоман ўзгача бир ҳолатда Омина ўз ҳомиласини ёруғ дунёга келтирди. Ундан бир нур ер юзига тушди. Чақалоқ худди сажда қилаётган одамдек туғилди. Дунё тарихида зарварақлар билан битилган бу улуғ кун Рабиъул- аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни эди. Милодий тақвим бўйича 571 йил 20 апрель кунига тўғри келди.
Икки олам сарвари дунёга келдилар, умматларини залолат ботқоғидан ҳидоят нурига элтувчи зот таваллуд топдилар. Ўша куни кўплаб ғайри оддий воқеалар рўй берди. Жоҳилият одатлари авжига чиққан давр, одамлар буту-санамларга муккаларидан кетиб сиғинаётган бутлар ларзага тушиб қимирлаб кетди. Баъзилари юз тубан ерга йиқилди. Чунки уларни йўқ этгувчи зот дунёга келган эди.
Расулуллоҳ туғилган Макка шаҳрида бир нур пайдо бўлиб, Шомдаги қасрларни ёритиб юборди. Ўша куни Маккада тожирлик қилувчи бир яҳудий қурайшликлар тўпланиб ўтирган жойга келиб: «Эй, қурайшликлар жамоаси, бугун сизларда бирор бола туғилдими», деб сўраган. Улар: «Билмадик», деб жавоб берганлар. Шунда ҳалиги яҳудий: «Аллоҳу Акбар! Аммо билмаган бўлсангиз, билинг! Сизга айтадиган гапимни яхшилаб ёдлаб олинг! Бугун ушбу охирги умматнинг набийси туғилди. Унинг икки кураги орасида аломат бор. Аломатнинг устида туклар бор», деди.
Шунга ўхшаш кўплаб ғаройиб ишлар ва башоратлар юз берган ўша тонгда Пайғамбаримизнинг ота томонидан боболари Абдулмутталибга хуш хабар етгач, У қувончга тўлган ҳолида шошиб етиб келди. Нур таратиб турган набирасини қўлга олиб ўпди. Уни авайлаб кўтариб, Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуои хайрлар қилди. Сўнгра набирасини «Муҳаммад» деб номлади.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларининг еттинчи куни Абдулмутталиб муборак набираси номидан ўша пайтдаги арабларнинг одатига кўра қўчқор сўйиб, Қурайш улуғларини чақириб, зиёфат беради. Меҳмонлар зиёфат сўнгида: “Бу набирангнинг шарофати ила бизни жуда сийладинг, унга қандай исм қўйдинг?” деб сўрашади, у: “Муҳаммад деб исм қўйдим”, дейди, улар: “Ота-боболарингда бунақа исм йўқ-ку?” деб ажабланишганида, у: “Мен бу набирамнинг ерда ҳам, осмонда ҳам доимо мақталишини хоҳладим», деган жавобни беради”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам туғулишларидан аввал, арабларда уч кишидан бошқасида бундай исм ила номланганлар йўқ эди, улар:
Муҳаммад ибн Суфён ибн Мужашиъ
Муҳаммад ибн Аҳайҳа ибн Жулаҳ Авсий
Муҳаммад ибн Ҳамрон ибн Робийъа
"Муҳаммад" сўзи "ҳамд" сўзидан олинган бўлиб, кўп мақталган, раҳмат айтилган деганидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари Муҳаммад ибн Абдуллоҳ. "Аҳмад" деган исмлар ҳам бор. "Муҳаммад" Қуръони Каримнинг тўрт ерида келади. "Аҳмад" эса биргина ерида зикр қилинган. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам "Муҳаммад" исмлари Қуръони каримда тартиб бўйича илк бор "Оли Имрон" сурасининг 144-оятида келади:
"Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар". Ўрта асрларга келиб, Ислом оламида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кун ва ойларини нишонлаш мақсадида мавлид йиғинлари ташкил қилина бошланди.
У йиғинларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида ёзилган назмларни ўқиш урфга айланди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини қисқача ўзида акс эттирган асарлар. Жаъфар Барзанжийнинг мавлидлари бунга ёрқин мисол бўла олади. Бу мавлид асарида мақтов ва олқишлар билан чекланилмай, асосан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, ҳаётлари ҳақида маълумот беришга эътибор берилади.
Бизнинг диёрларимизда ҳам мавлид тадбирларида ушбу мавлид китобининг араб ва ўзбек тилларидаги мабҳаслари ўқилади. Айниқса, Рабиул аввал ойида масжид ва мадрасаларимизда, хонадонларимизда Пайғамбаримизга бўлган эҳтиромимиз ва муҳаббатимизни мавлид тадбирлари орқали ифода этишимиз яхши одатга айланган. Ҳофиз Суютийнинг фатволарида, Робийъул-аввал ойида мавлудин набий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бўладими, йўқмилиги ҳақида сўралди.
У киши қуйидаги жавобни берди: «Менинг жавобим шуки, аслида одамларнинг жамланиб муяссар бўлганича Қуръон тиловати, Набий соллалоҳу алайҳи васаллам ишларининг аввалида бўлган хабарларни, у зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилишлари ва охирида уларга егулик нарса улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тарқалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасанадир. Уни қилган одамга Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлудлари муносабати ила хурсанчилик изҳор қилгани учун савоб берилади».
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса ўзининг қиёматгача боқий мўъжизаси Қуръони азимуш шаънда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан: «Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг, Аллоҳ сизга муҳаббат қилади», дейди.
Демак, қалбида Аллоҳга муҳаббат борлигини даъво қилган одам Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин, суннатларини маҳкам тутсин ва У зотга бўлган муҳаббатини намоён этсин.
Пайғамбаримиз таваллуд топган ой барчамизга муборак бўлсин, Яратганнинг Ўзи ҳаммамизга Пайғамбаримизнинг гўзал хулқларидан насиб айласин.

Бектош Ҳакимов
Хатирчи туман бош имом хатиби скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш