Рамазон ҳайитингиз муборак!

15-12-2016, 16:06 Istamjon Khamrayev Вилоят янгиликлари / Рўза 2 130

Рамазон ҳайитингиз муборак!
Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукрлар айтамизки, мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари ҳам бутун дунёдаги аҳли ислом қаторида оловкор ойлар - Жавзо ва Саратонда келган Рамазон рўзасини, Ўзининг ёрдами билан, баимкон қадар тутиб, муборак ийди Рамазонни нишонлаш арафасида турибмиз. Мурувват, хайру саҳоват, яхшилик қилиш, дўстлик ва ҳамкорлик ойи бўлган; аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири мукофот билан фазилатланган бу муборак ойнинг неъматлари умру ҳаётимизга зийнат бўлишидан умидвормиз. Зотан, бу ойда кундузлари фарз рўзаларини тутиб, кечаларни тоат ва ибодатларда ўтказиб, масжидларда тарових намозларида қориларимиз ўқиган хатми Қуръонларда иштирок этиб, имон ва ихлосларимиз янада зиёдалашди. Қадр кечаси тоатини гўзал қилдик, деб умид қиламиз. Яна закот ва бошқа садақалар бериб, бу ишларимиз билан ҳам юртимиз файзу барокотига, қай бир эҳтиёжманд юртдошимизнинг мушкули осон бўлишига ўз ҳиссамизни қўшолдикки, бу амалимиз ҳам Буюк Зотнинг розилигини қозониш учун васила бўлади, деган ниятдамиз. Ана шундай файзу футуҳли амаллар ичида бугун султон ойимизнинг ҳайити –байрамига етишиб турганимиз эса яна бир улуғ неъматдир.
Аллоҳнинг буюк тавфиқи ва изни билан кириб келаётган бу ҳайит кунида барчамиз масрур ва шод бўламиз. Зеро, Ҳақ субҳаноҳу ва таоло шундай деб марҳамат қилади: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарсаларидан яхшироқдир.” Юнус сураси 58-оятида
Икки оламнинг сарвари бўлган Расули акрам пайғамбаримиз соллаллолҳу алайҳи васаллам ҳам ҳайит кунининг кечасини Аллоҳдан катта мукофот олиш вақти, деб атаганлар. Кечагина емак ва ичмакдан ўзини тийган мўмин бандалар ҳайит куни жаннат неъматлари бўлган жаннатий юртимизнинг ширин, тансиқ таомлари билан ризқланадилар. Бу неъматларни олиб дийдорларга интиладилар, азизларини зиёрат қиладилар, гина кудуратли бўлганлар барчасини унутиб бир-бирларига бағр очадилар. Айниқса, кексаларини эъзозлаш учун дастурлар қабул қилинган, муҳтарам Юртбошимиз бу хайрли ишларнинг бошида турган мамлакатимизда ёши улуғларимизнинг ҳолидан хабар олиш учун хонадонларга кириб борамиз, ота-онамиз ва яқинларимизга байрам совғалари тортиқ қиламиз.
Шунингдек, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллолҳу алайҳи васалламнинг “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидар” деган ҳадислари ҳикматини унутмай, бу борада ҳам кўнгиловловчилардан бўлишга интиламиз, шу асно қалбимизни қувончларга тўлдирамиз. Чунки Аллоҳ таолонинг хайру саховат эгасига “молидан қилган садақаси ўрнини тўлдириш” борасида қудсий ҳадис орқали қилган ваъдаси борлигини яхши биламиз.
Худди шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтмоғимиз зарур. Бугунги кунда ахборот тармоқлари орқали яхши биламизки, дунёнинг турли бурчакларида бегуноҳ, тинч аҳолининг бошига қанчалаб мусибатлар ёғилмоқда, урушлар, хунрезликлар содир этилаяпти. Очарчилик, сувсизлик муаммолари мусибат бўлиб, бандаларни ажалнинг комига тортаётир. Биз ана шу ҳолатларга тафаккур нигоҳи билан қарашимиз лозим. Ва мамлакатимиздаги бугунги тинчликка, бугунги некбинликка беҳисоб шукроналар қилишимиз, унинг қадрига етиб, бир-бирларимиз билан “...эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилишимиз..” (Моида, 2), қўлимиздан келгунча мамлакатимиз файзу барокотига ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор. Кексаларимиз шу аснода астойдил дуода бўлиб, фарзанду ёшларимизни эзгу фазилатлар эгаси бўлиб тарбия топишлари учун жонбозлик кўрсатишимиз, уларни гўзал ишларга тарғиб қилмоғимиз керак.
Сўзимиз сўнгида барча вилоятдошларимизни фазилати бисёр, тинчлик ва файзу бараканинг улуғвор намойиши бўлган бугунги ийди Рамазон билан чин дилдан муборакбод этамиз ҳамда элу юртимизга барча хайру барокот ва яхшиликларни тилаган ҳолда Аллоҳ таолодан мамлакатимиз ҳамиша обод, халқимиз тинч ва фаровон бўлишини сўраб, дуойи хайрлар қиламиз!


Тоҳир Рўзиев
ЎМИ Навоий вилоят вакили
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш