Муборак бўлсин Рамазон сизга
Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин! Албатта, барча ҳамду санолар Аллоҳникидир! Одоблар набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга битмас-туганмас салавоту саломлар бўлсин!
Қиёматгача келадиган диндош биродарларига рўза ҳақидаги илмни таълим бериб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин! Ва бу илмни пухта ўрганиб, тартибга солиб ва осонлаштириб кетган мужтаҳид уламоларимизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!
Бугун қалбларга мунавварлик улашиб, ойлар султони Рамазони шариф мехмон бўлиб турибди. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “ Мен учун таоми, ичимлиги ва шаҳватини тарк қилади” (Муттафақун алайҳ).
Бу муборак ой Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ойидир. Рамазон ойини Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзгача интизорлик билан кутганларини тарихдан биламиз. Рамазон ойига икки ой қолганда Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрар эканлар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифга кўра Ражаб ойи кирганда “Аллоҳим, бизга Ражаб,Шаъбон ойини барокотли қил ва бизларни Рамазонга етказгин” деб дуо қилар эканлар.
Ҳазрати Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда; Рамазон ойининг ҳилоли кўринган вақтда Ҳазрати Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини у зот эшитганлар: “Агар бандалар Рамазон ойида қанчалик ажр-савоблар, неъмат ва мукофотлар борлигини билсалар эди, бутун йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилган бўлар эдилар”.
Биз бугун шу муборак ой сояси остидамиз ва бу неъматдан оқилона ва сабр билан фойдаланиб, Аллоҳ таолонинг раҳмати, гуноҳларимизни мағфирати ва дўзахдан нажот топишимиз учун ғанимат бир фурсатдир. Рамазон ойи асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, сабр ҳамда шукроналик рамзи сифатида қадрлаб келинади. Инсон нафси доимий назоратга, доимий тарбияга муҳтож, Уни тойилишидан сақловчи асосий мезонларидан бири Рамазон рўзасини тутишдир.
Рамазоннинг энг улуғ фазилатларидан бири бу ойда бутун инсоният, барча халқлар учун ҳидоят ва раҳмат бўлган, ҳақ билан ботилни ажратувчи, одамларни тўғри йўлга бошлагувчи дастуриламал - Қуръон тушди: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир”.
Аллоҳ таоло мазкур оятлар сўнгида марҳамат қилади: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва имон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар”.Бас, шундай экан, банда Рамазон ойида рўза тутса, Аллоҳнинг бошқа буйруқларига бўйсунса, ҳаром ишлардан узоқлашса, албатта, тақво сифатига ноил бўлади.
Рамазоннинг фазилатларидан яна бири Лайлатул қадр кечасидир. Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланади ва қуйидаги сураи карима бошидан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик, Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур? Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар ила тушадирлар. У то тонггача салом (тинчлик) бўлиб турадир”,деган (Қадр сураси, 1-5 оят). Бу муборак кечада фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бордир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”(Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти). Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом,рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”(Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал,Байҳақий,Ибн Ҳиббон,Таёлисий,Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).
Рамазон фазилатлари хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир.Аллоҳ таолодан ёлбориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин.Омин!
Зарафшон шахри “Бахор” МФЙ отинойиси: Хуршида Худжиярова.