Рамазон шукуҳи
Рамазон ойи рўзасини Ислом динида фарз бўлган улуғ ибодатлар қаторида қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Биз умматларига рўза тутиш сир-асрорларини чексиз мухаббат ила ўргатиб кетган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин!
Юртимиз бўйлаб ўн икки ой султони муборак Рамазон ойининг шукуҳи кезиб қалбларимизни мунаввар қилиб турибди.
Муборак Рамазон ойи кириб келганда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини муборакбод этар эканлар. Бу тўғрисида: Убодатабни Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда:
“Сизларга Рамазон ойи ташриф буюрди.Бу ой барака ойидир.
Аллоҳ таоло бу ойда сизларни қамраб олади.Сизларга раҳматини нозил қилади.Хатоларингизни ўчиради ва унда қилган дуоларингизни ижобат қилади. Аллоҳ таоло бу ойда сизларни яхши амалларда қилган мусобақаларингизга назар солади.Алллоҳ таоло бу ойда сизларни фаришталарига мақтайди.
Шунинг учун бу ойда сизлар Аллоҳ таолога ўзларингиздан фақат яхшиликларингизни кўрсатинг. Ҳақиқий маҳрум одам мана шу ойда Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлган одамдир”, - дедилар. У зот саҳобаларини шу тарзда Рамазон ойи билан табриклаганлар.
Бу билан Рамазон ойида мусулмонларнинг қилган хайрли ишларига барака кириши, заррача қилган яхшиликларига ҳам зиёда савоб берилиши, илоҳий раҳмат нозил қилиниши, қилган гуноҳлар кечирилиши ва дуолар қабул бўлишини айтдилар. Рамазон барчаларимизни қалбларимиз шифо топиши ва гуноҳлар мағфират қилиниши учун ғанимат бир фурсатдир.
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким гуноҳлари сабабли (қалби) оғир дардга чалинган бўлса, рамазонда табиб эшигига борсин. Зеро, эй одамлар, билингки, рўза туфайли оғиздан таралган нохуш ҳид мушкнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқдир.Ахир чинакам подшоҳингиз Аллоҳ “Рўза Мен учундир, унинг мукофотини ўзим бераман”, демаганми?!” (Ибн Жавзий. “Табсира”,2/72).
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ ушбу мисралар билан рўза тўғрисида келган бу улуғ маънолар ҳақида тафаккур қилишга ундайди.Зеро, Аллоҳ таоло бошқа ибодатлардан фарқли ўлароқ рўзани фақат Ўзи учун эканини айтди.
Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачонки бирингиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин.Чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин.Чунки у покловчидир”, дедилар”.(Сунан эгалари ривоят қилишган).
Бу ҳадиснинг ровийи Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлиб, бир неча ҳадислар ривоят қилганлар.
Кун буйи рўза тутиб юрган инсоннинг жисмида катта ўзгаришлар юз беради. Шундай экан ифторликда оғизни нима билан очиш муҳимдир. Очликдан сўнг илк истеъмол қилинадиган нарсанинг таъсири жуда ҳам каттадир. Ана шу жиҳатдан хурмо ва сув ўта мувофиқ нарсалар бўлиб, буни ҳозирги замон илми тасдиқламоқда.
Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилароқ хурмо ёки сув ила оғизни очишга одатланмоғимиз лозим.
Аллоҳнинг неъматларини улуғлайдиган, неъматни қадрига етиб уни ғанимат биладиганлар рўзадорлардир.
Аллоҳ таоло бу муборак ойда қилаётган ибодат ва яхшиликларимизни қабул айлаб барчамизни шу дунёда ҳам жаннатнинг хушбўй ҳидларидан баҳраманд этсин!
Зарафшон шахри Бош отинойиси: Лутфия Мутахарова.