Вақтни ғанимат билинг!

28-11-2019, 08:11 admin Мақолалар 984

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг азалий ироди ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, тафаккур билан афзал ва мумтоз этиб яратди. Инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан халқ этди. У Зот Қуръони каримда хабар бериб бундай дейди:
“Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир”. Раъд сураси 8-оят
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтларига жуда қизғанчиқ бўлишган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканлигини яхши билишган ва шунга мувофиқ амал қилишган. Буюк олим ва воъиз имом Ҳасан Басрий (р.ҳ) айтадилар: “Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда ўз вақтларига дирҳаму динорлардан ҳам кўра муҳаббатли эди, яъни умр вақтларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билишар ва умрни фойдали амалларга, дунё ободлигига сарфлашарди”.
Умар ибн Абдулазиз (р.ҳ) айтади: “Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол”.
Баъзи донишмандлар: “Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир”, деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесад , яъни умринг беҳуда кечади.”- деб марҳамат қилишган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунги яхши ишларим баракали бўлмаганига қилган афсус-надоматимдан пушаймон бўлмадим”.
Аллоҳ таоло Ўз бандаларига берган умр узунми ёки қисқами барибир чегарали эканидан огоҳлантириб, ақл-идрок билан иш тутишга чақириб бундай дейди: “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини ҳам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми”! Ёсин сураси 68- оят марҳамат қилган
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад(соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам ҳаётлари сўзлари, амаллари, ибодатлари, умматларига ғамхўрликлари, меҳр-муҳаббатлари,башоратлари орқали вақт-фурсат бебаҳо илоҳий неъмат эканлигини таъкидлаб бундай деганлар;
“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг ”.Ҳадиси шариф маъно ва мазмунига кўра, ҳар биримиз бойлик ва саломатликни ёшлик, ўспиринлик дамларини, кексалик келишидан олдин ғанимат билишимиз жуда муҳимлиги уқтирилади.
Башариятга мукаммал илоҳий таълимот ва кўрсатмаларни зўр матонат, сабр-тоқат билан етказган ҳазрати Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) қиёмат кунида инсон ўзига берилган умрни нимага сарфлагани, ўқиб-ўрганган илмини, мол-дунёсини қандай йўллар билан топгани ва нималарга сарф қилгани ҳақида масъул бўлишини эслатиб, бундай деганлар:
“Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди; умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида” – дейилади.
Имом Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ўз ҳикматларининг бирида бундай деб марҳамат қилганлар: “Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёмат кунига қадар қайта келмайман”, деб жар солади”.
Динимизнинг таълимотларида ҳам вақтнинг қадр-қиймати юқори бўлгани учун ҳам субҳ вақтида уйғонишга чақирилади. Бу ҳақдаги одоб-ахлоқларимиз талабига кўра, кўп ухлаш хосиятли эмас. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Зеро, донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтаришган. Хабарларда келишича, “Тонгда ухлаш ризқни камайтиради”. Ғайратли, шижоатли бўлишлик лоқайдлик ва бепарволикдан узоқда бўлиш зарур. Чунки, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадисларидан қуйидагиларни биламиз: “Аллоҳ таоло Ўз бандалари орасида ғайратлисини яхши кўради”.

Қизилтепа тумани бош имом хатиби З.Орипов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш