Барчамизга маълумки, инсон учун энг қимматли нарса, умрининг бир бўлаги бўлмиш вақт ҳисобланади. Чунки, йўқотилган ҳар қандай нарсани топиш мумкин, масалан бойлик, амал, соғлик ёки уй жой лекин, кетказилган вақтни топиш ёки орқага қайтаришнинг сира иложи йўқ. Шундай экан, ҳар бир оқил киши ўз вақтини катта бир хазина билмоғи, унинг озгинасига ҳам бепарво бўлмаслиги, уни ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланмоқлиги лозим.
Чунки, вақт қилич каби дейилади, агар уни кесмасанг, вақт сени кесади. Инсоннинг зиммасида, адо этиши лозим бўлган бурч ва вазифалар, унинг вақтидан кўра кўпроқ. Аллоҳ неъматларининг шукрини адо этишга ҳеч бир инсоннинг умри етмайди. Зеро, Аллоҳ ўзининг каломида неъматлари кўплиги ва уни саноғига ета олмаслигимизни эслатиб шундай дейди:
“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Наҳл сураси,18-оят).
Шундай экан, вақтни зое кетказишга баҳона йўқ. Чунки, беҳуда ўтказилган ҳар бир дақиқа охир оқибат инсонни зарарига ишлайди. Муқаддас динимизда вақтнинг қадри баланд бўлганлиги учун уни беҳуда ўтказмасликка, балки, ундан унумли фойдаланиб, савобли ишларга, илм, ҳунар ўрганишга сарфлашга ҳаракат қилайлик.
Вақт – гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Агар иплар ёмон ва тўзиган бўлса, ҳаёт ҳам тубан, бемаъно ва мазмунсиз бўлади. Вақтнинг яна бир хусусияти, агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Вақт инсоннинг сарф қиладиган асосий дастмоясидир. У қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлса-ю, баракали бўлса, у кўпдир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши вожибдир.
Ислом таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, бепарволик каби ижтимоий иллатлардан узоқда бўлишимизга, ундан паноҳ тилашимизга амр қилади ва ҳар вақт, ҳар куни эрта туришга ва хайрли амалларни қилишга, ҳамда ёшлик, сиҳат-саломатлик, бойлик, бўш вақт ва дунё ҳаётини ғанимат билишга чорлайди. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда биз умматларига қандай тавсия берганларига бир диққат қилайлик:
“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Афсуски, айрим ёшларимиз қимматли вақтларини беҳудага ўтказиб, керакли билим ёки ҳунар ўрганиш ўрнига кераксиз ишларга сарфлашади. Айрим ёшларимиз кечалари учта-тўртта бўлиб олишиб, кўчаларнинг бурчакларида ёки чекка жойларда ўтиришиб, телефон ўйнаб ўтирганини, интернет клубларида компьютер ўйнаб ўтиришганини кўриб ачинасан киши. Наҳотки, бу ёш йигит ва қизларни ота-онаси “болам бемаҳалда қаерларда, кимлар билан юрибди” деб, суриштиришмаса? Эртага бундай қаровсиз юрган ёшларимиздан нима кутиш мумкин. Ундан кўра шу ёшлар китоб ўқишса, бирор бир ҳунар ўрганишса ўзлари учун кони фойда эмасми?
Ҳукамолардан бири шундай дейди: “Ким кунини бекор ўтказса, бир яхши амални қилмаса, инсонларга чиройли сўз ёки яхши муомала қилмаса, бир илму-маърифат ҳосил қилмаса, у кунига жабр қилиб, ўзига зулм қилибди”. Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди”. Ҳа, вақт гўё улуғ бахт кабидир, уни ғанимат билмаслик катта гуноҳдир.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бундай деб марҳамат қилган эканлар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.
Шунинг учун ёши улуғ кексаларимиз, муҳтарам ота-оналар фарзандларимиз таълим-тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз, уларни ўз вақтларини тўғри, солиҳ фойдали амаллар қилишга сарфлашни ўргатишимиз керак.
Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:
“Ҳар бир умматга (жазо учун) муҳлат (белгиланган). Қачонки, уларнинг муҳлати келар экан, (уни) бирор соат кечга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар”(Аъроф сураси,34-оят).
Инсон ҳаётда ўз олдига маълум бир мақсадни қўйган бўлади, ана шу мақсадга эришишда вақтдан ва ўз имкониятидан ўринли фойдаланишни режага солиши айни муддаодир.
Демак, олтиндан қиммат бебаҳо вақтларимиз, кунларимиз, соатларимиз ва дақиқаларимиз ҳамда ҳар бир кираётган ва чиқаётган нафасларимиз ғанимат эканини асло унутмайлик.
Хатирчи туман “Шайх Гадой Селкин” жоме масжиди имом хатиби Ҳакимов Бектош