Аллоҳ таоло каломи қуръонда бундай дейди: “Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир”, яна бир неча сураларнинг бошларида тун, кундуз, тонг, чошгоҳ ва аср вақти каби куннинг бўлаклари билан қасам ичади. Маълумки, агар Аллоҳ таоло бирор бир нарса билан қасам ичса, бу айни нарсанинг муҳим ва улуғ эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ҳаётида вақт энг аҳамиятли нарсалардан биридир.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоя қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қиёмат куни то тўрт нарса ҳақида сўралмагунича банданинг қадами жойидан силжимайди:
1) Умрини қандай ўтказгани ҳақида;
2) Ёшлигидан қандай фойдалангани ҳақида;
3) Молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани тўғрисида;
4) Билган нарсасига қанчалик амал қилгани тўғрисида”.
Ҳар бир кишининг вақт олдида адо этиши шарт бўлган қуйидаги муҳим вазифалари бор:
1. Вақтидан имкон қадар унумли фойдаланиш.
Бебаҳо мол-давлатни беҳад асраб-авайлайдиган инсон аслида бебаҳо бўлган вақтига бунданда эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ўринларда, хайрли мақсадларга ишлатиши лозим. Ўтган улуғ аждодларимиз вақтларига жуда эътиборли бўлганлар. Чунки улар вақтнинг қадрини яхши билганлар. Улар ҳар бир вақтни фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга фойда етказиш билан ўтказганлар.
Ҳасан Басрий айтадилар: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар”.
2. Вақтини тартибга солиш.
Диний ва дунёвий ишлар батартиб адо этилса, улар бир-бирига ҳалал бермайди. Муҳим ва номуҳим ишлар ўз ўрнини топади.
Солиҳлардан бири айтади: “Банданинг вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир: неъматда ўтган вақти, кулфатда ўтган вақти, итоат билан ўтган вақти, маъсиятлар қилиб ўтказилган вақти”.
Вақтнинг ҳамма ҳолатларида ҳам зиммамизда Аллоҳнинг ибодатидан улуш бордир. Кимнинг вақти тоатда ўтган бўлса, унинг учун Аллоҳ тарафидан унга берилган марҳамат ва мукофот бордир, кимнинг вақти неъматда ўтган бўлса, унинг зиммасида шукр қилиш бордир, кимнинг вақти маъсиятда ўтган бўлса, унинг зиммасида тавба ва истиғфор бордир, кимнинг вақти кулфат(синов)да ўтган бўлса, унинг зиммасида розилик ва сабр қилиш бордир”.
3. Бўш вақтини ғанимат билиш.
Бўш вақтнинг улуғ неъмат эканидан кўплар бехабардирлар. Оқибатда инсонлар бу неъматнинг шукрини адо этмайдилар. Ҳадиси шарифда: “Икки неъмат борки, кўплар улардан (фойдаланишдан) маҳрумдир. Улар соғлиқ ва бўш вақтдир” дейилади, Бухорий ривояти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билгин...”, деб бошланувчи ҳадисларида бўш вақтни ғанимат билишга ундаб, шундай деганлар: “Машғул бўлиб қолишингдан олдин бўш вақтингни ғанимат билгин”, Ҳоким ривояти.
Улуғлардан бири айтади: “Бўш вақт улкан неъматдир. Агар инсон ҳавои нафсига ва шаҳватларга берилиб, бу неъматга шукр қилмаса, Аллоҳ унинг қалбидаги ўша (хотиржамлик) неъматини барбод қилиб ташлайди ва у топадиган софликни олиб қўяди”. Оқил инсон бўш вақтини яхши ишлар билан ўтказади. Акс ҳолда, у жазоланиб, бўш вақт неъматидан маҳрум бўлади.
Энди вақтни тежашга ёрдам берувчи сабабларни санаб ўтишга ҳаракат қиламиз:
1. Ўзига ўзи ҳисоб бериш. Бу самарали услуб солиҳлар одати, тақводор зотлар йўлидир. Азиз биродар, ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Кунни қаерда, нима ишлар билан ўтказдингиз?
2. Нафсни фаолиятга ўргатиш. Кимки ўзини олий ишларни қилиш ва бекорчи ишлардан узоқлашишга ўргатса, ўз вақтини ғанимат билган бўлади. Чунки, фаол инсон бекорчи ишлар билан қаноатланмайди. Кишининг ҳиммати қанча баланд бўлса, қиладиган амаллари ҳам шунча улуғ бўлади.
3. Вақтларини муҳофаза қиладиган кишилар билан суҳбатда бўлиш. Албатта, солиҳ зотлар билан суҳбат қилиш вақтни ғанимат билишга ўргатади. Ҳакимлардан бири: “Агар бир қавмнинг орасида бўлсанг, яхшиларига ёндашгин, ёмонларидан йироқ юр. Акс ҳолда, улар билан бирга ҳалок бўласан. Сен кишидан ўзи ҳақида эмас, балки унинг ҳамсуҳбати ҳақида сўрагин. Чунки ҳар ким ўз яқинига эргашади” деган экан.
4. Улуғ зотлар ҳаётидан ибратланиш. Улуғлар ҳаётини ўрганиш жуда фойдалидир. Чунки улар вақтнинг қадрини яхши билишади. Улар умрининг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, уни Аллоҳга итоатда ўтказишда энг чиройли намунадирлар.
5. Вақтдан унумли фойдаланишда турлича йўл тутиш. Инсон бир ишни такрорлаверса, зерикиб қолади. Демак, турли амаллар билан оз-оздан шуғулланиб туриш вақтдан имкон қадар кўпроқ фойдаланишга ёрдам беради.
6. Вақт “қайтмас” бўлиб кетади. Вақтни ортга қайтаришнинг иложи йўқ ва келаётган кунни ўтиб кетган куннинг ўрнига қўйиш ҳам мумкин эмас. Ҳасан Басрий шундай деган эканлар: “Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Ҳоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва ҳоҳлаган ишингни кечиктиргин, у сенга ҳаргиз қайтиб келмайди””.
7. Ўлимни эслаш. Инсон дунёни ортда қолдириб, охиратга юзланган вақтда, хатоларини тузатиш ва йўқотган нарсаларини тиклаш учун, гарчи озгина бўлса ҳам, муҳлат берилишини орзу қилиб қолади. Чунки амал вақти тугаб, ҳисоб ва жазо соати етиб келган бўлади. Тушунган инсон вақтини Аллоҳ таоло розилиги йўлида сарфлашга интилади.
8. Ёмон ҳамсуҳбатдан йироқ бўлиш. Албатта, дангасалар ва вақтларини беҳуда ўтказувчилар билан аралашиб юриш инсонни бузади ва вақтининг беҳуда ўтишига сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: “Кишининг ҳамсуҳбатига эътибор беринглар. Чунки ҳар ким ўзига ўхшаш инсон билан дўстлашади”.
9. Қиёматда вақт ҳақида сўралади. Банда бу оғир кунда Улуғ Роббининг ҳузурида тураркан, ундан умрини қандай ўтказгани, вақтини нималарга сарфлагани ҳақида албатта сўралади.
Шундай экан ҳар бир киши вақт ундан қалби, тили ва бошқа аъзолари билан нима амал қилишини талаб этаётганини англаши ва ана шуни амалга оширишга интилиши лозим. Токи унинг бажарган иши кўзлаган мақсадига муносиб тушсин ва икки дунёсини саодат билан безасин!
Ҳакимов Абдуллатиф
Хатирчи туман “Новжа бобо” жоме масжиди имом хатиби