Мана бир йил ортта қолиб янги йил, янги кун наврўзи олам кириб келди. Янги йил, янги кун деганда инсон ўтган умрини тафтиш қилмоғи лозим. Чунки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вақт қилич кабидир, агар уни кесмасанг у сени кесиб қўяди” деганлар.
Ҳақиқатдан инсон умрини, вақтини фойдали ишларга сарфламаса, кейин ўтган умрига пушаймон бўлади.
Аллоҳ таоло қуръони каримда ҳам вақтни инсон учун энг қимматбаҳо нарса эканлигини билдириш учун кўпгина оятларда вақт билан қасам ичган. Жумладан: “Борликни ўз зулмати билан ўраб келаетган кечага қасам: Ёришиб кўринган кундузга қасам” деб марҳамат қилган (Лайл сураси 1-2 оятлари).
Аллоҳ таоло ўзи яратган махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичиши уни нақадар қадри баланд, унинг аҳамиятли эканлигини англатади. Вақт Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъматлардан биридир. Ундан самарали фойдаланиб, ҳар бир онларини мазмунга тўлдириб борсак, ҳаётимиз қадри ортади. Беҳуда сарфланган вақтимиз бизга фақат афсус надомат олиб келади.
Ҳадис китобларида келтирилишича одам боласининг ҳар бир куни унга қуйидаги сўзларни айтади: "Эй одам боласи, мен сенинг янги кунингман ва қиладиган амалларингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қиёматгача қайтмайман" дейди.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат куни банда қайта тирилиб, қадами ердан кўтарилмасдан туриб ундан 4 нарса: Умрини қандай кечиргани, ёшлигини нималар билан ўтказгани, мол-мулкини қаердан олиб қаерга сарфлагани, илмига қандай амал қилгани ҳақида сўрайди”.
Бундан кўриниб турибдики, инсон вақтини сарфлашда Аллоҳ таоло олдида масъулиятни ҳис қилмоғи керак. Ҳар бир мусулмон вақт қиймати унинг ҳар бир қисм ва ҳар бир масаласига эътибор бериб, ундан унумли фойдаланиб, эзгу амал, илм олишга сарфламоғи лозим. Вақтни барча имкониятларидан фойдаланиб қолиш, дин ва дунёсида фойда берадиган, ватан равнақи, эл-юрт тинчлиги, миллатни яхшилик ва фаровонликка, моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган ишлар билан машғул қилиш лозим.
Аллоҳ таоло бир бандасидан ғазабланса уни вақтини беҳуда ўтказадиган қилиб қўяди ва аксинча, қайси бандасини яхши кўрса уни бажарадиган ишини вақтидан кўпроқ қилиб қўяди.
Ҳаттоки, ҳозир одамлар шундай бўлиб кетдики, бир-бирларига қараб: “Юр чойхонага бориб, вақт ўтказамиз” дейишгача борди.
Бизнинг мазҳабимиздаги энг мўътамад китоблардан бўлган "Риёзус- солиҳийн" асарини ёзган имом Нававий 40 йил яшаб 500 та китоб ёзган эканлар. У киши алоҳида ўтириб овқатланиш учун вақт ажратмаган эканлар.
Шундай олимлардан бирини олдига бир киши келиб: “Келинг чойхонага бориб, у-ёк бу-ёкдан гаплашиб ўтирамиз” деса, у зот "агар қуёшни тўхтатиб қўя олсанг, сен билан беҳуда гаплашиб ўтиришга рози бўламан" деган эканлар.
Бу билан улар вақтнинг ҳар бир дақиқасини ҳам беҳуда сарфламаганликлари маълум бўлади.
Мўъминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Сизни ҳисоб- китоб қилинмасларидан аввал ўзларингизни сарҳисоб қилингиз ва қилган амалларингиз ўлчанмасдан аввал сизлар ўз амалларингизни ўлчаб кўринг” дер эдилар. Агар кеч кирса, икки оёқларига қамчи билан уриб, “Эй Умар! бугун Аллоҳ учун нима иш бажардинг” дер эдилар.
Биз ҳозир ўзимизни сарҳисоб қилаяпмизми, вақтимизни нималарга сарфлаяпмиз? Аллоҳ учун, охиратимиз учун, ватан равнақи учун яқинларимизга фойдамиз тегадиган, қиёматда юзимизни ёруғ қиладиган қандай амаллар қилмокдамиз? Туну-кун компъютер қаршисида бўлар-бўлмас сайтларга кириб, соатлаб вақтимиз, ёшлигимиз беҳуда совурилмокда. Ойнаижаҳон қаршисида ўнлаб сериалларни қолдирмай умримизнинг кўп қисмини хазон қилмоқдамиз. Буни ҳисоб-китоб қилиш вақти келиб, пушаймон бўлмасдан олдин, ҳаётимизни тўғри йўлга солиб олайлик. Озгина тафаккур қилган оқил инсон бундан ўзига ҳикмат чиқариб олади.
Мустафо ЮНУСОВ
Хатирчи туман "Бадр ота"
жоме масжиди имом-хатиби