Вақтимиз ғанимат!

24-10-2019, 09:39 admin Мақолалар 918

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг азалий ироди ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, тафаккур билан афзал ва мумтоз этиб яратди. Инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан халқ этди. У Зот Қуръони каримда хабар бериб бундай дейди:
“Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир”. Раъд сураси 8-оят
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтларига жуда қизғанчиқ бўлишган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканлигини яхши билишган ва шунга мувофиқ амал қилишган. Буюк олим ва воъиз имом Ҳасан Басрий (р.ҳ) айтадилар: “Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда ўз вақтларига дирҳаму динорлардан ҳам кўра муҳаббатли эди, яъни умр вақтларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билишар ва умрни фойдали амалларга, дунё ободлигига сарфлашарди”.
Умар ибн Абдулазиз (р.ҳ) айтади: “Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол”.
Баъзи донишмандлар: “Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир”, деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесад , яъни умринг беҳуда кечади.”- деб марҳамат қилишган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунги яхши ишларим баракали бўлмаганига қилган афсус-надоматимдан пушаймон бўлмадим”.
Аллоҳ таоло Ўз бандаларига берган умр узунми ёки қисқами барибир чегарали эканидан огоҳлантириб, ақл-идрок билан иш тутишга чақириб бундай дейди: “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини ҳам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми”! Ёсин сураси 68- оят марҳамат қилган
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад(соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам ҳаётлари сўзлари, амаллари, ибодатлари, умматларига ғамхўрликлари, меҳр-муҳаббатлари,башоратлари орқали вақт-фурсат бебаҳо илоҳий неъмат эканлигини таъкидлаб бундай деганлар;
“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг ”.Ҳадиси шариф маъно ва мазмунига кўра, ҳар биримиз бойлик ва саломатликни ёшлик, ўспиринлик дамларини, кексалик келишидан олдин ғанимат билишимиз жуда муҳимлиги уқтирилади.
Башариятга мукаммал илоҳий таълимот ва кўрсатмаларни зўр матонат, сабр-тоқат билан етказган ҳазрати Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) қиёмат кунида инсон ўзига берилган умрни нимага сарфлагани, ўқиб-ўрганган илмини, мол-дунёсини қандай йўллар билан топгани ва нималарга сарф қилгани ҳақида масъул бўлишини эслатиб, бундай деганлар:
“Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди; умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида” – дейилади.
Имом Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ўз ҳикматларининг бирида бундай деб марҳамат қилганлар: “Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёмат кунига қадар қайта келмайман”, деб жар солади”.
Динимизнинг таълимотларида ҳам вақтнинг қадр-қиймати юқори бўлгани учун ҳам субҳ вақтида уйғонишга чақирилади. Бу ҳақдаги одоб-ахлоқларимиз талабига кўра, кўп ухлаш хосиятли эмас. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Зеро, донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтаришган. Хабарларда келишича, “Тонгда ухлаш ризқни камайтиради”. Ғайратли, шижоатли бўлишлик лоқайдлик ва бепарволикдан узоқда бўлиш зарур. Чунки, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадисларидан қуйидагиларни биламиз: “Аллоҳ таоло Ўз бандалари орасида ғайратлисини яхши кўради”.Абдуллоҳ Ансорий ўзининг “Туҳфатул мулук” асарида ҳар бир масалани тўрт тушунча билан шарҳлайди. Жумладан, тўрт нарсани асло қайтариб бўлмаслик ҳақида бундай дейди: Айтилган сўз, отилган ўқ, ўтган умр ва қазойи қадар. Демак, азиз умр инсонга бу дунёда яна бир бор қайтиб келмас экан. Умрни ғанимат билишимиз, олтиндан қиммат бўлган вақтларимизни ўз ўрнига сарфлашимиз лозимлиги ҳақидаги мавъизамизни қуйидаги ибратли, амалий ривоят билан якунласак:
Саҳобалардан бири Искандария шаҳри фатҳи ҳақидаги хабарни ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)га етказиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб Мадинага етиб келади. У қайлула (яъни бомдод намозидан кейинги пайт) қилиш вақтида келиб қолибди ва ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам қайлула қилиб, дам олаётган бўлса керак, деб ўйлабти-да, масжид сари борибди. Қараса Ҳазрати Умар масжидда экан. Ҳазрати Умар унга қарата: “Агар кундузи дам олсам, раъият ҳаққини зое қиламан. Мабодо кечаси ухласам Аллоҳ таолонинг ҳаққини зое қиламан. Бу икки ҳақ ўртасида қандайин ухлаб дам оламан”, дебди”.
Айрим ота-оналар фарзанд тарбиясига унчалик аҳамият бермайди. Фарзандлари ким билан дўстлашган ва нима ишлар билан машғуллигидан ҳам бехабардир. Маҳаллада ҳар бир шахс ўзи яшаб турган маҳалла фарзанди учун ҳам масъулдир. Зеро, халқимизда бир ажойиб нақл бор: “Бир болага етти маҳалла ота-она”-, деган. Шу сермаъно мақолнинг замирига назар ташласак, маҳаллаларимизда яшаётган ҳар бир ўғил ёки қиз бўлсин, уларнинг юриш-туриши, таълим-тарбияси, хусусан азиз умри нималар билан ўтаётганига асло бефарқ бўлмаслигимиз зарур экан.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг тўғри йўлига бошлаб, икки дунёда аҳли имон, аҳли саодат бандалари жумласидан қилиб, юртимиз осмонини тинч ва мусаффо айлаб, неъматларини бундан-да зиёда қилсин. Омин.


Қизилтепа туман ҳамда Боязид Бастомий жоме масжид имом хатиби З.Орипов


скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш