Биз – бузғунчи иллатларга қаршимиз!

20-09-2019, 08:44 admin Мақолалар 733

Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, улар жони ва молига тажовуз этиш инсониятга қарши қаратилган энг мудҳиш жиноятлардир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришлари ва хўрланишларига сабаб бўлувчи барча тажовузкорликларни динимиз қоралаган. Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, одамлар орасини ислоҳ этишни, барчага бирдай яхшилик ва эзгулик қилишни буюрган, ҳар қандай зўравонлик ва бузғунчиликни тақиқлаган. Фитнанинг ўзи нима экани ҳақида маълумот бериб ўтайлик. Арабча “фитна” сўзи луғатда «синов, имтиҳон» маъносида келади. Арабларда маъданни ўтга солиб синаб кўриш «фитна» дейилади. Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.
Исломнинг илк даврларидаёқ Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни динда бўладиган турли фитналардан огоҳлантирган эди. Биргина Бақара сурасининг тўртта оятида мусулмонларни мушриклар ва мунофиқларнинг фитналаридан огоҳлантириш ҳақида сўз боради:
яъни: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”. (12 оят Бақара сураси)
Аллоҳ таоло мўминларни огоҳлантиряптики, айнан мунофиқлар бузғунчи ва фитначи эканини яхши билиб олинглар, лекин улар ўзларининг бузғунчиликларини сезишмайди.
Золим кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасига фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам ёмон жиноятдир. Аммо жоҳил ва урушқоқ бузғунчилар инсоният тарихи давомида жуда кўп марта Парвардигорнинг ана шу амрларига қарши борган, турли фитналар чиқариб, минг-минглаб бегуноҳ кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”. (Муслим ва бошқалар).
Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқ-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар таҳликасидан омонда қолишаётгани йўқ. Мустақилликдан сўнг турли бузғунчи фирқа ва оқимларнинг мусулмонларимиз бирлиги ва эътиқоди мусаффолигига қарши қаратилган хуружи бўлди, турли террорчилик ва бузғунчилик ҳаракатлари ҳам содир этилди.
Ҳозирги пайтда Ота – оналар ва ёшларга яна бир фитна ҳақида гапирмаслик ҳам дин ва миллатга хиёнат саналади ва огоҳлантиришга тўғри келади.
Ҳозирги ғоялар кураши даврида қўпорувчилик ва миссионерлик ҳаракатлари ниҳоятда кучайди, улар ўз таълимотларини муросасизлик ва зўравонлик билан тарғиб қилишмоқда, бу йўлда ҳар бир имкониятдан фойдаланишмоқда, ҳеч нарсадан тап тортмай фаолиятларини кучайтиришмоқда. Мақсад, мусулмонлар орасига фитна солиш, уларни пароканда қилиш, мамлакатлар ва халқларни бўлиб ташлаб, бир-бирига гиж-гижлашдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Дунёдаги мустамлакачи кучларнинг маънавий бўшлиқдан фойдаланиб юртимиз ёшлари онгига маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган ва энг хатарли иллатларни ўз ичига олган “оммавий маданият”ни сингдиришга катта фитналарга сабаб бўлмоқда. Ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, бир жинслар никоҳи, зино, гиёҳвандлик, бузуқлик, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, оилани тан олмаслик, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни ёйишни асосий мақсад қилиб олган бу “маданият” жамиятдаги маънавий ҳаётни издан чиқаради, ёшлар ахлоқига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Бундан бир аср муқаддам атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдурауф Фитрат: “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган эди. Бундай фитналардан барчамиз ниҳоятда огоҳ бўлишимиз лозим. Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, бир ҳовуч зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Мусулмонлар бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлидан қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.
Энг аввало юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни қадрига етиб унинг шукронасини қилиб, тинчлик ўз-ўзида осонликча бўлмаслигини унитмаслигимиз ва буни авлодларимизга етказишимиз даркор.
Зеро, муҳтарам Президентимиз ўз сўзларида уч муҳим жиҳатни алоҳида таъкидладилар:
1. Хотира - тарихига назар. Ўтган аждодларнинг яхши ибратли ҳаёти, эзгу амалларини ёд этиш, қадрига етиш, аждодларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш жуда муҳимдир.
2. Инсон омилини эъзозлаш. Фаровонликка интилишдан, ҳуқуқий-демократик жамият қуриш йўлидаги ислоҳатлардан кўзланган асосий мақсад инсон манфаатларини юксак даражада таъминлашдир.
3. Келажакка интилиш самарали бўлиши тараққиёт йўлидан олға силжиш учун энг аввало нима керак? Жамиятда тинчлик-хотиржамлик бўлиши зарур. Шу маънода ҳам ҳозирги нурли кунларга эришувимиз учун курашган, фидокорона меҳнат қилган ота-боболаримизнинг қадри, ҳурматини жойига қўйишимиз муҳим тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Барчаларимиз ушбу ҳикматона, пур мазмунли фикрлардан ибрат олиб ва уларни ҳаётимизга татбиқ этсак, иншаоллоҳ буюк ватанимиз бунданда обод ва ҳалқимиз янада фаровон ҳаёт кечиради.
Аллоҳ таоло барчаларимизни охирзамон фитналаридан ва ҳар хил бузғунчи иллатлардан паноҳида асрасин, юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айласин, имон ва ихлос биродарлиги барчаларимизга доимий неъмат бўлишини насиб этсин!


Қизилтепа туман ҳамда “Боязид Бастомий” жоме масжид имом хатиби Завқиддин Орипов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш