Террор балоси

26-06-2018, 08:07 admin Мақолалар 1 401


Бугун биз террористик ҳаракатлар ва унинг луғавий маъноси ҳақида гапириб ўтирмаймиз. Чунки, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали кўплаб маълумотлар берилган ва берилиб келмоқда.
Террорчилик кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган нарса эмас. Инсоният ўз тарихида террорчилар томонидан ўйлаб чиқарилган, на диний, на ҳаётий ҳақиқатга мос келмайдиган “ғоялар” йўлида олиб борилган ва юз минглаб мутлақо бегуноҳ одамлар ҳаётига зомин бўлган жуда кўп фожиали воқеа-ҳодисаларни кўрди. “Аламут” қотиллари, кўплаб хунрезликлар уюштирган инквизация, узоқ йиллар давом этган ва сон саноқсиз бегуноҳларнинг ёстиғини қуритган Салиб юришлари, турли “инқилоблар”, фашистик ташкилотлар шулар жумласидандир. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда “террор” сўзига асл ғояси дунёда тинчлик ўрнатиш, қон тўкмаслик, зўравонлик қилмаслик, бахтли ҳаёт кечириш бўлган Ислом динини қўшиб ишлатишга мажбур бўлмоқдамиз. Айниқса, ўзини мусулмон санасада, ақидасининг бузуқлиги боис, инсониятга нафрати ва ваҳшийлиги туфайли бузғунчилик қилишдан тап тортмайдиганларнинг жинояти икки ҳисса оғирроқдир. Дунё зўравонлари бу ҳодисани дин, айниқса, Ислом билан боғлашга қанчалик уринишмасин, террорчилик ва дин бир-бирига мутлақо зид тушунчалар эканлиги Аллоҳ таолонинг инояти билан ўз исботини топиб бормоқда.
Бугун бутун дунё эътиборини жалб этган ҳаракатлар, сўнгги пайтларда мусулмонлар ҳақида ёмон тасаввур уйғонишига энг катта сабаблардан бири бўлган, Ислом номи билан мусулмон аҳлига умуман алоқаси бўлмаган, муқаддас динимизда ҳаром қилинган ишларни ўзига ҳалол қилиб олган “Ироқ ва Шом Ислом давлати” (ИШИД) деб аталган террорчи ташкилотнинг ташкил этилиши дунё мусулмон олами учун катта фитналардан бири бўлди.
Жаҳоннинг турли бурчакларидан, турли миллатга мансуб бўлган, бир-бирларини умуман танимайдиган одамлар бир жойда қандай йиғилиб қолишди? Уларнинг дин йўлидаги “Муқаддас уруш” ғояси атрофида бирлаштираётганлар аслида ким?
“Халифалик давлати” номи остида бошқарилаётган бу куч ўзини гўёки, “Ислом тартиб-қоидаларини тўлиқ амалга ошириш” ниқоби остида тутиб, аслида эса муқаддас динимизга зид ишларни қилишди. Уларнинг таълимотларига қарши чиққан одамлар аёвсиз жазоланди, шафқатсиз равишда ўлдирилди.
Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда: “Ҳар фирқа ўз ҳузуридаги нарса ила хурсанддирлар” (Мўъминун, 53-оят), дейди. Мазкур гуруҳнинг ишлари аслида бошдан-оёқ жиноят, қотиллик ва фитна, қолаверса Ер юзидаги энг катта фисқу-фасодлардан бўлсада, лекин ўзларининг наздида бу жиноятлари яхшилик, эзгўлик ва диннинг талаби сифатида хаспўшланаяпти. “Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар борки, уларга Аллоҳнинг лаънати бўлур ва уларга энг ёмон диёр – жаҳаннам бор”, дейди Аллоҳ таъоло Қуръони Каримнинг Раъд сураси 25-оятида. Ислом дини асосида раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, биродарлик, нафсга қарши кураш, ўзаро ҳурмат, тинчлик-осойишталик каби эзгу хислатлар ётади.
Террорчилик, шу жумладан ИШИД - аслида динга ҳеч қандай алоқаси йўқ тўдаларнинг, мутассиблар ва худобехабар муртадларнинг ишидир. Ақидаси мустаҳкам, чин мусулмонлар ҳеч қачон террорчиликка қўл уришмаган ва уришмайдилар ҳам. Зеро, Аллоҳ таъоло айтади: “Ким бирор жонни ўлдирмаган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак барча одамларни ўлдирибди” (Моида, 32); “Мўъминлар Аллоҳдан ўзга бирон илоҳга илтижо қилмайдилар ва бирон жонни ноҳақ ўлдирмайдилар” (Нисо, 29).
Бугун инсоният глобал қарама-қаршиликлар ва бир ҳовуч “кучли давлатлар”нинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган гиёсиёсий ўйинлари авжига чиққан, бу йўлда зулм ва истибдоднинг ҳар қандай шаклларидан фойдаланиш айб саналмайдиган таҳликали замонда яшаяпти. Инсонлар бундай шароитда хушёрликни ҳар қачонгидан оширишлари, дўст киму душман ким, ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига алданиб, бир қўғирчоқ каби диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланиб қолишдан ўзларини ҳимоялашлари керак. Чунки ҳар бир террорчилик ҳаракати ортида ғаразли мақсадлар ва ундан манфаатдор кучлар тургани бугун айниқса очиқ-ойдин бўлиб қолди.
Аллоҳ таоло барчамизни терроризм, экстремизм балолари ва унинг ёмонликларидан паноҳида асрасин, жонажон ватанимиз равнақи бунданда зиёда бўлсин, қалбларимизни ҳидоятда собит қилсин.

“Шайх Гадой Селкин” жоме масжиди имом хатиби Ҳакимов Бектош.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш