"БИЗ ҚАРШИМИЗ!"

4-09-2019, 13:16 admin Мақолалар 926

Бизнинг муқаддас Ислом динимиз илм -маърифат,тинчлик - тотувлик, меҳр - оқибат ва эзгуликка тарғиб қилувчи диндир. Қуръони Каримнинг “Зориёт сураси” 15 – 16 - оятларида шундай дейилган: "Албатта, тақводорлар (жаннатдаги)боғларда ва булоқлар узра бўлурлар. Парвардигорлари уларга ато этган нарсаларни (мукофотларни) олган ҳолларида (бўлурлар), Зеро, улар бундан илгари (дунёда) эзгу ишларни қилувчи эдилар." Демак, Аллоҳ таоло бандаларини бу ҳаёти дунёда эзгу амаллар, яхшиликлар қилишга буюриб, унга амал қилганларга ўзининг жаннатини ваъда қилмоқда. Аллоҳ таоло инсонларга шукр қилишлари учун бир қанча неъматлар берди. Тинчлик инсониятга берилган неъматлар ичида иймондан кейинги энг буюк неъматдир. Ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Аллоҳдан авф ва тинчлик - омонликни сўрангиз, бирор кишига иймондан кейин авф қилиш ва тинчликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ". Яна бир ҳадиси шарифда "Кимки тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассамдир" - дедилар. Ислом манбаълари орқали тинчлик - бу инсониятга берилган энг азиз неъмат экани таъкидланмоқда. Шундай экан, Аллоҳ берган бу неъматга раҳна солиш энг катта гуноҳдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчликпарвар сиёсат олиб борганлар. Ислом тарихидан маълумки, "Ҳудайбия сулҳи" деб ном олган тинчлик битимида пайғамбаримизнинг нақадар тинчлик тарафдори бўлганликлари намоён бўлгади. Бу сулҳ мусулмонлар учун ноқулай шарт шароитларда тузилган эди. Бу сулҳга саҳобалар кескин қарши чиққан бўлсаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчликка эришиш ва қон тўкилишини олдини олиб, ўзларининг зиёнларига бўлса ҳам, дарҳол ҳужжатга имзо чекадилар. Қуръони Каримнинг “Анфол сураси” 61-оятида: “Агар улар сулҳга мойил бўлсалар,сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг !”, деб таъкидланади. Ислом тарихидан бизга яна шу нарса маълумки, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Арабистон тарихида мисли кўрилмаган кучга эга бўлсаларда Маккани қон тўкмасдан, тинч йўл билан эгаллаш йўлини тутганлар. Макка мушриклари неча йиллар мусулмонларга душманлик қилиб қонини тўкиб келганлар. Шундай бўлса-да Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто душманга ҳам кечиримли бўлиш кераклигини тарғиб қилганлар. Набий алайҳиссалом саҳобаларга доимо кўп такрорлаб шундай деганлар: "Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлур". (Имом Термизий ривояти.)
Муҳаммад алайҳиссалом яна бир ҳадисларида: "Мусулмон шундай кишики, унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар озор чекмайдилар!", дейилади. Шундай экан, Ислом дини тинчлик ва меҳр - муҳаббат динидир. Бугунги кунда айрим фирқа ва оқимларнинг ўзларининг бузғунчи амалларини, сиёсатларини олиб бориб, ўзларини мусулмонман дейишлари исломнинг асл моҳиятига зиддир. Бу амалларни Ислом номи билан боғлаш муқаддас ислом динига нисбатан буюк туҳматдир. Ислом дини илм - маърифат ва бағрикенглик динидир. Имом Бухорий ҳазратлари: “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, деган эканлар. Қуръони Каримда: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси 11 оят) дейилган. Яна бир муборак ҳадисда “Кимки динни илмсиз ўрганса, ўзи ҳам адашади, бировларни ҳам адаштиради”, дейилади.Сулаймон алайҳисалломга Аллоҳ Таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳликни ҳам қўшиб беради. Имом Термизий ривоят қилган бир ҳадисда пайғамбаримиз шундай деган эканлар: “Ким илм истаб бир йўлдан юрса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бирига йўллаб қўяди. Фаришталар илм толиби учун қанотларини пасайтирадилар. Албатта, олим ҳақига осмонлар-у ердагилар, ҳаттоки, сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар...” Ислом дини тинчлик илм маърифат ва багрикенглик динидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай дейди: “...бирор қавм (кишиларни) ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!” (Моида сураси 8 оят). Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Кимки аҳли зиммага бирор захмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”. Дарҳақиқат, Ислом илк даврларданоқ ўзидан олдинги динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади. Ислом таълимотига кўра барча пайгамбарлар биродардирлар, улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқотга, динга мажбурлаш мумкин эмас. Имом Бухорийдан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: “Набий алайҳиссалом олдидан бир жаноза олиб ўтилди шунда ўринларидан турдилар. Одамлар: “Ё Расулуллоҳ, бу яҳудийнинг жанозаси”, дейишди. У киши: “У инсон эмасми?” дедилар. Ислом дини ҳамиша инсон қадр - қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларинг ҳаёти, шаъни,ор - номусини юксак қадрлаган. Аллоҳ таоло инсонни жамики яратган махлуқлари ичида қадрини баланд ва азиз қилиб яратган. Бу ҳаёти йўлидан дунёда адашган, шайтони лаин йўлдан урган шундай бандалар ҳам борки, уларнинг иши бузғунчилик, қон тўкишдир.
Инсонларни бошига кўп кулфатларни, бало - офатларни, аянчли айрилиқларни солган ёҳуд бунга сабабчи бўлган инсоният томонидан амалга оширилаётган энг ёмон разилликлардан бири бу экстримизм ва терроризмдир. Пайғамбаримиздан қолган ҳадиси шарифларни, бизнинг бебаҳо ва муқаддас китобимиз - Қуръони Карим оятларини бузиб талқин қилган, тинчлик - софлик, меҳр - муҳаббат дини бўлган Ислом динини ниқоб қилган, ўзларининг қонхўрликларини, хунрезликларини мана шу “Ислом дини”, деб кўрсатган, адашган ва адаштирадиган Аллоҳ таолонинг лаънатига учраган кимсаларнинг разилликлари, инсониятнинг мана шу ҳаёти энг ачинарли, энг афсусланарли ишларининг тимсоли - бу экстримизм ва терроризмдир. Марказий Осиё минтақасида “Ҳизбут-таҳрир ал – исломий”, ”Туркистон ислом ҳаракати”, ”Акромийлар”, “Нурчилар” каби гуруҳларнинг фаолияти кузатилган. Марказий Осиё минтақаси асрлар давомида мусулмон маданияти ривожига катта ҳисса қўшган. Шунинг учун ҳам радикал оқимлар шу ҳудудларда ўз ғояларини сингдиришга ҳаракат қилганлар. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ҳам экстримистик ва террористик ҳаракатлар ўзларининг мудҳиш фаолиятларини давом эттирмоқдалар. ХХИ асрда қабоҳат ўчоғига айланган экстримизм ва терроризмга қарши юртимизда бир қанча самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2018 йил 30 июль куни “Экстримизмга қарши кураш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг 489 сонли қарори” қабул қилинди. Қарорнинг асосий мақсади, юртимизда тунчлик ва барқарорликни таъминлаш, ёшларни экстримистик оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашдан иборатдир.
Кейинги вақтларда экстримистик оқимлар сўзининг олдидан дин сўзи олиб ташланди,чунки ҳеч қайси бир дин экстримизм билан боғлиқ бўла олмайди. Экстримистик оқим аъзоларининг “биз мусулмонлармиз, ислом диниданмиз”, деб жар солишлари ҳеч қанақа ҳақиқатга тўғри келмайди. Ислом дини ривожи учун юртимизда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Самарқандда “Имом Бухорий номидаги олий ҳадис мактаби”нинг очилиши, Бухорода “Мир Араб олий ўқув юрти”нинг очилиши, ислом свилизацияси марказининг қурилиши, юртимизда “Қуръон мусобақалари”нинг ўтказилиши шундай савобли ишлар жумласидандир. Президентимиз муҳтарам Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ҳар бир вилоятдан турли соҳа вакилларидан 18 тадан киши танлаб олиниб, тарғиботчи гуруҳлари тузилиб, 2 ҳафта давомида Ислом Академиясида Ислом дини асослари, маънавият ва маърифат дарслари ташкил қилинди. Бундан асосий мақсаб ҳақиқий соф Ислом дини асосларини халқимиз орасида тарғиб қилиш, ёшларни мутаассиб шахслар таъсиридан асраш, халқимиз онгига сингиб кетган 70 йиллик мустабид тузумнинг бидъат - хурофотларидан қайтариш, халқимизни маънавиятини ва маърифатини оширишдан иборатдир. Ҳаётимизда рўй бераётган ҳар бир нарсага эътиборли бўлиш, фарзандларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга ҳақиқий соф ислом динининг арконларини ўргатиш, жонажон ватанимизни тинчлигини сақлаш учун чин юракдан ҳаракат қилиш ҳар биримизнинг Аллоҳ таоло олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Навбаҳор тумани отинойиси Дилобар Холматова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш