Тинчлик билмас ғаламислар

5-01-2017, 23:22 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 1 655

Тинчлик осойишталик неъматларнинг энг улуғларидан бўлиб, ер юзида ҳаётни сақлаш ва уни давом эттиришдек инсоният зиммасидаги масъулиятли, муҳим вазифани адо этилиши учун у асосий шартдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва шиорига айлантирган. Муқаддас Қуръони каримнинг бош мавзуларидан бири ана шу тинчлик, осойишталикдир. Ҳамма даврда ҳам жамиятнинг ривожланиши, тараққий топиши халқнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечириши ана шу тинчликка боғлиқдир. Ҳақ буюрган ишларни мукаммал ва хотиржам адо этишимиз, ҳаётда кўзланган мақсад ва орзу-ҳавасларимизни амалга ошириш йўлида саъй ҳаракат қила олишимиз ҳам ана шу улкан илоҳий неъмат туфайли юзага чиқиши мумкин. Инсон оиласи тинч бўлса фарзандларининг таълим тарбияси билан хотиржам шуғулланиш, уларни келажак ҳаётга тайёрлаш иши билан машғул бўла олади. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларининг бирида тинчлик хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:
عن ابن عباس رضي الله عنهما قال : قال النبي صلى الله عليه و سلم نعمتان مغبون فيهما كثير من الناس الصحة والفراغ رواه البخاري
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар.“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар ундан маҳрумдирлар, у – хотиржамлик ва сиҳат - саломатликдир”. Демак, биз инсонлар нафақат мавжуд тинчликни сақлаб уни қадрига етиб, шукрини адо этишимиз, балки, унга ношукурлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишимиз лозим экан. Албатта мусулмонлар ҳар кунги беш вақт намоз чоғида Аллоҳ таолодан мадад, раҳм ва шавқат, тинчлик хотиржамлик сўраб дуода бўладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ
“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”
Бундан маълум бўладики, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш, ер юзида тинчлик барқарор бўлишига бош омилдир. Афсуски, Аллоҳ таолони улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки дунёни турли бурчакларида хунрезликлар содир бўлмоқда. Президентимиз И.А.Каримов Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қилган маърузасида дунё халқлари учун хавф солаётган таҳдидлар қаторида диний экстремизм, халқаро терроризм ва радикализмнинг олдини олиш, уларга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб: “... Биз халқаро терроризмни ота-боболаримиздан қолган муқаддас динимиз – Ислом дини билан боғлашдек хавфли ният ва уринишларни кескин қоралаймиз. Бундай оқибатини ўйламаган ва иғвогарона ҳатти-ҳаракатлар биринчи галда “Ал-Қоида” ва “Ҳизбут-таҳрир” каби энг ашаддий экстремистик харакат ва ташкилотларга қўл келади” – деб таъкидлаган эди.
Дунё бўйлаб амалга оширилаётган террористик ҳаракатларнинг аксари ислом дини ниқоби остида содир бўлмоқда. Энг ачинарлиси, диний экстремистик гуруҳлар ўз сафларига ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшларни жалб этмоқдалар. Бу қабиҳ ниятли кимсалар Ислом динидан ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга уринмоқдалар. Ўзбекистон халқи террорчилик қандай офат эканлигини яхши билади. Бу ғаламисларнинг асосий мақсадлари, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни, бунёдкорлик муҳитини, фаровон ва осуда ҳаётимизни бузиш, мавжуд конституцион тузумни зўровонлик билан ағдариш, танлаган йўлимиздан қайтаришдир. Бундай бузғунчиликка қўл урганларни жазоси бу дунёда лаънат, охиратда эса жаҳаннам эканлиги Қуръони каримда баён қилинган
وَالَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ لَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ
“Аллоҳ билан аҳд боғлаганлардан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир”.
Ер юзида фисқу фасод қилиш инсонлар ўртасига низо солиб, фитна чиқариш оғир гуноҳ эканлиги барчамизга маълум. “Чумолини ҳам уйи бузилмасин” дейдиган халқимиз бундай қабиҳ ниятли кимсалардан нафратини яширмайди, албатта. Осойишта ҳаётнинг қадрига етмайдиган бировнинг тинчлигини кўраолмайдиган нобакор кимсаларнинг турли хил хунрезлиги оқибатида минглаб бегунох кишилар дунёдан бевақт кўз юмдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا
“Мўмин ва мусулмонларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар”
Ёвуз кучларнинг ҳатти ҳаракатлари яна шу билан қораланадики, улар пана пасқамда писиб ётиб, воқеалар оқимини ўз манфаатлари йўлига буриб юбориш учун пайт пойлаб турадилар ва сира таб тортмай номардларча нопок йўлни танлаб, босқинчилик билан бегуноҳ одамларга қарата ҳужум уюштирадилар. Ачинарли томони шундаки, улар динни ниқоб қилиб олган, унинг мохиятини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин қилаётган жиноятчи, қаллоб, адоват ва низо уруғини сочаётган кимсаларнинг қўлида қурол ва ўйинчоқ бўлиб қолаётганларини ўзлари билмайдилар. Аллоҳнинг ғазабига учраб мусулмончиликни ниқоб қилиб олган, бундай ёвуз кимсаларнинг қилмишларини қоралаб, муҳтарам Юртбошимиз шундай дейдилар: “Муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган, ўзини мўмин-мусулмон ва фақат диний эътиқод эркинлигини ҳимоячиси қилиб кўрсатадиган, аслида эса охиратни ҳам ўйламайдиган қабиҳ кимсаларнинг асл башараси қандай эканига яна бир бор амин бўлдик”. Аллоҳ юртимизни турли балолардан ўз паноҳида асрасин.

Мубинов Жамолиддин
Нурото туман “Янгитурмуш” жоме масжиди имом-хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш