ШУКРОНАЛИК ҲАМ АЛЛОҲНИНГ БАРАКАСИДАНДИР

15-12-2018, 09:43 admin Мақолалар 3 134

“Агар шукр қилсангиз, У сизлардан рози бўлур” (Зумар сураси 7 оят)
“Шукр” арабча сўз бўлиб, луғатда “миннатдорлик, розилик” деган маъноларда келади. Истилоҳда эса яхшилик қилувчининг яхшилигини мамнунлик билан эътироф этишни “шукр” дейилади. Шукр уч хил бўлади. Биринчи қалб шукри, иккинчи тил шукри, учинчи амалий шукр.
Ҳар бир инсон ато этилган барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканини билиб, унга иқрор бўлиши қалб шукридир. Ҳамиша Аллоҳ таолодан миннатдор бўлиш, унга ҳамду-сано айтиш тил шукридир. Тоат – ибодатда давомли бўлиш, эзгу амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш амалий шукр бўлади. Мустақиллигимизнинг бардавомлиги, жонажон ватанимиз тинчлиги, бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – неъматнинг амалий шукронасининг ҳар бир инсон учун хос бўлган оддий бир намунаси ҳисобланади. Қачонки, биз ушбу уч шукроналикни ўзимизда жам қила олсаккина шукримиз мукаммал бўлган бўлади, иншааллоҳ. Аслида эса Аллоҳ таолонинг бизни яратгани учун, яратганда ҳам азиз ва мукаррам қилиб, бошқа жонивор, жонзот қилиб эмас айнан инсон қилиб яратгани учун шукроналик келтирмоғимиз керак. Тағин шукроналик сўраганимизда ижобат бўлган дуоларимиз учун ҳам, сўраганимизда ижобати кечиккан, ёки умуман амалга ошмаган дуоларимиз учун ҳам ва ҳатто биз сўрамасакда бизга кўриш, эшитиш, сўзлаш неъматларини бергани учун ҳам келтирмоғимиз даркор бўлади. Тинчлик ҳам энг олий, қимматли неъмат эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, унинг ҳам шукроналиги мукаммал адо этиладиган бўйнимиздаги фарз бўлади. Ватанимиз анчайин йўқотишлар ҳамда машаққатлардан сўнг мустақилликка эришгандан кейин мамлакатимизда халқимизнинг азалий муқаддас дини ислом равнақи йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Барча миллий ва диний қадриятлар тикланди.
Буюк бўлган Зот биз бандаларини Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган экан, У ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришимизга буюради. Аллоҳ таоло ушбу дунёда барча қулларини озод, ҳур яратди, шунга кўра ҳам мустақилликнинг шукри бу адо этишимиз лозим бўлган энг асосий бурчларимиздан бири ҳисобланади, зеро озод бўлмаган мамлакатда, тинч бўлмаган мамлакатда қалбдан ҳам, руҳдан ҳам ҳотиржамлик йўқолиб, Аллоҳ фарз қилган ибодатларга ҳам путур етади. “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. (Муттафақун алайҳ)
Бизларга берилган улуғ неъматлардан яна бири юртимиз тинч ва осойишталигидир. Мустақилликдек улуғ неъмат туфайли халқимиз масжидларини тўлдириб, эмин-эркин ибодатларини адо этишмоқда. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”. (Бухорий ривояти).
Бундан кўринадики, инсон ҳар доим берилган неъматлар шукрини адо қилишга интилиши керак экан. Тани соғ бўлиши, оиласи тинч бўлиши, бошпанаси бўлиши, ўша уйида бир кунлик егулиги бўлиши бир неъмат бўлса, тонгга етиш ҳам бир неъмат ҳисобланар экан, чунки биламизки, эртанги кун учун ўнлаб режаларни тузиб, уйқига ётиб уйғонмаган, уйғона олмаётганлар қанча. Ҳадисдан ўрганганларимизга қарайдиган бўлсак, аввало ҳар биримиз учун тонг отиши, яъни яшаш энг олий неъмати экан.Роббимизнинг неъматларини катта-кичик демасдан, уларнинг шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, иншааллоҳ. Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат қилиниб, жумладан:
“...Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур...” – дейилган. Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукронлик келтириши, ҳар қандай мусулмон киши ҳам ана шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир. Саид ибн Жубайр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир”, деганлар. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Роббисига шукр қилмоғи, қиёмат кунини фикр қилмоғи, ҳар бир қадамини ўйлаб, сўзларини эса фикрлаб, гапирмоғи муҳимдир.
Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” – деганлар.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” – деб ваъда берган.
Муқаддас Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: "Эй иймон келтирган бандалар, берган неъматларимга шукр қилсаларингиз, зиёда қиламан, бордию ношукр бўлсаларингиз уни сизлар учун танг қиламан ва азобим ҳам қаттиқроқдир" деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато қилди. Шу билан бирга берган неъматларига шукр айтишга ҳам буюриб, муборак каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилиш ваъда қилди:
Неъматларга шукр қилинмаса, у албатта заволга учрайди, йўқолади. Улуғ мутасаввифлардан Фузайл ибн Иёз: “Сизлар неъматлар учун доимо шукр айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкул”, деган.
Аллоҳ таоло бандаларини шукр қилишга амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва неъматларининг янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан бирини шукр орқали ифода қилган.
“Ниҳоя” китобида бундай нақл қилинади: “Бирор бандага биров яхшилик қилса-ю, унга ташаккур айтмаса, Аллоҳ таоло ўша банданинг Ўз неъматларига қилган шукронасини қабул қилмайди”.

Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: “Неъматга шукр қилиш унинг заволидан омонда сақлайди”, деганлар.
Шунинг учун ҳам, Аллоҳ розилигини тилаб, ўзимизда борига қаноатни ҳосил қилиб, унинг шукрини адо этсак, иншааллоҳ, Ўзининг ваъдасидек, Ўзининг фазлига муносиб ажр оламиз.
Исм ва сифатларнинг энг гўзалига эга бўлган Зот бизларга ҳам Уни рози қила оладиган шукр қилгувчи қалб ва қаноат қилгувчи нафс берсин. Амин Алҳамдулиллаҳир Я Роббил Аъламийн.
Кармана туман "Қосим Шайх" масжиди имом ноиби И.Хамраев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш