Тинчлик жамики инсониятнинг орзу-истагидир. У бор жойда хотиржамлик ва осуда ҳаёт бўлади. Ислом дини фақат инсонлар учунгина эмас, балки бутун оламларга омонлик ва тинчлик динидир. Зеро, Аллоҳнинг исмларидан бири “ас-Салом”, тинчлик, хотиржамлик ато этувчи маъносини англатади. Бутун дунё мусулмонлари ҳам бир-бири билан саломлашганларида “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу”- “Сизга тинчлик. Эсон-омонлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракотини тилайман” дейдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қиладики: “Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашманг! Албатта, у (шайтон) сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят)
Ҳақиқатда тинчлик мавзуси, уни ҳар жиҳатдан асраб-авайлаш масаласи ғоят аҳамиятлидир. Ҳозирги кунда тинчлигимизга раҳна солаётган терроризм, экстремизм ва зўровонлик каби жиноятлар бутун инсоният бошига жиддий ташвиш, алам ва қайғу солиб, бу неъматнинг қадри ва аҳамятини тобора оширмоқда. Эътибор берсак, тинчлик, осойишталикка путур етган жойларда таълим, маданият, соғлиқни сақлаш каби халқ ҳаётининг муҳим тармоқлари таназзулга юз тутганининг гувоҳи бўламиз. Фарзандлар етим, аёллар бева қолаётгани, қариялар боқувчисини йўқотаётгани ҳақида эшитамиз.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Кимки оиласи тинч жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”. Зеро, хавфсираган киши хотиржам ухлолмайди. Доим қалби безовта бўлади. Ўз моли, жони, оиласи, касбидан ҳам хавфсираб юради. Шунинг учун осуда бошланган ҳар-бир кунимизга Яратганга чексиз шукроналар айтишимиз лозим бўлади.
Бугун неъматлар қадрини англаб етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран назар ташлаб, тафаккур қилишимиз кифоя. Айрим давлатларда кечаётган сиёсий жараёнлар, турли бузғунчи оқимларнинг ўз мақсадлари йулидаги қонли урушлари, хунрезликлари оқибатида қанчадан-қанча тинч аҳоли азият чекмоқда. Шундай экан, юртимизда яшаётган ҳар-бир фуқаро юртимиз тинчлиги, халқимиз бирдамлиги ва соғлом муҳитни қарор топтириш учун халқимиз орасида аввало, мамлакат тақдирига даҳлдорлик ҳиссини кучайтириб, турли нопок, бузғунчи оқимларнинг найрангларидан ҳамиша огоҳ бўлиб яшамоғимиз зарур.
Яратгандан ватанимизни янада обод бўлишини, халқимизни тинч-омонликда сақлаб, барчамизни Ўзининг розилигини топадиган бандаларидан қилсин.
Хатирчи туман “Бадр-Ота” жомеъ масжиди имом хатиби: Давидов Машраб