Жон- яратганнинг энг буюк омонати

12-04-2019, 09:33 admin Мақолалар 879

Халқ орасида юрар эканмиз, кўпинча ёши улуғ , нуроний юз-у кўзидан нур ёғилиб турган мўмин ва мўминаларимизнинг “Оллоҳим ўзи берган омонатини осонгина олсин-да” дея пичирлаб дуо қилишларини ,ёхуд бирор киши вафот этганда “ фалончи омонатини топширибди” деган гаплар қулоғимизга тез-тез чалиниб туради. Демак, орамизда жонни Оллоҳнинг омонати эканлигини шуури билан ҳис қиладиган, бизга қарзга берилган ушбу буюк неъматни то Ўзи олгунга қадар эзгу амаллар билан банд бўладиган пайғамбаримизнинг солиҳ ва солиҳа умматлари борлиги бизни қувонтиради. Аммо орамизда шундай инсонлар ҳам борки ,улар барча илоҳий неъматларга шукр қилмасдан, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик, муваффақиятсизлик, мусибатларга сабр қилмасдан, Аллоҳ таолонинг марҳаматидан баҳраманд бўлмасдан, умидсизликка берилиб, ана шу омонатга хиёнат қилишади. Муқаддас манбаларда ўз жонига ва бегуноҳ кишилар жонига қасд қилиш ҳақида шундай дейилади:
“Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ ) ўлдирмангиз!..” (Нисо, 29)
Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби ) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир”(Моида, 32)
Имом Бухорий ҳадисларида қуйидагича келтирилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам) бундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: Бандам ўзини ўзи ўлдириб , Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда эса ўзини ўлдирган кишининг жазоси янада аниқроқ ифодаланган: “Ким ўзини бир темир парчаси билан ўлдирса, қиёмат кунида жаҳаннам ўтида темир парчаси қўлида, абадий равишда у билан ўзини ўлдириб азобланиб ётади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, жаҳаннам ўтида заҳарланиб азобланади.Ким ўзини тоғдан ташлаб юборса, доимий равишда жаҳаннам ўтида ўзини тоғдан ташлаб ўлдириб , азобланади” ( Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилиб, пайғамбаримизнинг ушбу ҳадиси шарифларини келтирадилар: “Ким ўзини ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади ”.
Ислом шариатида ўзини-ўзи ўлдирувчиларга жаноза ўқимаслик тўғрисида махсус фатволар берилган. Саййид Собиқнинг “Фиқҳус сунна” номли китобларида шундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи васаллам ) бу мудҳиш феълдан зажр қилмоқ, яъни умматларини қатъиян қайтармоқ учун ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга жаноза ўқимадилар”.
Жаннатмакон Ўзбекистонимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон борки, шундай тинч ва фаровон замонда , биз-мусулмонлар учун барча шароитлар муҳайё қилинган одил , эркин фуқаролик жамиятида яшаётгани учун Аллоҳга шукрона келтириши лозим. Ҳаётнинг ҳар қандай қийинчиликларига сабр-бардош қилиши, ҳар бир хатти-ҳаракатида ақл ва идрокига таяниши зарур.
Келинглар азизлар, Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаёт неъматини чиройли солиҳ амаллар қилишга, савобли ишларни бажариш билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал қилишга ,шайтон васвасаларига учмасликка ҳаракат қилиб,Аллоҳ раҳматидан доим умидвор бўлиб яшайлик.Омонатини қачон ва қай тариқа олиши бу Аллоҳ таолонинг иродаси .

Учқудуқ туман бош отинойиси О.Тўрақулова

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш