Ўз жонига қасд қилиш – ношукрликдир

16-05-2017, 16:44 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 2 045

Ўз жонига қасд қилиш – ношукрликдир Инсоният ўзига берилган барча неъматларга доимо шукр килиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай синовлар, қийинчиликлар, муваффақиятсизликлар, мусибатларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Турли шайтоний васвасалар, тушкунликлар ва умидсизликларга берилмай, Инсон деган шарафли номга мувофиқ иш тутиши керак.
Шунга қарамай, кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар билиб-билмай, айниқса хотин-қизлар ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳга қўл уриб қўйишмоқда.
Динимиз таълимотларида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади. Ушбу ишни амалга оширган осий банда жаҳаннам ўти билан азобланиши таъкидланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «… ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (барча ишларни) чиройли амалга оширингиз. Албатта Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради.» (Бақара сураси, 195 оят)
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: «Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз яна: «Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар билан ҳукми баробардир», - деб марҳамат қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу пайғамбаримизнинг қуйидаги ҳадиси шарифларини келтирадилар: «Ким ўзини-ўзи ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади». (Имом Бухорий ривояти).
Яна Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилишларича севикли пайғамбаримиз айтадилар: «Аллоҳ таоло ҳадиси Қудсийда марҳамат қилади: Бандам ўзини- ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».
Ушбу ҳадиси Қудсийнинг мазмунига кўра, ўзини-ўзи ўлдирган кимса жаннатдан абадий маҳрум бўлар экан.
Афсус билан зикр этиб ўтиш лозимки, айрим ҳудудларда турли йўллар билан ўз жонига қасд қилиш воқеалари рўй бериб турибди. Айниқса, бу ҳодиса аёллар ва ёшлар ўртасида кўпроқ рўй бераётгани янада ачинарли ҳолатдир. Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар берилган. Айрим уламо ва фуқаҳоларимиз ўзини-ўзи ўлдирганларга жаноза намози ўқимаслик тўғрисида ҳам фатволар берганлар.
Саййид Собиқнинг «Фиқҳус-сунна» номли китобида жумладан шундай дейилади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом бу мудҳиш ишдан умматларини қатъий қайтармоқ учун ўзини-ўзи ўлдирганларга жаноза ўқимадилар».
Бизга омонат қилиб берилган ҳаёт неъматини ва умримиз йилларини чиройли амаллар қилишга, савоб ишларни бажариб ўтказишга, кундалик ва ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий иймонли кимсаларнинг фазилати ҳисобланади.
Баъзи бир кимсалар ўзини портлатиш билан гўё «шаҳидлик» мартабасига сазовор бўлишларини даъво қиладилар. Аммо улар ўзларининг ғайри инсоний ҳаракатлари билан қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар қони тўкилишига, майиб-мажруҳ бўлишига сабабчи бўладилар. Динимиз таълимотида бундай ишларни амалга ошириш кескин қораланган ва бегуноҳ инсон ҳаётига қилинган тажовуз деб ҳисоблайди. Бундай қабиҳ ишни амалга оширган кимса бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азобу-уқубатда қолади, деб таъкидлайди.
Жаҳондаги нуфузли ислом муассасалари ва уламолари ўзини турли портловчи воситалар билан портлатиш орқали бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлиш шаръан ҳаром амал эканлигини таъкидлаганлар. Бу гуноҳ ишни амалга оширганлар ким бўлишидан қатъий назар парвардигорнинг азобига учрайди, деб алоҳида таъкидлаганлар.
Мазкур далиллар ва фатволарга асосланган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши «Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан ўлдиришнинг оғир гуноҳлиги ҳақида» фатво беради ва бегуноҳ инсон қони тўкилишига олиб келувчи бундай жирканч ҳаракатни қатъий қоралайди.
Қуръони каримга, пайғамбаримизнинг ҳадисларига ва мазкур далилларга суянган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиздаги барча мусулмонларга мурожаат қилиб, ўзини-ўзи ўлдириш каби ношаръий ҳолатларга карши кескин чоралар кўришга чақиради. Инсонлар шундай ҳолатларга дуч келган тақдирда уни бартараф этишнинг чора-тадбирларини кўриш барча имом-хатибларнинг муҳим вазифаси ва ҳам диний, ҳам инсоний бурчидир деб ҳисоблайди.
Барча имом-хатиблар қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар ўзини-ўзи ўлдириш катта гуноҳ эканлигини мусулмонларга оят ва ҳадислар билан исботлаб тушунтиришлари лозим. Бундай ношаръий ишлар Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳаёт неъматига ношукурлик эканини батафсил англатиб бормоқликлари лозим.
Шу билан бирга имом хатиблардан ўзини-ўзи ўлдирганларга жаноза намози ўқишдан бош тортишлари талаб этилади. Бундан ташқари, уларнинг шундай ўлимга боғлиқ марака ва худойиларига бормасликлари ҳамда ўз жонига қасд қилиб ўлганларнинг руҳларига Қуръони карим оятларидан тиловат килмаслик шаръан жоиздир. Имом хатиблар шу йўл билан ўзини-ўзи ўлдирган шахсларнинг гуноҳлари қанчалик оғир эканлигини халққа ошкор қилган ва мусулмонларни бу мудҳиш феълдан қайтарган бўлишади, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига ато этган неъматларига шукр қилишни ва синов учун етган мусибатларга сабр қилишни насиб айласин!

Хатирчи туман “Шайх Гадой Селкин”
жоме масжиди имом хатиби Ҳакимов Бектошскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш