Инсон ҳаётлигида унинг моли, жони ва шаъни бошқа кишиларга омонат ҳисобланади. Унинг мол-мулкига, жонига ва ҳаттоки шаънига тажовуз қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. У вафот этгандан сўнг ҳам уни яхши сифатлари ила эслаш, гуноҳ ва маъсиятлари бўлсада тилга олмаслик лозим бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло :
Улардан кейин келганлар: “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз албатта, сен шавқатли ва меҳрибонсан”, дерлар.
Раҳматли устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу оятнинг тафсирида бу оятда Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ип намоён бўлишини, кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъий назар, ўзидан аввал ўлиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қилишларини, ўлганларни сўкиш, уларни хорлаш мусулмонларга муносиб иш эмаслигини, ислом умматининг ўлиги-ю тириги, аввали-ю охири бир хилда эъзозга лойиқ эканлигини ёзиб ўтганлар.
Буюк муҳаддис Имом Ал-Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” асарларида Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам:
“-Эй Аллоҳнинг расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради.
“-Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан ота-она вафот этсада, уларга яхшилик қилиш мумкинлиги, бу эса уларнинг ҳақига дуо қилиш, истиғфор айтиш, биров билан аҳдлашган бўлсалар фарзандлар ҳам шу аҳдга риоя қилишлари, ота-онасининг дўстлари ва қариндош уруғларини иззат-икром қилиш орқали бўлиши маълум бўлади.
Динимизда нафақат ўз яқинлари ва қариндошлари, балки иймонда ўтган барча мусулмонлранинг ҳақига дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш мандуб амалдир. Қуръони каримда Алллоҳ таоло Иброҳим алайҳисалом қилган қуйидаги дуони келтиради:
“Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин”.
Муҳаммад ибн Сийрийндан ривоят қилинади: “Бир кеча Абу Ҳурайранинг ҳузурида эдик. У: “Эй Аллоҳим! Абу Ҳурайрани ва онамни мағфират қилгин, ҳамда икковларига истиғфор айтганларни мағфират қилгин”, деди. “Биз Абу Ҳурайранинг дуосига кириб қолайлик деб унга ва онасига мағфират сўраб турамиз”, деди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам банда вафот этганда унинг учта амалидан бошқа амаллари кесилади. Садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд”, дедилар.
Инсон вафот этсада, марҳумга фойдаси етиб турадиган савобли амаллар садақаи жория, бировга берилган манфаатли илм ва солиҳ фарзандларнинг марҳумнинг ҳақига қиладиган дуолари экан.
Юртимизда 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланади. Юрт равнақи, озодлиги ва эрки учун хизмат қилиб жон фидо қилган инсонлар ёдга олинади, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қилинади. Ҳақиқатда муқаддас заминимиз эрки учун умрини бахшида қилган дин ва давлат арбобларининг хизмати чексиз. Уларни эзгу сифатлар ила эслаш, ёшларга бу зотларнинг ибратли ҳаёт йўлини танитиш сизу бизнинг вазифамиздир. Шу диёрда яшайдиган халқнинг, мўмин мусулмонларнинг моли ва жонининг ҳимоясида жон берган, юрт сарҳадларни ҳимоя қилаётганда жон таслим қилган инсонлар бор. Уларнинг ҳақига истиғфор айтиш, қилган хизматларини қадрлаб, яқинларига ҳурмат бажо келтириш, охиратларини обод бўлишини Яратгандан сўраш ҳар бир мўминнинг амалидир.
Тоҳиржон Рўзиев
ЎМИ Навоий вилоят вакили,
Вилоят бош имом-хатиби