Жорий йилнинг 22 май куни “Вақф” фондининг навбатдаги “Саховат” тадбири Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги “Мангузар” жоме масжидида бўлиб ўтди.
Моҳи Рамазон ойи муносабати билан кўнгилларга меҳр ва шодлик улашиш мақсадида ташкил этилган ушбу хайрия тадбирида вилоят туманларидан юзта моддий ёрдамга муҳтож оилалар таклиф этилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ўз ҳақдорларига етказилди.
Бундан ташқари, Фонд томонидан вилоятда жойлашган жоме масжидларга 108 дона Қуръони карим вақф қилинди.
Тадбирда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари И.Ахмедов, Фонднинг Сурхондарё вилоят филиали раҳбари ўринбосари А.Фатуллаев, Термиз шаҳар бош имом хатиби Н.Чориев, Сурхондарё вилоят Адлия бошқармаси ходими Х.Алимов, жамоатчилик ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олган Фонд раҳбари ўринбосари И.Ахмедов юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, айниқса Рамазон ойи шукуҳини халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш, саховатли инсонларни фонд билан ҳамкорликка чақириш ҳамда хайру эҳсонларни энг муносиб ўринларга ва ҳақдорларга етказиб бериш Фонднинг асосий вазифаларидан эканлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбирдан сўнг Термиз тумани атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи 10 нафар ётоқ беморлари ва ногирон фуқароларимиз ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳам Рамазон туҳфалари улашилди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати