Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан кўплаб хайрли ишлар, саховат ва мурувват тадбирлари, имконияти чекланган фуқаролар учун бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб борилмоқда.
Айниқса шундай хайрли тадбирларнинг муборак Рамазон ойида ташкил этилиши шукуҳ бағишламоқда.
Шу кунларда Республикамизнинг барча вилоятларида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, меҳрга муҳтож юртдошларимизга рамазон ҳадялари “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан улашилмоқда.
Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоят вакиллигида ЎМИ ҳузуридаги “Вақф” фонди ва фонднинг вилоят филиали йирик хайрия тадбири ўтказилди. Хайрия тадбирида Андижон вилоятининг барча ҳудудларидан келган 100 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож фуқаролар қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбарининг биринчи ўринбосари З.Тураев, ЎМИнинг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаров иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан “Вақф” фонди томонидан амалга оширилаётган турли меҳр-мурувват ишлари, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари орасида олиб борилаётган барча хайрли ишлари тўғрисида кенг маълумотлар берилди.
Шундан сўнг Андижон вилоятининг барча ҳудудларидан келган 100 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож фуқароларга “Вақф” фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, ногиронлиги боис уйидан чиқа олмаётган бир қатор кам таъминланган юртдошларимизнинг ҳам хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг ҳолларидан хабар олинди.
Совғаларни олган барча юртдошларимиз ушбу хайрли тадбирдан кўнгиллари шод, қалблари қувончга тўлди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати