ОДАМ САВДОСИ- АСР ВАБОСИ

24-10-2018, 10:05 admin Мақолалар 1 909

Тарихдан биламизки, ислом дини ҳали юзага келмаган бир даврда, асри саодатдан олдин, одам савдоси бу оддий ҳол еди. Бунга чеклов ҳам қонун- қоида ҳам жорий қилинмаган ва қабилаларда алоҳида қул бозорлари ҳам мавжуд, одамларни эса худди буюмга ёҳуд бирор бир ҳайвонга нарх қўйгандек нархлаб, уни пуллашар эди. Қул қилиб сотилган инсонда эса ҳеч бир ҳақ-ҳуқуқ бўлмас, қул хоҳ эркак, хоҳ аёл ёки ёш бола бўлсин ундан исталган мақсадда фойдаланилар ва ҳар қандай паст-тубан ишларни ҳам қилдирилар эди…
Энг ачинарлиси қулдан дунёга келган бола ҳам қул деб ҳисобланган ва у ҳам ота-онасидек азоб-уқубатга тўла бир ҳаётни ҳурлик нима билмай яшашга мажбур бўлган. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги дийни бўлган исломни жорий қилганидан кейин қулдорликка батамом чекловлар қўйила бошланди. Ислом дийни бандани бандага яъни қулни қулга тобеъ эмаслигини, бандалик-қуллик фақат Аллоҳгагина хос бўлишини таъкидлаб, қулдорликни бартараф қилиш ва уни буткул йўқотиш чораларини кўрди. Бир қул озод қилганга чексиз ажру савобларни ваъда қилди ва яна тез-тез такрорланувчи хато ҳамда гуноҳ ишларнинг каффорати сифатида қул озод қилишни шарт қилиб қўйди. Масалан: қасам ичиб уни адо қилмаслик, Рамазон рўзасини қасддан, узрсиз бузиб юбориши кабилар учун…
Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийларида: «Аллоҳ таоло уч киши борки, Мен уларга қиёмат куни хусуматчиман; Менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган киши. Ҳур кишини сотиб, уни пулини ейдиган киши. Мардикор ёллаб, уни ишлатиб ва ҳаққини бермаган киши»- дедилар.(Имом Бухорий ривояти)
Яна бир ҳадисда: «Мўминнинг ҳақини ейиш унинг қонини тўкиш билан баробардир»- дейилган. Ҳар бир инсон ҳур бўлиб дунёга келади. Ҳар бир инсонда ўз ҳаёт тарзини эркин танлаш ҳуқуқи бор. Уни қул қилиш, мўмай даромад эвазига пуллаш эса асло мумкин эмас…
Ҳозирги кунда дунёдаги энг катта муаммолардан бири одам савдосидир. Одам савдоси кириб бормаган мамлакат, у кирмаган шаҳар, маҳалла қолмади десак, муболаға бўлмайди. Кимга «Одам савдоси» ҳақида гапирсангиз, ўзининг қайсидир таниши, қариндоши бу каби иллат асири бўлганлигини айтишади, баъзан эса бундай аянчли ҳолларни ўзлари ўз бошларидан ўтказганларини минг пушаймонлик билан сўзлаб беришади.
«Хиёнатнинг энг каттаси: биродаринг сенга ишониб турганида уни алдашингдир»- дейилади яна бир ҳадисда. Бу «савдо» қурбони бўлган бирор бир шахс йўқки ўзининг қул қилиб сотилишидан хабардор бўлган бўлса… агар улар бир буюмни ёки ҳайвонни сотгандек сотилишларини аввалдан билсалар эди, балким бу «савдога» асло рози бўлмас эдилар. Сизнингча қайси қулфуруш «мен сизни фалон мақсад йўлида сотиб юбораман»- деб уни олиб кетса, албатта улар ўта эҳтиёткорлик билан иш кўришади. Масалан: сизнинг ижтимой келиб чиқишингиз ва ҳозирги моддий ҳолатингизни диққат билан ўрганиб чиқиб, сиздаги нозик томонни топиб олиб мана шу томонларни сабаб қилиб кўрсатишади: «Фалон мамлакатда менинг танишларим, қариндошларим, биродарларим бор, уларга фалон фабрика-заводда, қурилишда ишчи кучи керак экан, сиз ҳам юринг, баҳонадан қарзларингиздан қутилар, моддий аҳволингизни яхшилаб олар эдингиз» – ва ҳоказо ваъдаларни бериб, ишонувчан, содда, сўнгги пайтлар иши юришмай, қарзга ботиб қолган одамларни йўлдан уриб, уларни қайсидир мамлакатнинг қайсидир қулфуришига каттагина сўммада сотиб юборишмоқда. Оқибат эса ўзингизга аён. Эркаклар ётиб-туришининг тайини бўлмаган жойларда оғир меҳнатга, аёлларни эса фоҳишабозликка мажбур қилинади. Баъзи ҳолларда эса на меҳнати, на нафс учун фойдаланилмайди, балки тана аъзолари учун сотиб юборишади. Соғлом бўлган аъзоларини кесиб олиб, жасадни қайсидир кимсасиз жойда қолдирилиб кетилиши, оқава сув ҳавзаларида оқириб юбориш ҳоллари ҳам кузатилмоқда.
Таъкидлаб ўтишимиз лозим бўлган яна баъзи ҳолатлар борки, буларга на лоқайд қараб бўлади, на кўз юмим бўлади. Бу ҳолатлардан эса кўпчилигимиз бохабармиз. Қайсидир ота ёки она, баъзан эса ота-оналар ўз фарзандларини ёт юртларда қулдек сотилиб кетишига, улардан манфур ишларда фойдаланишларига сабабчи бўлиб қолмоқдалар. Бундай инсонлар бора-бора мафкураси суст бўлган, на илмда, на амалида, на дийнида ҳеч бир тақвоси бўлмаган кимсаларга қўшилиб кетиб, дийний ниқоб остида фаолият юритиб барча вайронкор ғояларни амалда синаб кўрмоқдалар, энг ёмони улар бу ишларини тўғри деб ҳисоблашларидадир.
Биз бу билан барча четга ишлашга кетган инсонларнинг ҳаммаси ҳам сотилган, ҳаммалари шунақа бузғунчи ғоялар таъсири остига тушиб қолган деган фикрдан йироқмиз, бироқ четга ишлашга кетишнинг ҳам ўзининг йўллари бор, мисол тариқасида олсак, кимдир давлат белгилаб қўйган имтиҳонлардан ўтади, бу учун эса маълум тайёргарликларни кўради ва беҳавотир аниқ иш жойи ҳамда ётиш-туриш учун жойга ҳам, ҳалол меҳнатга ҳам эга бўлади, аммо акси ўлароқ, чет элга ишга кетишда ҳаммани кўзини шамғалат қилиб на маҳаллани, на ёру дўстларни хабари бўлмасдан яширинча чегарадош давлатлар орқали ўтиб кетаётганлар ҳам талайгина ва юқоридаги аянчли-ачинарли ҳолатларни кўписини айнан улар ўз бошларидан ўтказишади. Чет элга ноқонуний тарзда ишга чиқиб кетаётган шахсларнинг кўпчилиги йигирма биринчи асрнинг трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли туридан бири- халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар вакилларининг тузоғига тушиб қолмоқда. юқоридаги вазиятларни қай бирини таҳлил қилмайлик, уларнинг барчаси инсоният свилизациясига очиқдан-очиқ тўсиқ эканлигини, жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига ўта жиддий хавф туғдириши маълум бўлди.
Мамлакатимизда амалга оширалаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида халқнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, хатто кечаги кунимиз билан бугунги кунимизни солиштириб бўлмайди, янада фаровон, янада имкониятларга бой. Фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда.
Ўзбекистон инсонпарвар демократик давлат сифатида умумеътироф этилган халқаро норма ва қоидаларни ўз миллий ҳуқуқ тизимига кенг жорий қилиш йўлини тутмоқда. Хусусан, халқаро нормалар асосида Ўзбекистон Олий Мажлиси томонидан 2008-йил 17-апрелда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ҳамда унинг асосидаги қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Одам савдосига қарши курашга қаратилган халқаро қонунчиликда ҳам Ўзбекистон Ресбубликаси миллий қонунчилигида ҳам одам савдоси жабрдийдалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ҳимоясини таъминлаш белгилаб қўйилган.
Ўзингиз эшитиб гувоҳи бўлганингиздек «одам савдоси» нафақат муқаддас дийнимиз исломда, балки, Давлат қонунчилигида ҳам қаттиқ таъқиқланади.
Хулоса қилиб айтганда, нафақат дин ривожи учун, ҳатто мамлакат ривожи учун ҳам, унинг янада тараққий этиши, юксалиши учун ҳам шу ва шунга ўхшаш барча нокас иллатлардан огоҳ бўлишимиз керак. Аввало биз Амир Темурлар, Муҳаммад Бобурлар фарзанди эканлигимизни унутмаслигимиз, биз ҳур, озод, эркин, мустақил давлат фарзанди эканлигимизни унутмаслигимиз ва мана шу аждодларга, мана шу давлатга муносиб бўлиб яшашимиз лозим.


Кармана туман "Қосим Шайх" масжиди имом хатиби М.Юнусовскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш