Муқаддас динимизда инсоннинг қадри нечоғлик баланд ва у қанчалик улуғ мавжудот эканлиги барчамизга маълум. Шунинг учун инсон табиат бойликларидан лаззатланиши, соғ-саломат, кучли ва ақлли бўлиши учун ўзини-ўзи асраб авайлаши, ҳимоя қилиши ҳамда шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиши лозим. Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этилаётган бир пайтда, хавфсизлигимизга ҳамда ижтимоий-маънавий барқарорлигимизга раҳна солувчи иллатлардан бири бўлган одам савдоси – бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бирига айланиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида: “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”- деб эътироф этилган. Бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жаҳон ҳамжамиятида жиддий ташвиш ва хатарларни келтирмоқда. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам мақсадлари муштарак. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш – икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.
Маълумотларга қараганда дунёда ҳар йили бир неча миллион одам бу савдони ўзларига касб қилиб олган фирибгарлар тузоғига тушиб, нажотсиз қурбонга айланишади.
Муқаддас динимиз насаби, ирқи, бойлиги ва жамиятда тутган ўрнидан қатъий назар, барча инсонларга тенглик, ҳурликни кафолатлаган, ягона диндир. Динимиз таълимотлари инсонларни тўла-тўкис, озод, ҳур бўлишга, фақат Аллоҳ таолога бандалик қилишга, яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкор бўлишга чорлайди, кишиларни хўрлашдан, қул қилишдан қайтаради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида: “Ҳой одамлар! Албатта, Роббингиз бирдир, отангиз бир кишидир, ҳаммангиз Одамнинг болаларисиз, Одам эса тупроқдан яратилгандир. Аллоҳ наздида ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан, ажамнинг эса арабдан, қизил танлининг оқ танлидан, оқ танлининг эса қизил танлидан ҳеч қандай устунлиги йўқ, магар бўлса, тақво биландир!”, дедилар.
Афсуски, кейинги вақтларда қулдорлик ва одам савдоси ҳар хил кўринишларда намоён бўлаётгани кузатилмоқда. Жумладан, содда одамларни чет элда ишлаш баҳонасида хорижга олиб чиқиб, у ерда қийин шароитларда ишлатиб, кам маош бериш ёки умуман бермаслик, ҳужжатларини олиб қўйиб, мажбурлаб ишлатиш ҳолатлари, энг ачинарлиси арзимаган маблағлар эвазига ўзларининг ҳар хил ғаразли мақсадларини амалга оширишни режа қилган хунрез кимсалар қўлларида қўғирчоқ бўлиб қолиб, она ватани, оиласи, яқинларига қарши қурол кўтарадиган, аслини унутган манқуртларга айланиб, ҳайвонларча ўлим топаётган кимсалар кўзга ташланиб турибди.
Албатта, бундай жирканч иллат бўлган одам савдосига қарши курашиш ҳар бир имонли инсоннинг вазифасидир. Бу йўлда биз ҳар биримиз олдимиздаги бурчимизни виждонан адо этишимиз керак бўлади. Қаерда бўлмайлик, бу иллат соғлом жамиятга жиддий хавф солиши, халқимиз, миллатимизга ёт, динимизга зид иш эканини ҳаётий мисоллар ва ишончли далиллар асосида атрофимиздагилар онгига сингдириб туришимиз зарур. Зора қабиҳ ишларни қилаётган, уларнинг таъсирига тушиб қолган кимсалар жиноятдан қўлларини тортиб, Аллоҳ таолога чин тавба қилишса, яхшилик сари ҳаракат қилишса.
Очиқкўнгил юртдошларимизга, айниқса катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга: “Аввало ўз қадрингизни ва сизга берилган азиз умрнинг қадрини билинг, илм ва ҳунар ўрганинг”, деймиз. Зеро, ҳақиқатни билган, қалби уйғоқ киши нафсини жиловлай олади, азиз умрини ҳою ҳаваслар ортидан қувиш билан беҳуда ўтказмайди, ҳаётимизни ҳар жабҳада юксалишига сабаб бўлаётган эзгу ишларга интилади.
Айрим виждонсиз кимсалар одамларнинг соддалиги, ҳақ-ҳуқуқларини билмасликларидан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишмоқда. Улар ҳур, озод кишиларни алдаб, ҳуқуқини поймол этиб, арзимас нарса каби “қуллик”ка сотиб юборишяпти. Бундай кимсаларнинг нопок қилмишлари боис қанчадан-қанча юртдошларимиз, хусусан, айрим аёл-қизларимиз чет элларда азоб уқубат чекиши ҳолатлари кузатилмоқда.
“Одам савдоси” ниҳоятда қабиҳ, динимизга ҳам, давлатимиз қонунларига ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмайдиган иллат бўлгани учун бу ёвузликка қарши мамлакатимизда жиддий кураш олиб борилмоқда. “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш йўлида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу диёрда истиқомад қилувчи ҳар бир шахс инсон шаъни, ҳуррияти ва шарафига доғ бўлиб тушаётган бу иллатни батамом тугатишга муносиб ҳисса қўшиши лозим.
Ҳакимов Бектош
Хатирчи туман имом хатиби