Ватан ҳимояси улуғ фазилат

11-01-2017, 13:03 Istamjon Khamrayev Янгиликлар 1 908

Яратганнинг фазлу карами ила қўлга киритилган бундай улкан моддий ва маънавий бойликни қадрлай билиш, Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчига айланганини ҳар биримиз дилдан сезамиз ва англаймиз. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор. Ҳукуматимиз ташаббуси остида мамлакатимизда тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган, жанговар тайѐргарликка эга миллий армия барпо этиш мақсадида кенг кўламда ишлар амалга оширилди.
Ҳар бир юрт ва миллат тинчлиги ва фаровонлигини таъминловчи асосий омиллардан бири бу юрт мудофаасидир. Ватан ҳимояси, уни шаъни ва хавфсизлигини таминлаш эса олий шарафдир. Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:
“Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз. Уларни Аллоҳ биладир. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизга тўлиқ қайтарилур. Сизга зулм қилинмас. (Анфол-60).
Ушбу оят мусулмон жамиятининг қуролли кучлари доимо шай туриши лозимлигига далилдир. Ҳар бир мусулмон жамият қўлидан келганича ҳарбий тайёргарликни кўриб қўйиш билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўлади. Қуролли кучларимизнинг шайлиги ва моддий техник базасига қаратилаётган катта эътибор нақадар ўринли ва муҳим ишлардан эканлиги маълум бўлади.
Юрт мудофаси учун хизмат қилаётган инсонларни ардоқлаш ва хурмат эътибор кўрсатиш мўмин мусулмон кишининг гўзал фазилатларидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мусулмонлар ҳимояси учун масъул шахсларга катта эътибор ва эҳтиром кўрсатганлар, улар ҳақига кўплаб дуолар қилганлар.
Жонажон юртимизнинг эртанги куни ва истиқболи ёшларимизнинг ҳар жиҳатдан этук ва баркамол қилиб тарбиялашимиз, уларни ватан ҳимояси учун сафарбарлик руҳида камол топишларига боғлиқ албатта. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кучли мўмин инсон кучсизидан кўра Аллоҳ хузурида яхшироқ ва севимлироқдир” (Имом Муслим ривояти) деб мархамат қилганлар. Бундан кўринадики, ватан химояси учун доимо шай, хар жихатдан кучли ва баркамол инсон нафақат эл юрт олдида, шу билан бирга Аллоҳ таоло хузурида хам севимлироқ экан.
Кишилик жамиятидаги инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маъно ва мазмунга эга бўлади. Зеро, тинчлик – бу омонлик ва хотиржамлик асосидир. Жамият имон камолоти ва ҳаловатига тинчлик пайтидагина эришади. Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Шунга биноан бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигини бир қисмидир. Зеро, киши ўзи яшаб турган жамиятнинг узвий аъзосидир. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.
Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир.
Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга киради.
Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар “Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”. Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган: “Кимики Аллоҳ таоло йўлида бир ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.
Мустақил юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни шодёнасидир. Бу байрамни тинчлик, хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда анъанага айланган. Байрамни кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам.
Зеро, Она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду ҳуррамлик сиғади, тоат-ибодатлар эминликда адо этилади, байрамлар ярашади, дунё ободлиги давом этади.

Дилшод Эргашев
Кармана туман бош имом хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш