Диний бағрикенглик тараққиёт омили

29-03-2017, 09:30 Istamjon Khamrayev Мақолалар 1 863

Бугунги кунга келиб, мустақиллигимиз шарофати туфайли ислом дини соҳасида ҳар томонлама холисона изланишлар, илмий ишлар қилиш, асарлар ёзиш, араб, форс ва бошқа тиллардаги асарларни таржима қилиш учун шарт–шароитлар вужудга келди. “Халқимиз сиёсий мустақиллик ва озодликни қўлга киритгач, ўз тақдирининг чинакам эгаси, ўз тарихининг ижодкори, ўзига хос миллий маданиятнинг соҳибига айланди” . Ақидапараст оқимлар томонидан ислом динига ёт ва унинг обрўсини туширишга қаратилган ғоялар тарғиб қилинаётган бугунги кунда ислом динининг асл моҳиятини жаҳон афкор оммасига етказиш, унинг муқаддас манбаси Қуръони каримдаги тотувлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик каби ахлоқий тамойиллар, юртни севиш, халқ фаровонлиги учун қайғуриш, оилада ота–онани, катталарни ҳурмат қилиш, қариндошлар, қўни–қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш, барча инсонларга бирдек чиройли муомала қилиш каби хулқ–атвор меъёрларини илмий асосда ва холис ёндашган ҳолда талқин қилиш ва етказиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу орқали ватанимиз тараққиёти кундан–кунга ривож топади, чунки маърифатли инсонлар бир–бирларига ёмонлик тиламайди, ўткинчи хою–ҳавасларни деб, халқига, ватанига хиёнатни ўйламайди . Бу мавзуга доир юртимиздаги бир қатор олимлар томонидан китоб ва рисолалар ёзилган. Жумладан, профессор Ҳамидулла Кароматовнинг “Қуръон ва ўзбек адабиёти” китоби, Зуҳриддин Ҳусниддиновнинг “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тараққиёт омили” китоби, тарих фанлари номзоди, доцент Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг “Қуръони карим мавзуларининг маънавий–тарихий аҳамияти” монографияси кабилардир. Ислом динининг асоси бўлмиш Қуръонда ва ҳадисда бошқа дин вакиллари билан ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Бу борада саҳоба ва тобъеинлардан ибрат бўладиган воқеалар ривоят қилинган. Жумладан, ривоят қилинишича, бир куни Умар (р.а.) бошқа динга мансуб бўлган кекса чолни тиланчилик қилиб юрганини кўриб қолади ва ҳолига ачиниб: “Ёшлик вақтингда сендан солиқ талаб қилсагу, кексайганингда ҳолингдан хабар олмай ташлаб қўйсак инсофдан бўлмайди”, – деб, унга давлат хазинасидан маълум бир миқдорда хисса ажратган экан.
Бундан ташқари, Имом Бухорийдан ривоят қилинишича, бир куни Абдуллоҳ ибн Умарнинг аҳли–аёллари уйларида қўй сўйиб, қўни–қўшниларга ҳадя тариқасида улашадилар. Шу вақт Абдуллоҳ ибн Умар келиб: “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадядан бердингизми?–деб қайта–қайта сўраб, – мен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қўшнилар ҳаққини адо этиш зарурлигини эшитганман” , – деган. Ушбу ҳадисдан келиб чиқадики, уйида бирор ҳайвон сўйган киши унинг гўштидан қўшниларига ҳам ҳадя қилиши, ғайридин қўшни билан ҳам яхши муомалада бўлишлиги ва унга ҳам ҳадя бериб туришлиги лозим ҳисобланади. Қўшни гарчи яҳудий, мажусий , зиммий бўлса ҳам, ундан етадиган озору азиятларга сабр қилиб, қўшничилик ҳаққини адо этиш лозим. Оятларда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик бўлиб, ундан хулоса киладиган бўлсак, дунёда яшаётган кўп сонли халқлар турли динлар ва ақидаларга: насронийлик, яҳудийлик, буддавийлик, ҳиндуийлик, бутпарастлик ва мажусийлик кабиларга мансубдирлар. Бу дунёда ҳар бир мусулмон уларни қайси динга мансублигидан қатъий назар, барча одамларга ҳурмат, муроса, авф ва адолат, муҳаббат ва раҳм–шавқат кўрсатишга Аллоҳ ҳузурида масъулдирлар.
Қуръони карим мўъминларга таълим берган яна бир муҳим ҳақиқатни айтиб ўтамизки, бу–насронийлар ва яҳудийлар ибодат қиладиган жойларга чуқур эҳтиром ва ҳурмат билан муносабатда бўлмоқликдир. Қуръоннинг талабларига кўра, аҳли китоблар ибодат қиладиган жойлар, яъни монастирлар (Роҳиблар узлатга чекинган ибодатхона) ва синагогалар (яҳудий ибодатхонаси) Аллоҳ таоло ҳимоясидадир дейилган. Динимизда ҳар бир мусулмонга аҳли китобларнинг ҳатто ибодат қиладиган жойларни чуқур ҳурмат ва ҳимоя қилиш муҳимлигини очиқ–ойдин кўрсатиб қўйилган. Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳрли, оқибатли бўлиши, доимо яхшилик қилишлари, бир–бирларини кўрганда салом бериш, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиш каби инсоний фазилатларда намоён бўлади.

Неъматулла ҚУРБОНБОЕВ
Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний
ўрта махсус ислом билим юрти талабасискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш