Собиқ тузум даврида маълум сабабларга кўра, исломда аёл ҳуқуқлари мавзусида фақат бир томонлама талқин қилинар эди. Натижада, ислом хоти-қизларнинг ҳуқуқини поймол этувчи дин, деб жар солинар ва аёллар ҳуқуқи мавзуси исломга қарши таъна тоши отишнинг асосий воситаларидан бирига айланиб қолган эди.
Исломда аёлга, аввало, инсоний вужуд сифатида қаралади ва унинг ҳам эркаклар каби ҳақ- ҳуқуқлари эътироф этилади.
“Эй одамлар сизларни бир жон (одам)дан яратган ва ундан жуфти (хавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни яратган Роббингиздан қўрқингиз”.
Ислом дини аёлни, аввало, она, опа-сингил турмуш-ўртоғи, қиз сифатида эъзозлайди. Исломдан олдинги жоҳилият даврида аёл киши ҳатто, инсонлик мақомидан ҳам маҳрум қилиниб, оилада қиз туғилса, баъзан, ваҳшийларча ерга кўмилар эди. Ислом ана шундай зулмлардан нур сингари ёриб чиқиб, аёлларнинг ҳимоячисига айланди. Ислом қиз туғилса барака бўлади, оилага хурсандчилик келтиради, деган ғояни илгари сурди. Пайғамбаримиз Муҳаммад cаллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида
“Кимнинг учта қизи бўлса, тарбиясини яхши қилса, Аллоҳ таоло уни қиёмат куни жаннатга киритади” деб марҳамат қилган.
Илм олиш
Ислом бу соҳада ҳам аёлларни эркаклар билан тенг хуқуқли қилди. Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” деганлар. Бугунги кунда кўплаб муслима аёлларнинг илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари фикримизнинг далилидир.
Меҳнат қилиш
Исломда аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, аёл, аввало, она, уй бекаси, меҳрибон опа-сингил, жонсарак буви эканлиги назарда тутмоқ лозим. Уйнинг саришталиги, эркакнинг кўнгил хотиржамлиги, фарзандлар камоли аёл туфайлидир. Исломда аёл эҳтиёжларининг таъминоти эркаклар зиммасида эканлиги, зарурат бўлмаса, аёлларнинг ишламасликлари мумкинлиги, алоҳида таъкидланади. Бундан кўринадики, исломда аёл кишининг ишлаши тақиқланмаган, балки бу масала аёл, оила ва жамиятнинг манфаатларидан келиб чиқиб, ҳал қилинмоғи лозимлиги кўзда тутилган. Зеро ислом аёлларнинг хурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик жозибаларини сақлаб қолишлари, вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамияти, Ватани ва динига керакли хизматни адо этиш учун барча шароитни яратиб берган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом аёлларнинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилган диндир.
МуҳаммадСодиқ МАМАДИЁРОВ
Хатирчи туман “Шомурод ота”
жомеъ масжиди имом-хатиби