Диёримизда қадимда ислом дини ёйилиши билан бир қаторда араб ёзуви ҳам кенг тарқалди. Юртимиздан етишиб чиққан олимлар хаттотлик билан ҳам шуғулландилар. Натижада Бухоро шаҳрида хаттотлик мактаблари вужудга келди.
Бу эса олимларимиз томонидан ёзилган нодир асарларни халқнинг талабига мувофиқ ҳолда нусха қилиб кўчириш ва кенг халқ оммасини китоблар билан таъминлашга имконият яратди.
Хаттотлик мактабларидан ўз даврининг моҳир хаттотлари етишиб чиқди. Жумладан, ХVIII-ХIХ асрларда Бухорои шарифда настаълиқ хатида, айниқса, насх хатида Мир Убайднинг[1] равиши (усули) билан ёзадиган машҳур Қори Аҳмад Котиб Бухорий исмли хаттот бўлиб, бир ҳафтада битта Қуръонни ёддан кўчириб ёзиш имконияти ва салоҳиятига эга эди.
Етти кун ичида ўттиз пора, камида 600 саҳифадан иборат Қуръони каримни гўзал хатда ва барча хаттотлик меъёрларига мос равишда кўчириб ёзиш осон иш эмас, албатта. Бу каби натижа Аллоҳ таолонинг у хаттотга бўлган фазли ва марҳамати ҳамда шу даражага эришиш йўлидаги хаттотнинг йиллар давомида қилган машаққатли меҳнатининг самарасидир.
У Бухорода энг зўр хаттот Абдуллоҳбекнинг(1914 йил вафот этган) устози бўлган. Қори Аҳмад томонидан ёзилган асарлар бугунги кунгача сақланиб келади. Мазкур котиб (хаттот) умри давомида 40 нусха Қуръон кўчирган
Бир кечада битта “Мухтасар ал-виқоя” китобини ёзадиган хаттот
Хаттотлардан яна бири Абдулқодирхўжа Пишакбоз[3] (мушукбоз) бўлиб, тез ва чиройли ёзадиган бухоролик машҳур хаттот бўлган. Бу инсон бир кечада халқимиз орасида машҳур бўлган китоб Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож-аш-шариъанинг “Мухтасар ал-виқоя” асаридан битта нусха кўчириб ёзар экан. Шунчалик тез ёзар эканки, ҳатто шогирдлари қоғозни етказиб беришга базўр улгуришар экан. Бу ҳол деярли ҳар куни такрорланган.
Ўн беш кунда икки минг бетли китоб кўчирган хаттот
Амир Ҳайдар (1800-1826) даврида Бухорога ҳиндистонлик бир савдогар Абдулқодир Бедилнинг “Мукотиб Бедил” китобини олиб келади. Бу китоб ниҳоятда камёб бўлиб, мазкур нусха мирзо Бедилнинг асл қўлёзмаси экан. Китоб 500-600 варақ (1000-1200 саҳифа) атрофида бўлиб, жуда майда хат билан ёзилган эди.
Бедил ихлосмандлари шу китобларни сотиб олмоқчи бўлганда савдогар бу китоб сотилмаслигини, бироқ нусха кўчириш учун уни бериб туриши мумкинлигини айтиб: “Бухорода ўн беш кун тураман. Ким шу кун ичида кўчириб олса, бериб тураман”, – дебди. Бу воқеадан Амир ҳам хабар топиб, китоб мухлиси сифатида Бедил асарларига харидор бўлади. Савдогар китобни сотмаслигини билгач, ундан нусха кўчиртириш ҳаракатига тушади.
Чунки амирнинг хазинасида ушбу китоб йўқ эди. Амир бундай қисқа муддат ичида қайси хаттот бу китобдан нусха кўчира олиши ҳақида сўрабди. Сарой аъёнлари: “Фозилхўжа Девона номли хаттотгина бундай қисқа муддат ичида бу китобни кўчира олади”, – дебдилар. Амир Ҳайдар бундай шарафли вазифани қалами тез моҳир хаттот Фозилхўжага топширади.
Хаттот ўн беш кунда китоб нусхасини тайёр қилиб, амирнинг ҳузурига юборибди. Буни эшитган одамлар Фозилхўжага: “Шундай нодир китоб қўлингиздан кетди-я!” – десалар, у киши: “Сизлар шундай ўйлайсизларми? Ўзимга ҳам бир нусха кўчириб олганман”, – деган экан. Фозилхўжа Девона Бухородаги форсий китобларни кўчирадиган кучли хаттотлардан бири бўлган. 500 жузга яқин китоб кўчирган.
Ўз даврининг кучли олими ва хаттоти
Қалам соҳибларидан яна бири ёзувчи, рассом, хаттот, олим Аҳмад Дониш Маҳдум ибн Носир (1826-1897) Мир Араб мадрасасида ўқиб юрган кезларида кечаси “Мухтасар” ва “Мирзо Бедил” китобларини кўчириб, сўнг сотиб кун кўрар экан. Кейинчалик шу иши сабабли бойиб кетган. Ўз даврида Бухорода Аҳмад Донишдан кўра кучли олим бўлмаган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Бухорбоев Ёқуб