Биз бугун маънавий таҳдидлар кучайган асрда яшаяпмиз. Шундай маънавий таҳдидлардан бири бу – миссионерликдир.
Миссионерлик, содда қилиб айтганда, бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир.
Бугунги кунда миссионерлик фаолияти билан шуғулланувчи секта вакиллари соф диний ғояларни эмас, балки сиёсий мақсадларни кўзлаган ҳолда фаолият олиб боришмоқда. Дунё бўйлаб фаолиятини кенг ёйишга интилаётган миссионер ташкилотларнинг мақсадини икки гуруҳга – иқтисодий ва сиёсий гуруҳга бўлиш мумкин.
Иқтисодий мақсад – одамларнинг диндорлик туйғуларидан фойдаланган ҳолда уларни гўёки хайр-эҳсон қилишга даъват этиш ва шу орқали мўмай даромадга эришишда кузатилади. Бунга мисол қилиб миссионерлик секталаридан бирига аъзо бўлган йигитнинг онасига бу уйни сотиб пулини ўзи эътиқод қиладиган сектага ўтказишини айтади, онаси табийики, бунга қаршилик қилади. Шунда йигит ўз онасини уради. Эртаси куни она ишга борганда ундан кўзининг кўкаришига сабаб нималигини ҳамкасблари сўрашганида бехосдан йиқилиб тушдим деб жавоб беради.
Бунга ўхшаган мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, лекин миссионерларнинг асосий мақсадларидан бири эргашувчилари ортидан бойлик орттириш эканлигини тушиниб етишимиздир.
Миссионерликдан кўзланган иккинчи мақсад эса, бундан ҳам дахшатлироқ бўлиб, у сиёсий мақсадларга йўналтирилади. Бунда, ўз диний таълимотларини тарғиб қилиш йўли билан ўзларига хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва шу орқали муайян мамлакат ва ҳудудда ўз таъсирини ўрнатиш кўзланади. Буни улар олиб бораётган фаолият, тарғибот-ташвиқотларидан ҳам англаш қийин эмас. Жумладан, айрим секта аъзолари ташқаридан келаётган барча маълумотларни ёлғон ва зарарли, деб билишади. Шунингдек, баъзи миссионерлик ташкилотлари ўз аъзоларига оила қуришни ман этади, улар даромадларининг деярли барчасини ушбу жамоа раҳбариятига топшириш талабини қўяди.
Миссионерлар ўз мақсадларига етиш учун бир нечта услубларни ишлаб чиққанлар.
Жумладан: ёшларга чет тилларини, компьютерда ишлашни ўргатиш баҳонасида ўқув курслари очиш ва мазкур жойларда ўз динига тарғиб қилиш, хорижга ўқишга, ишга ёки чет эл фуқароси билан оила қуриш учун жўнатиш баҳонасидан фойдаланиш, ўсмирларни черков қошидаги ёзги оромгоҳларга жалб қилиш ва шу ерда таъсир ўтказиш;
- нодавлат-нотижорат ташкилотлар сифатида инсонпарварлик ёрдами (пул, дори-дармон, кийим-бош, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш) кўрсатиш ниқоби остида миссионерлик ҳаракатларини олиб бориш, маҳаллий тилда ўз ғояларига тўлиб-тошган газета-журналларни нашр этиш ва аҳоли ичида тарқатиш;
- бепул тиббий ёрдам марказларида беморлар ичида тарғибот ўтказиш йўли билан одамлар орасига киришга уринишади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг "Моида" сурасида "...Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим..." дея Ислом дини арконларини мукаммал этганини, дунёдаги инсонлар учун айнан уни дин сифатида танлаганини баён этмоқда. Ана шу ояти каримага кўра, мўъмин-мусулмонлар учун исломий ақида энг муқаддас қадрият саналади. Шу боис аждодларимиз ана шу муқаддас диннинг таълимотини асрлар давомида маҳкам тутиб келганлар. Бу диёрдан етишиб чиққан алломалар динни соф ҳолда сақлаб қолиш учун умр бўйи фидоийлик кўрсатганлар. Бугунга келиб эса, баъзи ғаразли кучлар томонидан ота-боболаридан ислом динига нисбатан юксак ҳурмат ва эҳтиром билан қарашни ўзига мерос қилиб олган халқимизнинг ана шу муқаддас эътиқодига раҳна солишга ҳаракат қилинмоқда.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, миссионерлик - халқимизнинг диний ва миллий қадриятларига умуман зид бўлиб, охир оқибат халқимиз ичида диний ва миллий низолар келиб чиқишига қаратилган ҳаракатдир.
Аждодларимиз дунё тамаддунига тамал тошини қўйган халқнинг фарзандларимиз, бизнинг ўз динимиз ва миллий қадриятларимиз борки, биз ҳеч қандай ноанъанавий диний таълимот ва ақидаларга мухтож эмасмиз.
Ҳакимов Бектош
Хатирчи туман бош имом хатиби