СОХТА САЛАФИЙЛАРГА РАДДИЯ 2!
Ушбу мақоламиз орқали сиз азизларга муқаддас динимизга раҳна солаётган сохта салафийлар диний мутаасиблик ғоялари тарғиботчиларига оят ва хадислар орқали раддия бериб ўтамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан 13 аср ўтгач пайдо бўлган сохта салафийлар оқими тарафдорлари, Исломнинг дастлабки уч асридан кейин яшаган мусулмонлар Исломни нотўғри тушунган, деган фикрни илгари суришади. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Одамларнинг яхшилари мен билан яшаганлар, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Мазкур давр саҳобалар, тобеъинлар ва табаа тобеъинлар давридир. Ана шу давр салафларнинг давридир. Бу ҳақиқатни ўзларини “салафийлар”, деб атаётган сохта оқим аъзолари ҳам яхши билади. “Салаф” сўзининг луғавий маъноси: “Салафа” яъни ўтди. Кишининг салафи яъни ўтиб кетган ота-боболари. Бир сўз билан айтганда: “Салаф”нинг маъноси ўтмиш ва олдин ўтиб кетган деганидир. Агар теранроқ ўрганиб чиқилса, бугунги “Сохта салафийлар” Исломнинг дастлабки уч асрида чиқарилган ҳукмлардан бошқаси бидъат дейишади-ю, бироқ уларнинг ўзлари бунинг тескарисини қилишади. Ҳолбуки, улар Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби раҳнамоларининг сўзларидан бошқасини тан олмайди ва тўрт нафар мужтаҳид имом: Имоми Аъзам, Имом Шофиъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад Ҳанбалий (раҳматуллоҳи алайҳим)га эргашганларни эса қоралайди. Аслида улар эргашаётган “мужтаҳид”лар солиҳ салафлар қаторига кирмайди. Чунки Ибн Таймийя ва Ибн Қайюм Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан деярли олти юз йил кейин яшаб ўтишган. Демак, «салафий” оқимининг икки имомини солиҳ салафлардан олти асрлик тафовут ажратиб турибди. Орадан шунча узоқ вақт ўтган бўлишига қарамай, “Сохта салафийлар” бу икки шахснинг таълимотини жуда катта эътибор билан ўрганиб, амал қилишади.
Яна улар гўё “пок” шариатга қайтишга ва кейинги даврда пайдо бўлган “бидъатлардан” воз кечишга ҳамда барча ҳукмларни фақатгина Қуръон ва Суннатдан олишга чақиради. Бу шундай ҳам ҳаммага маълум. Лекин масала бошқа тарафда – у икки манбадан ҳукм қандай равишда ва қайси усуллар билан чиқаришдадир. Ҳақиқатан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон ва Суннатга эргашишни буюрганлар. Қуръон ва Суннат — ҳадислар орқали англанади. Улардаги шаръий ҳукмларни эса мужтаҳидлар тушунтириб берадилар. “Сохта салафийлар” эса, Суннатни бизга тушунтириб берган бу олимларни адашган деб эълон қилиб, Суннатга эргашиш имкониятини йўққа чиқаришмоқда. “Сохта салафийлар”нинг иддаосига кўра, аҳли сунна вал жамоадаги ақидавий йўналиш асосчилари Ашъарийлар ва Мотурудийлар – Аҳли суннадан чиқиб адашганлардир. Ҳолбуки, ҳадис тўпламларини шарҳ қилган деярли барча олимлар, эътиқодда Мотурудий ёки Ашъарий бўлганлар.
“Фақатина Қуръон ва Суннатга эргашиш керак” деган салафийларнинг чақириғи назариётдагина яхшидир, амалий ҳаётда эса, мусулмонларнинг кундалик муаммоларига тааллуқли минглаб саволларга дуч келинади. Охир оқибат, ҳар бир одам учун, “ҳақиқий мужтаҳид олимга эргашиш керакми ёки навбатдаги бир фирқанинг “етакчисининг” ижтиҳодигами?” деган савол кўндаланг бўлаверади. “Сохта салафийлар” ҳақида исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китобида бундай дейилади: “Сохта салафийлар — …араб ва мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда. Бу оқим тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн тўрт асрдан бери Исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар».
Салафийликка эргашганлар ўзларини аҳли ҳадислар мактабининг давомчилари деб биладилар. Бу мактаб аббосийлар даврида, муътазилалар, каломчилар ва шийъалар билан тўқнаш келган Аҳмад ибн Ҳанбал етакчилигидаги ҳанбалий мазҳаби асосида вужудга келган эди. Кейинроқ унинг Умар ибн Ҳусайн ал-Хурқий ва Абу Бакр Абдулазиз сингари шогирдлари айнан ана шу йўлини давом эттирдилар. Ана шу мактабнинг уламоларидан иборат авлодлар кетма-кетлиги давом этиб кейинроқ салафийлик оқимининг тақлид қилинадиган энг катта имоми –Ибн Таймия пайдо бўлди. Издошлари шайхул–ислом деб атаган Ибн Таймия мусулмонларни ўзининг йўлига, ўзи бидъат деб, тўғри исломдан ташқарида деб ҳисоблаган урф-одатлар ва қарашларни тарк қилишга чақирди.
“Ҳозирги кунда,-деб ёзади Айдарбек Тулепов,- сохта салафийликка мансуб деб ҳисобланадиган юздан ортиқ ташкилот фаолият олиб бораётганини Айниқса, бу оқимнинг радикал ғояларидан таъсирланган минг-манглаб инсонларнинг ўзлари юраётган йўлдан юрмаганлари, ўзлари эътиқод қилаётган ақидада бўлмаганлари учун ўзларидан бошқаларни адашганга, ҳатто Аллоҳга ширк келтирганга чиқаришлари натижасида бир неча асрлардан бери аҳиллик ва иноқликда яшаб келаётган мусулмонларнинг орасида салбий асоратларни келтириб чиқара бошлагани ачинарли ҳолдир.
Исломнинг буюк алломаларидан Муҳаммад Закий Иброҳимнинг айтишича: “Зеро, қаерда террористни кўрсангиз, экстремист ёки бузғунчини, фитначи, мусулмонлар ўртасига тафриқа солгувчини кўрсангиз, албатта у сохта салафийликка мансуб бўлиб чиқади.
“Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “салафийлик”, ҳар қандай ҳолатда ҳам, тарихда қолган давр босқичи маъносидан бошқа нарсани билдирмайди. Бордию “салафийлик”дан уни хоҳлаган киши қабул қилиб, унинг аъзоси бўлаверадиган, ўзига хос муайян йўлга эга бўлган исломий жамоатни назарда тутилаётган бўлинса, у ҳолда бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг янги пайдо бўлган бидъатлардан бири ҳисобланади”.
Ҳозирги кундаги энг катта муаммолардан бири, халқимиз ичида диннинг моҳиятини тўғри тушунмайдиган одамларнинг мавжудлигидир. Бунга бир қанча сабаблар бор. Масалан — соф диний адабиётлардан фойдаланмаслик ёки диний-маърифий тушунчани тўғри манбъалардан олмаслик. Ваҳоланки, ҳозирги кунда ўзимизнинг она тилимизда чоп этилган диний адабиётлар етарли даражада топилади. Илмий асоси бўлмаган бидъатларга кўр-кўрона тақлид қилишликни дин деб тушунадиганлар ҳам бор. Шунингдек, бу борада мутахассислардан маслаҳат олишликнинг ўрнига, дин тўғрисида эшитган узуқ-юлуқ маълумотларга суянадилар, баъзилар “диндорлардан” маслаҳат оламиз деб, фолбинлар, азайимхонлар ёки жинкашларнинг ҳузурига боради ва уларни берган “маслаҳатлар”ини диндан деб қабул қиладилар.
Навоий вилоят бош имом хатиби Тоҳиржон Рўзиев