ШУКРОНАЛИК ҲИССИ

24-03-2017, 09:23 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 1 963

ШУКРОНАЛИК ҲИССИМаълумингизким, Навоий вилояти ҳокимлигининг ишчи дастурига биноан вилоят туманларининг чекка ҳудудларида халқ билан учрашувлар, жонли мулоқотлар ўтказилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси эътиборда эканлиги янада акс топмоқда, чекка ҳудудларда бундай учрашув ва байрам тадбирларининг ташкил этилиши бунга яққол мисолдир. Ушбу тадбирларда вилоят имом хатиблари ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Қуйида ушбу тадбирларда имом-хатибларимизнинг маърузалари тезисларидан парча келтиришни маъқул топдик.

ШУКРОНАЛИК ҲИССИ
Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати ва қудрати ила инсонни яратиб, уни барча жонзотлардан азизу мукаррам айлади. Унга ер юзида гўзал яшаши учун барча нарсаларни қулай қилиб яратиб, улардан қандай фойдаланиш ва қандай асраш лозим эканини ҳам баѐн қилиб берди.
Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун қароргоҳ қилиб яратди. Осмондан баракот сувларини тушириб, шу сувлар билан дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини берди. Бир сўз билан айтганда Аллоҳ таоло бу борлиқнинг барчасини инсон учун яратди.
Мана, баҳор фасли ҳам кириб келди. Бу фасл уйғониш, яшариш, кўкаламзорлаштириш фаслидир. Барча мамлакатлар сингари бизнинг она юртимизда ҳам баҳор фасли ўзгача хурсандчилик билан қарши олинади. Ҳукамоларнинг бирига “Фаслларнинг қайси бири яхши?” деб савол қилинганда, у зот: “Кўзга баҳор, оғизга эса куз яхшидир”, деб жавоб берган экан.
Аллоҳ таоло инсон зотини ердан яратиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди”.
Бу оятдан маълум бўладики, ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – инсоннинг бурчидир. Ер юзини обод қилиш эса энг аввало Аллоҳнинг буйруғига ҳамда Ислом шариатига мувофиқ ҳаѐт кечириш билан амалга ошади.
Мана бугун баҳор-наврўз кунларидир. Айни кунларда нафақат кўчат экишга, балки теварак-атрофнинг покизалигига ҳам катта эътибор қаратиш лозимдир. Биз мусулмонлар поклик борасида барча инсонларга намуна бўлишимиз керак. Чунки бизнинг динимиз поклик динидир. Бизнинг Раббимиз покликка буюради, пок бандаларини яхши кўради.
Баъзи инсонлар Аллоҳ таоло ато этган бу неъматларга шукр қилиб, Унинг йўлидан юрган бўлса, яна бази кишилар Яратганнинг бу неъматларини тан олмай, ҳавойи нафсларига эргашиб осий бўлдилар. Демак, берилган неъматга шукр қилиш, диннинг асл моҳияти бўлмиш эътиқодда ҳам бор экан. Бу эътиқод инсоннинг Яратганга қилган шукрида ўз тасдиқини топар экан.
Шукр қилиш нафақат Аллоҳ таолога яқинликни, шу билан бирга унинг бу дунёдаги ҳаётини ҳам гўзаллашишига, ризқу рўзига барака киришига олиб келар экан.
Ўз навбатида, неъматларни адо этган Зот - Аллоҳ таолога осий бўлиш, инсоннинг шиддатли азобга дучор қилар экан.
Бугунги кунда дунёда юз бераётган кўнгилсизликлар, халқларнинг ваёрона ва қашшоқлик ёқасига келиб қолишига ҳам уларнинг ношукрликлари сабабчи бўлмадимикин?! Ҳозирда миллионлаб инсонлар ўз юртарини ташлаб чиқиб, ўзга юртларда хору зор бўлиб юришларига, фарзандларига бир бурда нон ва ҳаттоки тоза сув топиб бера олмаётган инсонларнинг бу ҳолга тушишларига нима сабаб бўлди? Жавоб кундек равшан, Яратганнинг берган ризқига, замонига шукр қилмаслик, ишбошилар – раҳбарларга итоатсизлик ва дин пешволари – уламоларнинг соф ислом динига чақирган йўлларидан оғишликдир.
Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди. Бу азобнинг асосий сабаби, банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир.
Уламоларимиз шукрни уч кўринишда бўлади дейишади:
1. Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат.
2. Тил шукри. Бу неъмат берувчига мақтов айтишдир.
3. Аъзолар шукри. Бу неъматга яраша мукофот ила бўлади.
Қалб шукрида Яратганнинг бизга инъом этган неъматлари ҳақида фикр юритиш уларнинг нақадар беқиёс эканлигини ҳис қилиш орқали бўларкан.
Тил шукри эса шу берилган неъматларни эътироф этиб, уни берувчини улуғлаш ила бўларкан.
Аллоҳ таоло ўз каломида
“Ва, аммо, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла”, дейди.
Яратганнинг ушбу илоҳий кўрсатмасига биноан у берган неъматлар ҳақида баҳолиқудрат сўз юритсак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”.
Демак, биз камдан кам унинг қадрига етадиган, аслида эса бебаҳо бўлган икки неъмат тинчлик ва саломатлик неъмати экан. Аллоҳ таолонинг инояти билан, юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, элимизнинг тинчлик ва омонлиги биз учун улкан саодат экан. Ватанимизда ҳукм сураётган шу тинчлик эвазига биз мўмин мусулмонлар ўз ибодатларимизни эмин-эркин адо этяпмиз, фарзандламизнинг уст-боши бут, соғлиги мустаҳкамдир. Албатта бунинг замирида дину диёнатимизга эътибор, миллий ва диний қадриятларимизга нисбатан юксак эҳтиром ётибди. Кундан кунга қайтадан бино қилинаётган масжидлар, ислом билим юртларининг моддий техник базаси ва ёшларнинг комил инсон бўлиб етишишлари учун зарурий барча шароитларнинг яратилаётгани сўзимизнинг исботидир.
Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ѐшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ѐшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Агар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ушбу улкан хизматларга беписанд бўлсак, бундай неъматларни қадрига етмасак Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қоралаган тоифалардан бўлиб қолишимиз мумкин экан:
«Одамларга ташаккур қилмаган, Аллоҳга шукр қилмайди».
Маълумингизким, ҳар йили юртимиз раҳбари томонидан янги қарши олинаѐтган йил учун алоҳида ном берилади. Бу билан, шу йилда мазкур мавзуга катта аҳамият қаратилиши эълон қилинади. Зеро, халқимизда “Йўл билмаган манзилига етолмас”, деган гап бежизга айтилмаган. Ҳар бир иш, ҳар бир кун, ҳар бир йил режалик бўлса, кўзланган мақсадларга эришиш осон бўлади.
Шунга кўра, янги қарши олинаѐтган 2017 йил ҳам юртимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Аллоҳ таоло бу йилни халқимиз учун манфаатли йил қилсин! Динимизда инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалардан ҳисобланади дейилган. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар”.
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунѐ ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан Қиѐмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунѐ ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунѐ ва охиратда унинг (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ѐрдам қилса, Аллоҳ таола унга ѐрдам қилади. ...”, дедилар. (Имом Муслим ривоят қилган).
Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир хайрли ишимизда ният ва ихлосимизнинг тўғри бўлишига муваффақ қилсин! Юртимизни тинч-осмонимизни мусаффо айласин! “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да кўплаб хайрли ишларни амалга оширишга муяссар қилсин! Жадаллик билан олиб борилаѐтган ислоҳотларга Ўзи барака ато қилсин!

Тоҳир РЎЗИЕВ
Навоий вилоят бош имом-хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш