(Саҳоба ва тобеъинлар ҳаётидан)
Лашкарлар Саид ибн Жубайрни Ҳажжожнинг олдига олиб кирдилар. Ҳажжож шайхга ғазаб билан тикилиб туриб сўради: “Исминг нима?”
— “Саид ибн Жубайр.”
— “Йўқ, сен Шақий ибн Кусайрсан” (Исмларининг аксини айтди.)
— “Исмимни ота-онам сендан кўра яхши билишган.”
— “Муҳаммад ҳақида нима дейсан?”.
— “Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутяпсанми?”
— “Ҳа.”
— “Одам болаларининг саййиди, Аллоҳ ихтиёр этган пайғамбар, аввалда ўтган ва кейинда келадиган башариятнинг энг яхшиси. Рисолатни етказдилар ва омонатни ўтадилар. Аллоҳ ва Унинг китобига, мусулмонларнинг оммаси ва хосларига холис бўлиб ўтдилар.”
— “Абу Бакр ҳақида нима дейсан?”
— “У Сиддиқ, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси, бахтли яшадилар, мақтовга сазовор бўлиб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан бирон нарсани ўзгартирмай ўтиб кетдилар.”
— “Умар ҳақида нима дейсан?”
— “У Аллоҳ таоло ҳақ билан ботилни у билан ажратган Форуқдир. Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари уни яхши кўргандирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакрнинг йўлларида собит туриб ўтиб кетдилар. Бахтли яшадилар ва шаҳид қилиндилар.”
— “Усмон ҳақида нима дейсан?”
— “У "Жайшул усра"ни жиҳозлаган, Рума қудуғини қазиган, Жаннатдан ўзига уй сотиб олган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига уйланган куёвларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни осмондан энган ваҳий билан уйлаганлар. У зот зулм билан қатл қилиндилар.”
— “Алий ҳақида нима дейсан?”
— “У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғли, болалардан энг биринчи Исломни қабул қилган, бокира Фотимага уйланган, жаннат аҳли йигитларининг саййидлари Ҳасан ва Ҳусайннинг оталаридир.”
— “Умавий халифаларнинг қай бири сенга кўпроқ ёқади?”
— “Яратганни рози қилувчироғи.”
— “Уларнинг қай бири Яратганни рози қилувчироқ?”
— “Бунинг илми уларнинг ичи-ю ташини билувчи Зотнинг ҳузуридадир.”
— “Мен ҳақимда нима дейсан?”
— “Сен ўзингни яхшироқ биласан.”
— “Мен сенинг фикрингни билмоқчиман.”
— “Фикримни билишинг сени хафа қилади, хурсанд қилмайди.”
— “Фикрингни ўзингдан эшитишни истайман.”
— “Сен Аллоҳнинг китобига хилоф ишлар қиласан. Ҳайбатли бўлишни хоҳлаб баъзи ишларни қиласан, холбуки, у сени ҳалокатга олиб боради ва сени дўзахга итариб юборади.”
— “Аллоҳга қасамки, сени албатта қатл этаман.”
— “Агар шундай қилсанг, менинг дунёйимни барбод қиласан, мен эса сенинг охиратингни барбод қиламан.”
— “Сени қандай қатл этишимни ҳоҳлайсан, ўзинг танла!?”
— “Балки буни сен танла, эй Ҳажжож. Аллоҳга қасамки, сен мени қандай қатл қилсанг, охиратда Аллоҳ таоло сени ҳам худди шундай қатл қилади.”
— “Сени афв этишимни истайсанми?”
— “Афв этиш Аллоҳ таоло тарафидан бўлади, сенинг афвингнинг эътибори йўқ.”
Ҳажжож дарғазаб бўлиб қичқирди: “Ҳой ғулом, қилич билан кундани келтир.” Саид ибн Жубайр табассум қилдилар. Ҳажжож:
— “Бу нима табассум?” Саид ибн Жубайр:
— “Аллоҳ таолога журъат қилишингни ва Аллоҳнинг сенга ҳалимлигини кўриб ажабланяпман.”
— “Ҳой ғулом, буни қатл эт!”
Саид ибн Жубайр қиблага юзланиб: «Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», оятини ўқидилар. Ҳажжож: “Унинг юзини қибладан буриб қўйинглар,” — деди. Саид ибн Жубайр: «...қай тарафга юз бурсангиз, Аллоҳнинг юзи ўша томондадир», оятини ўқидилар. Ҳажжож: “Унинг юзини ерга қаратинглар!” — деди. Саид ибн Жубайр: «Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз», оятини ўқидилар. Ҳажжож қичқириб: “Аллоҳнинг душманини сўйинглар, Қуръон оятлари тилининг учида турадиган бундан кўра кучлироқ кишини кўрмаган эдим”, — деди. Шунда Саид ибн Жубайр икки қўлини кўтариб: “Аллоҳим, мендан сўнг Ҳажжожга бирон одамни қатл қилиш имконини берма” — деб, дуо қилдилар.
Саид ибн Жубайрнинг фожеали ўлимларидан сўнг ўн беш кун ўтар-ўтмас, Ҳажжож иситмалаб, касали кундан-кун зўрая бошлади. Озгина кўзи илинар ва яна уйғониб кетарди. Ана шундай кўзи илинган пайтида, бирдан қаттиқ чўчиб уйғонар ва: “Саид ибн Жубайр мени бўғяпти, Саид ибн Жубайр мени нега қатл этдинг, деяпти” — деб, бақирар эди. Сўнг йиғлаб: “Саид ибн Жубайр билан нима ишим бор эди-я! Уни мендан даф қилинглар” — дер эди.
Ҳажжож вафот этиб, устидан тупроқ тортилгач, одамлардан бири уни тушида кўрибди ва ундан сўрабди: “Эй Ҳажжож, сен қатл қилган одамлар ҳақида Аллоҳ сени нима қилди?” Ҳажжож: “Ҳар бир қатл қилган одамим бадалига Аллоҳ мени бир марта қатл қилди, аммо Саид ибн Жубайрни қатл қилганим учун мени етмиш маротаба қатл қилди” — деб, жавоб берибди.
Аллоҳ таоло ўтган улуғларимизни Ўз раҳматига олсин!
Ҳакимов Бектош
Хатирчи туман имом хатиби