Инсониятни Ўзига ибодат қилиш учун яратган Роббул оламийнга беадад ҳамду санолар бўлсин. Меърожга чиқиб бизларнинг нажотимиз бўлган беш вақт намозни олиб тушган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин.
Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бандаларига беш вақт намозни фарз қилди. Чунки намоз поклик рамзи. Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, балки бадани, кийим-боши ва ҳамда макони ҳам пок бўлади. Ҳозирда ҳеч кимга сир эмас, намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур бўлган ибодатдир. Намозхон киши ҳилм, мулойимлик, хотиржамлик, шошилмаслик ва сабр каби кўплаб инсоний ва юксак фитрий фазилатларга эга бўлади. Аллоҳ таоло намознинг фазилатини Ўз китобида шундай зикр қилган:
وَأَقِمِ الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ
“Ва намозни тўкис адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтарадир. Аллоҳ таолонинг зикри (барча нарсалардан) улуғдир”.
Шу оят борасида муфассирлар айтадиларки, агар намозхон киши гуноҳи кабираларни, фаҳш сўзларни ва мункар, яъни Аллоҳ таоло қайтарган амаллардан қайтмаган бўлса, яъни шу ишларда бардавом бўлса, демак унинг намози Аллоҳ таолога мақбул эмаскан. Чунки Худои таоло - Албатта, намоз фаҳш ва мункар (қайтарилган) ишлардан қайтарадир. – деб айтаяпти, демак намоз бизларни фаҳш ва мункар ишлардан қайтарар экан, ҳақиқий намозхон одам бундай қабиҳ ишларни қилмайди, тўғрироқ қилиб айтадиган бўлсак, унинг намози қўймайди. Шундай қилиб, агар намозхон киши Аллоҳ таоло қайтарган амаллардан тийилмаган экан, билсинким унинг намоз Худои таборак ва таоло наздида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Демак, у инсон ўқиётган намозига эътибор берсин.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Беш вақт намознинг мисоли эшикларингиз олдидан оқиб ўтаётган суви кўп дарё кабидир. Унда ҳар куни беш маротаба ювинган одамнинг танасида кир қоладими?” деганларида. Саҳобалар: Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди – дейишди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ таоло беш вақт намоз билан хатоларни ювади” -дедилар.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар». Яъни Аллоҳ таоло хоҳласа кечиради, хоҳламаса йўқ.
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : أفضل الصيام بعد رمضان شهرُ اللهِ المحرم وأفضل الصلاة بعد الفريضة صلاة الليل
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз кечасидаги намоздир” дедилар.
Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Парвардигори олам ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганида дунё осмонига нозил бўлади ва:
“Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам”, дейди”.
Таҳажжуд намозини кечанинг охирги 3/1да ўқимоқ афзаллиги билинади. Лекин ухлаб турмоқ шарт, ухламасдан шу пайтгача бедор бўлишлик ярамайди, ҳеч бўлмаганида 1 соат ухлаш зарур. Албатта, дуолар тўсиқсиз қабул бўладиган ва гуноҳлар кечириладиган бундай фазилатли вақтни таҳажжуд намози билан ўтказаётган банда ғоят улуғ мақомларга эришиши турган гап.
Кимики Аллоҳ даргоҳида мақоми баланд бўлишини хоҳласа, олий мартабада бўлишни хоҳласа, бандачиликда қилиб қўйган хатоларини кечирилишини хоҳласа, бўш пайтида намоз ўқисин, кўпроқ сажда қилсин. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиригача умматлари учун намоз ўқишликни васият қилдилар.
Саидов Усмонхон
Нурота туман “Шакарак” масжиди имом хатиби