Шукр – инсоннинг Яратганни англаш даражасини кўрсатувчи муҳим мезон, одам фарзандларининг камолоти нечоғлик эканини белгиловчи асосий ўлчовлардан биридир. Шукр инсоннинг дунё ва охиратда азиз бўлишига, унга ато этилган неъматлар янада кўпайишига олиб келади. Бу фазилатдан бенасиблик эса инсонни барча яхшиликлардан мосиво қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, дея марҳамат қилади (Иброҳим сураси, 7-оят).
Мазкур ояти каримани Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири ҳилол”да қуйидагича изоҳлайдилар: “Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларни айтиш ва ул неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда мустақийм эканини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади.
Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради”.
Неъматларни яралмишлар орасида тақсимлаш изни фақат Аллоҳ таолога тегишли. Неъматни қайси бандага кўпроқ, қай бирига озроқ бериш Унинг ихтиёрида. Ҳақиқий мусулмон ўзига ато этилган неъмат учун шукр айтади. Бу неъмат унга синов учун берилганини чуқур англайди. Моддий неъматлар, бойлик бошқалардан кўра унга кўпроқ ато этилса, бундан ҳаволанмайди. Бу бойликларнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таоло эканини, бир нафас бўлсин, унутмайди. Ўзига берилган мол-дунёни Аллоҳ таолонинг омонати деб билади, Эгасининг розилиги йўлида сарфлайди. Шунингдек, чинакам мусулмон ўз ҳаёти давомида моддий тақчиллик ҳолатига дуч келса ҳам, Яратганга шукр қилади. Неъмат берилганда қанчалик шукр айтса, берилмаган кезларда ҳам шукрона ҳисси билан яшайди. Негаки, банда неъмат берилиши билан ҳам, бунинг акси билан ҳам синалади. Унинг учун қай бири афзал эканини фақат ва фақат Аллоҳ таоло билади. Шу боис чин мусулмон ҳар қандай ҳолда шукрли бўлишни ўзининг ҳаётий аъмоли деб билади. Ҳаёти давомида бу аъмолидан чекинмайди. Шукрона туйғуси билан яшайди. Шукр эса, Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада ваъда қилганидек, инсонга ато этилган неъматларнинг янада зиёда бўлишини таъминлайди.
Муайян даражадаги моддий неъматга муяссар кўрилган инсон агар уни шариатда кўрсатилган тарзда, Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида сарфламаса, шубҳасиз, бундан зиён кўради. Ҳаётда бунга мисоллар жуда кўп. Масалан, мол-дунёсидан инфоқ-эҳсон қилишни лозим кўрмаган, закот тўласа, бойлиги камайиб қоладигандек туюлгани сабабли бу фарзни адо этмаган киши шахсий машинасини туртиб олгани учун ундан бир неча баробар кўпроқ харажатга тушиши мумкин. Кам таъминланган қўшнисидан, қариндошидан аяган молига кутилмаганда талафот етиши, айтайлик, машаққат ила топган пули на дунёга, на охиратга фойдаси тегадиган беҳуда нарсаларга сарфланиши, қўй-қўзиларини бўри еб кетиши ёки боқаётган чорваси касаллик сабабли қирилиб кетиши ҳоллари ҳаётда кўп учрайди. Ҳолбуки, агар шу мол-дунёни Аллоҳнинг розилиги, сийлаи раҳм йўлида сарф қилса эди, бу одамнинг турмушида хайр-барака, шубҳасиз, кўпроқ бўлар, мол-дунёси талафотга учрамаслиги ҳам мумкин эди. Бироқ одамзод аксар ҳолларда буни чуқурроқ ўйлаб ўтирмайди. Тафаккур юритишдан кўра нафснинг хоҳишига бўйсунишни маъқул кўради. Натижада зиёнга дуч келади. Бундай киши учун камида икки ёмонлик бор: биринчидан, мол-дунёсига нуқсон етса, иккинчидан, ношукрлиги учун Яратганнинг ҳузурида хижолат бўлиб қолади. Бундай ҳолдан ҳар бир мўмин бандасини Аллоҳ таолонинг ўзи асрасин.
Шукр қилинганда неъматларнинг зиёда бўлиши ҳақидаги Аллоҳ таолонинг ваъдаси фақат мол-дунёга ёхуд моддий бойликларгагина тегишли эмас. У инсоннинг умри-жонига, одамзод ҳаётининг моҳиятига ҳам бирдай алоқадор. Жумладан, улуғ мутафаккир Алишер Навоий Қуръони карим оятлари ва пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан илҳомланиб, инсоннинг ҳар бир нафасида икки неъмат борлиги, уларнинг ҳар бири учун шукр айтиш вожиб экани ҳақида мана бундай ёзади:
Бу икки неъматки намудордур,
Ҳар бирига шукр ери бордур.
Ҳазрат Навоий бу ўринда икки неъмат деганда биргина нафаснинг олиниши ва ўша нафаснинг қайтиб чиқишини назарда тутган. Дарҳакикат, биргина нафаснинг инсон вужудига кирмаслиги ёхуд қайтиб чиқмаслиги уни ҳаёт деган бебаҳо неъматдан жудо қилиши мумкин. Шунинг учун “Авлиёлар авлиёси, Мутафаккирлар мутафаккири” ҳазрат Навоий ҳар бир нафас учун икки бора шукр айтишни тавсия қиляптилар. Табиийки, бунинг учун “Шукр” лафзини такрорлашнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бу улуғ неъмат шукрини муносиб даражада адо этмоқ учун ҳар бир нафасни қадрлаш, уни беҳуда ўтказмаслик, Яратганнинг розилигига мувофиқ яшаш тақозо этилади.
Шукрнинг энг юксак даражаси ҳар қандай шароитда, ҳатто бошига мусибат тушганда ҳам шукрона туйғуси билан яшай билишда намоён бўлади. Бунга исломият тарихида замондошларимиз учун ҳам ибрат бўларли мисоллар кўп. Жумладан, машҳур аллома Имодуддин Исмоил ибн Умар – Ибн Касир оиласининг қисмати бунга яққол ва таъсирчан мисол бўла олади.
Ибн Касирнинг мураттаб қори даражасига етган, маънан комил, жисмонан етук акаси айни балоғат ёшида вафот этади. Отаси Умар бу оғир мусибат онларида ҳам, бир лаҳза бўлсин, Аллоҳга шукр айтмоқни ёддан чиқармайди. Мусибатни шукр ва сабр билан қарши олади, шукр ва сабр билан енгади. Орадан муайян фурсат ўтиб, оилада янги фарзанд – Имодуддин таваллуд топади. Аллоҳ таборак ва таоло бу оилага мураттаб қори ўрнига уч илм эгаси – ҳофизи каломуллоҳ, муфассир ва муҳаддис фарзандни ато этади.
Ўзбек халқи табиатан шукрли халқ. Бу миллатнинг тупроғи шукр суви билан қорилган. Шу боис халқимиз орасида “ношукур” деган сўз жуда оғир қабул қилинади. Элимизда жуда топиб айтилган машҳур нақл бор: “Агар ишинг юришиб кетса, олдинга боқ, машаққатга дуч келсанг – орқага”.
Яъни кимгаки ҳаётда омад кулиб боқиб, муваффақиятлар қуршовида яшаётган бўлса, олдинга боқсин: ўзидан ҳам омадлироқ, ўзидан-да катта ютуқларга эришаётган одамларни кўриб, улар даражасига етишга ҳаракат қилади. Ўзига маҳлиё бўлишдан, манманликдан сақланади.
Кимки машаққатга, тақчилликка дуч келса, орқага қарасин, ўзидан ҳам мушкулроқ аҳволда яшаётган одамларни кўриб, ўз аҳволига шукр айтади, қийинчиликлар қаршисида синиб қолмайди. Қаранг, қандай донишманд халқимиз бор-а! Эътибор беринг, халқимизнинг кўҳна нақллари динимиз кўрсатмаларига нечоғлик мувофиқ келади.
Дарҳақиқат, шукрона туйғуси билан яшаш одамзод ҳаётига маъни бағишлайди. Уни жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга ундайди. Одамларда эртанги кунга ишонч ҳиссини тарбиялайди. Жамият аъзоларининг ўзаро меҳрли, оқибатли бўлишларига пухта замин яратади. Шукрона туйғуси инсоннинг Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул фазилатларни касб этишига боис бўлади. Унинг ҳаётини маълум бир низомга солади. Шахс сифатида камолга эришмоғини, умрига, ризқига барака ёғилишини таъминлайди. Дуо қилиб қоламизки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир мўмин бандасини жуда кўп эзгуликлар манбаи бўлган фазилат – шукр неъмати билан сийласин! Ўзи ато этган неъматларни шукрларимиз туфайли кўпайтириб берсин! Юртимиз тинчлиги бундан ҳам барқарор, Ватанимиз равнақи ҳозиргидан-да юксак, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини насиб айласин!
Ҳасанхон Атоев,
Нурота шаҳридаги “Саййид Ато” масжиди
имом-хатиби