Сувни исроф қилиш - гуноҳ

15-12-2016, 12:31 Istamjon Khamrayev Ислом олами 2 795

Сувни исроф қилиш - гуноҳ
Бир бинони меъморсиз, ишни бажарувчисиз, санъатни санъаткорсиз, маҳкамани ҳокимсиз тасаввур қилиш мумкин бўлмагани каби, ақлларни ҳайратга солувчи бу коинотни ҳам ўз Яратувчисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бир катта сайёрадан заррагача, осмондан ҳужайрагача, уммондан томчигача ва бутун коинотда нимаики бўлса ҳамма-ҳаммаси Яратувчимиз Аллоҳ таолонинг асаридир.
Қуръони каримда: “Агар Аллоҳ таолонинг неъматларини санайман десангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Наҳл сураси -18 оят) .
Парвардигори оламнинг бизларга қилган марҳамати ила қанча-қанча неъматларини устимизга сочиб юборган. Дарҳақиқат, у неъматлар шунчалик даражада кўпки, уни санаб адоғига етолмаймиз, ҳатто айримларини неъмат эканлигига ақл юритиб, тафаккур ҳам қилмаймиз. Қуръони каримда: “У, осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги ғўрасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят – белгилар бордир” (Анъом сураси -99 оят) . Демак, бизга ризқ қилиб берилган Аллоҳнинг ҳар бир неъмати осмондан нозил қилинган сувга боғлиқ экан. Сув бўлмаса нима бўлишини тасаввур қилинг.
Роса чанқаб турган пайтимизда, олдимизга сув олиб келинса-да, лабимизга яқин келтириб, ё Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, ё қилмасдан бир сония ичида томоғимиздан ўтиб кетади. Мана шу ҳар бир тирик жонзотга зарур бўлган сувни, чанқаган кишининг бир сония ичида томоғидан ўтиб кетган сувни қаердан келганини сўралса нари борса тафаккури сув жўмрагигача боради холос.
Келинг, бизга ризқ қилиб берилган жамики мева-чеваларни, нонимизни, ихтиёжларимиз учун керак бўлган, чанқоғимизни қондирадиган, овқатларимизга ишлатиладиган, кирларимизга зарур бўлган бир оддий сувни бизгача қайердан етиб келишлигини фикр қилиб кўрайлик. Дунёда қуруқликдан кўра сувлик кўп, бу албатта Парвардигори оламни мувозанатни сақлаб туришлик учун қилган, ундан кейин бу сувларни бир жойда сақлашлик учун Аллоҳ таоло денгизу уммонларни яратиб қўйди. Ўша денгиз сувлари бир жойда туровириб, ачиб қолмасин деб ичини туз билан тўлдириб қўйган, яна унинг ичида жониворларни яратиб қўйдики, кечаю кундуз уни тозалаб турадилар, яна бу жониворларни ўлигию-тириги бўлиб ҳидланиб қолмасин деб, денгизни у ёқдан бу ёққа мавж бериб, чайқалтириб қўйди. Аллоҳ таоло одамзодга бор пақирингни олда, қайерда бўлсанг ўша денгиздан олиб кел демади. Чунки у сувнинг шўрлигидан ичолмай хароб бўларди. Ўзининг қудрати ила у сувни парлантириб булут ҳосил қилди. Парланганда эса, шўрлиги қолиб чучук сув ажралиб чиқди. Энди бу ҳомиладор булутлар Парвардигорининг амри билан бандасининг ҳожати учун дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига сайр қилиб, Аллоҳ амр қилган жойларга сепади. Энди яна Аллоҳ таоло: “Бандам, узоқ-узоқ жойлардан олиб келиб, шўр сувдан чучугини ажратиб, булутларда олиб келдим, энди пақирингни олиб чиқ, катта-катта идишларигни чиқариб, бир йилгача сувларингни жамлаб қўйгин” демади. Деганида ҳам биз бандалар бунга чидолмасдик ва бунга имкониятимиз ҳам йўқ. Шунинг учун Парвардигори олам бу узоқ-узоқлардан олиб келинган сувни ер шимиб кетмасин ёки бирор нарса зарар етказмасин деб, қаттиқ қилиб, яъни қор шаклида тоғларнинг тепасида, бировнинг қўли-ю оёғи етмайдиган жойларда ёғдириб сақлаб қўйди. Яна Аллоҳ таоло: “Бандам, шунча ишни қилиб қўйдим, ёмғирни ёғдириб қўйсам ер шимиб қўйиши мумкин эди. Мана тоғларни тепасига қор қилиб қўйдим. Энди ўзинг бориб, кераклигича кесиб-кесиб олиб ишлатавер” дейишликка ҳаққи бор эди. Йўқ, Аллоҳ таоло бундай демади марҳамат қилиб, тоғлардаги қорлар устига қуёшни келтириб, кам-кам тагидан эритиб, оқизди. Яна баланд-баланд тоғларнинг тепасига сақладики, эриганда шундай тезлик билан оқсинки, ҳар қандай ўнқир-чўнқирлардан ўтиб бандаларнинг эҳтиёжигача етиб борсин. Энди булар сой бўлиб, дарё бўлиб, ариқ бўлиб бизнинг эшигимизнинг олдигача етиб келади.
Ёки яна бир кўриниши Аллоҳ таоло дунёнинг у четидан бу четига оқиб юрадиган ер ости дарёларини ҳам яратиб қўйдики, уларни ер табақаларидан тозалаб хоҳлаган ерингизни кавласангиз сув чиқиб туради. Мана шу ишларда бизларнинг ҳеч қандай хизматимиз йўқ. Ҳеч бўлмаса, 10 метрлик труба олиб эшигимиз олдигача келтиришимиз мумкин, холос. Шу иш учун неча кун уринамиз. Лекин Аллоҳ таоло қанча-қанча махлуқотларни хизмат қилдириб қўйиб, эшигимизни олдигача олиб келгандан кейин, энди наҳот биз шунча неъматларни муҳайё қилган Парвардигорга шукр қилмаймиз. Ношукрлик қилимаяпмизми? Ношукрлик қиляпмиз – ариқ , канал ва дарёларимизга аҳлатларни чиқариб ташлаймиз, кир сувини, суприндини ташлаймиз, ўлиб қолган ҳайвонларимизни оқизамиз...
Азиз ватандошлар, мана шу сувлар ёмғирлар бизларнинг деҳқончилигимизга, чорвачилигимизга, ризқимизни янада зиёда бўлишига нақадар зарурдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”. (Иброҳим сураси - оят) . Аллоҳ таоло берган барча неъматларни қадрига етишни, неъматни исроф қилмасликни, бу оғир гуноҳ эканлигини, ношукрлик қилмасликни барчаларимизга носиб этгин. Шундагина Аллоҳ таоло бизни ризқимизни янада зиёда қилади. Чунки бу хақиқат – Аллоҳ таоло каломида “қасам” ичиб айтган.


Навбаҳор туман имом-хатиби
С.Бобоназаров
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш