Диний бағрикенглик динимиз шиорларидандир

30-07-2018, 07:45 admin Мақолалар 1 264

«Бағрикенглик» сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб «бағрикенглик» чидамлилик, бардошлик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.
«Бағрикенглик» чинакам исломий фазилат бўлиб, араб тилида «Самааҳатул ислам» дейилади. Исломнинг бағрикенглигини биз ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий намуналарида тўлиқ ва равшан кўришимиз мумкин. Зеро, умуман рисолатнинг мақсади, асосий вазифаси одамзотнинг бу дунёдаги ҳаётини енгиллатиб бериш, охиратда эса абадий роҳат маконидан ўрин олишига ёрдам беришдир. Шунинг учун Қуръони Каримнинг услубига қарасак, ўқиганимизда баъзан мўминларнинг қалбини жунбушга келтирувчи, уларнинг диққатларини муҳим бир масалага қаратувчи хитоб билан бошланган ояти карималарни кўп учратамиз. Бу оятларда «Йаа айюҳаллазийна аамануу», «Эй иймон келтирганлар!» деган буюк хитоб билан бошланади. Демак, бу хитоб билан бошлаган оятларда айнан мўмин-мусулмонларга тегишли масалалар келган бўлади. Аммо Каломуллоҳнинг қолган барча оятлари умуминсоний, умумбашарий кўрсатмалар бўлиб, уларда динидан, ирқидан, жинсидан қатъи назар, Бани Одам назарда тутилади.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасининг 70-оятида: – «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», дейди.
Ҳадиси шарифларда ҳам худди шундай. «Кимки…» деб бошланган барча ҳадисларда мутлақ инсон кўзда тутилади. Масалан, «Кимки бир дарахт экса ва ундан ҳайвонми, қушми, ҳашаротми, одамзотми еса, уни эккан одамга савоб бўлади», деган мазмундаги ҳадисни олайлик. Бу ерда ҳар қандай инсон назарда тутилган, унинг дини ёки бошқа жиҳати қайд қилинмаган.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: – «Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди», деганлар. Бу ерда ҳам мусулмонлар эмас, умуман ҳар бир инсон, ҳар қандай одам тушунилади.
Мана шу каби оят-ҳадисларда биз динимизнинг бағрикенглигини кўрамиз.
Яна бир мисол. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир гуруҳ ансорийлар келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Сақиф қабиласи ҳидоятга кирмаяпти, уларни дуоибад қилинг» дейишганида у зот алайҳиссалом «Аллоҳумма, иҳди Сақифа» – «Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қил», дедилар. Ансорийлар яна «Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуоибад қилинг» дейишди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна «Аллоҳим! Сақифни ҳидоят қилгин» дедилар. Учинчи маротаба сўрашганда ҳам шу дуони қилдилар. Мана, бағрикенгликнинг ёрқин намунаси. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу муборак дуолари ижобат бўлиб, ана шу Сақиф қавмидан кейинчалик буюк зотлар, улуғ уламолар етишиб чиқди.
Тарихимизда бундай мисоллар жуда кўп. Саҳобалардан Туфайл ибн Амр ад-Давсий розияллоҳу анҳу дўстлари билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Давс қабиласи ҳаддидан ошди, куфр келтирди. Уларни дуоибад қилинг» деганларида ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Аллоҳумма, иҳди давсан» (Аллоҳим, Давсни ҳидоят қил) деб уч марта дуо қилдилар. У зот алайҳиссалом Давсни дуо қилиш учун қўлларини кўтарганларида Туфайл ибн Амр ва унинг шериклари «Ана энди Давс ҳалок бўлди, Давснинг шўри қуриди» дейишди. Улар Пайғамбар алайҳиссалом Давсни қарғайди деб ўйлашган эди. Йўқ, Пайғамбар алайҳиссалом Давсга ҳидоят сўраб, «Роббим, Давсни ҳидоят қилгин, уларни Мадинага мусулмон ҳолида келтиргин» деб дуо қилдилар.
Бундан бошқа ҳолатларда ҳам, бир гуруҳ саҳобалар мушрикларни дуоибад қилишларини сўраб, у зотга мурожаат қилишганда «Мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Мен раҳмат қилиб юборилганман» деганлар.
«Ва маа арсалнаака иллаа роҳматал лил оламийн» («Эй Муҳаммад алайҳиссалом! Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик») ояти сўзимизнинг далилидир.
Эътибор қилсак, бу оятда Аллоҳ таоло «оламларга» деган. Нима учун «оламлар» дейилган? «Олам» деб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ҳамма нарсага айтилади. Ҳар бир жинс, ҳар бир тоифа бир оламдир. Шунинг учун олам сўзи кўплик шаклида ишлатилган. Инсоният олами, ҳайвонот олами, фаришталар олами, жинлар олами ваҳоказо оламлар бор. Демак, ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом фақат мусулмонларга эмас, бутун башариятга, балки бутун оламга, бутун борлиққа раҳмат ўлароқ юборилганлар.


Кармана туман "Дўрман" масжиди имом хатиби М.РаҳмоновДиний бағрикенглик динимиз шиорларидандирскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш