Фарзанд неъматлар ичида энг ширинидир. Фарзандларимиз қувончи биз учун жуда муҳим. Биз ота-оналар уларнинг қувончини кўришлик учун барча нарсага: ҳаётда дуч келган қийинчиликлар-у, турли хил тўсиқларга тайёр турамиз. Болаларимиз қандай ўйинчоқ ўйнашни истасалар ,ўшани олиб беришга рози бўламиз, фарзандларимизни хурсанд қиламиз…
Аммо бу масалада биз эътибор беришимиз керак бўлган бир нуқта бор. У ҳам бўлса болажонларимизга қандай ўйинчоқ олиб беряпмиз.. Ана ўша ўйинчоқлар фарзандларимиз учун салбий таъсир кўрсатмаётганмикан? Ҳаётда бундай ҳолатлар учраб турибди. Эътиборингизга ҳаётда гувоҳ бўлган бир вазиятни ҳавола қилмоқчимиз.
Омина бувижоннинг набиралари югуриб келдилар. Саломлашиб бўлиб шошганларича ота-оналари улар учун олиб берган ўйинчоқларини мақтана кетдилар. Аҳмад: “Қаранг, бувижон, дадам менга “ўргимчак одам” совға қилдилар. Мен катта бўлсам ўргимчак одам бўламан. Ҳатто менда унинг кийимлари ҳам бор”,- деди. Омина буви: “Вой, болам, қўй, ўргимчак одам бўлма, солиҳ инсон бўлгин”, -деди. Қизалоқ эса: “Бувижон, қаранг, менинг қўғирчоғим акамникидан чиройли-а?”- сўради ҳовлиқиб. Омина буви: “Асал қизим, бу қўғирчоғингнинг кўйлаклари бироз уятлироқ эканда..”- деди. Набираси эса: “Вой, бувижон, ахир бу “кукла барби”- ку? Менинг севимли қўғирчоғим. Мен ҳали катта қиз бўлсам, шунга ўхшаб чиройли юраман”,-деди. Бироз маюс тортган Омина буви: “Ота-оналар болаларига қандай ўйинчоқ олиб беряптилар-а?” -деб уйга ботиб қолди…
Ушбу ҳолат бизни ҳам бироз қийнамоқда…Қадрли ота-оналар биз фарзандларимиз учун нималар ёки кимларни намуна қилиб кўрсатяпмиз… Севимлисига айланган, доим қўлидан қўймай, ҳатто ухлаганда ҳам олиб ётадиган ўйинчоғ-у қўғирчоқлари болаларимизга қандай таъсир қиляпти? Автомат ўйинчоғида “ҳаммани отиб ташлайман” дея бақираётган боламизга бир инсонга озор бериш қанчалик ёмон эканлигини тушунтиришга уриняпмизми ёки бу ҳолга бефарқ бўлиб ўтиб кетяпмизми? Кўпчилигимиз боламиз хурсанд бўлса бас, тўпoлон қилмаса бўлди, деяпмиз. Қандайдир “ўргимчак одам”га ҳавас қилаётган ўғлимизга биз учун ибрат бўла оладиган ота-боболаримиз ҳақида гапириб берсак, ҳар жабҳада биз учун энг олий намуна Росулуллоҳ с.а.в эканликларини қалбига сингдирсак қандай ҳам чиройли бўлар эди. Ҳатто Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам Росулуллоҳ с.а.в нинг биз учун энг катта ўрнак эканликлари ҳақида Аҳзоб сураси 21-оятида шундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Росулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”. Ҳар хил қўғирчоқларга тақлид қилаётган қизалоғимизга ўзимизнинг ўзбекона, миллийлигимиз, оналаримизнинг ҳаёлари, иболари ҳақида гапириб, уларнинг дунёқарашларини миллийлик руҳига йўналтирсак жуда яхши бўлар эди.. Қизалоқларимизга миллийлигимиз уфуриб турган, атлас кўйлак, дўппи кийган 40 кокилли қўғирчоқлар олиб берсак қандай ҳам гўзал бўлади. Болаларимиз билан суҳбатларимизда Пайғамбарларимиз, ота -боболаримиз, оналаримиз ҳаётидан ибрат олишликни ўргатайлик. Суҳбат орқали болаларимизнинг илм савиялари ривожланади ва намуна бўладиган инсонларга нисбатан ҳам муҳаббатлари зиёда бўлади. Ота-она ва фарзанд ўртасидаги ришта ҳам мустаҳкамланади. Афсуски, кўп оналаримиз фарзандлари билан бирга катталарга тегишли сериалларни кўрадилар-у, лекин улар билан манфаатли суҳбатлар қуришга вақт топа олмайдилар. Болаларимиз нималарга муҳаббат қўяётганига эътибор берайлик… Уларга совға харид қилишимиздан олдин ўйлаб кўрайлик, бу оддий ўйинчоқ эмас, “салбий овунчоқ” бўлиши мумкин.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси Жозиба Жамол қизи