Ҳар бир инсон илм олишда ва касб ўрганишда кўпроқ манфаат келтирадиганини танлашга ҳаракат қилади. Ушбу манфаат фақат дунё ёки фақат охират учун эмас, ҳар иккаласи учун ҳам бўлишини ўйлаш лозим. Чунки танланган илм, касб-ҳунар ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам фойда келтирадиган, Аллоҳ таолонинг ҳам инсонларнинг розилигига сабаб бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг розилиги учун эса кишининг эътиқоди дуруст бўлиши лозим. Илм олишга, ўрганишга қодир бўлган кишининг бир ишни ота-боболарининг ва улуғларнинг тушунчаларига эргашиб қилиб юриши дуруст ҳисобланса ҳам, ўзи қилаётган ишни асос ва далилларини билмай юравериши гуноҳ ҳисобланади. Эътиқод масаласида эса жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаи киромларнинг эътиқодий тушунчаларини танлашимиз лозим. Сўфи Аллоҳёр (раҳимаҳуллоҳ) марҳамат қилганларки:
Маҳкам тутгил жамоат эътиқодин,
Нари солгин мухолиф ижтиҳодин.
Ҳақиқатдан ҳам барча хато, нуқсонлар ва гуноҳларнинг илдизи жаҳолат, нодонлик, илмсизликка бориб тақалади. Бу борада энг масъулиятли вазифамиз ёшларимиз тарбиясидир.Ёшларимизни кўпинча навниҳолга ўхшатамиз. Ниҳолни баъзида ҳали танаси қотиб улгурмаган бўлса тўғрилаб, яхшилаб қўйишнинг имкони бўлади. Лекин онгли инсон тарбиясида хато-камчиликка йўл қўйилса, бу нуқсон унинг онгу-шуури, эътиқоди, феъл-атвори ва турмуш тарзига ўрнашиб қолади. “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир” деб бежизга айтилмаган. Фарзандларимиз яхшиликка ўрганса яхши, аммо ёмонлик билан улғайса, оқибати аянчли бўлади.
Ҳикмат мағзини чақмаган нодон,
Адашув ичида доим бағри қон.
Донолар пандига амал қилган эр,
Ғам-андуҳ тўридан ҳамиша омон.
(“Одоб бўстони ва аҳлоқ гулистони”)
Бугунги ҳар хил ахборот хуружлари авж олган замонда, ёшларимизнинг илм олишига, касб эгаллашига эътибор беришимиз билан бирга диний эътиқодининг шаклланишига ҳам алоҳида тўхталишимиз лозим. Чунки фарзандларимиз ота-боболаримизнинг дини бўлмиш муқаддас исломнинг соф ақидасидан хабардор бўлса, турли адаштирувчи оқим вакилларининг гапларига, даъватларига учмайдиган, керак бўлса, уларга қарши раддия ва зарба беришга қодир бўлишади.
Шу кеча-кундузларда бутун дунёга ислом динини ёмонотлиқ қилаётган, ўзларини “мусулмон” деб таништириб, мусулмонларни қонини тўкаётган, ҳатто Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжидларни портлатиш мақсадидан ҳам тап тортмаётган ИШИД ва унинг аъзолари бутун дунёга ўзларини “Ҳақиқий мусулмон” деб таништирмоқда. Бу тўдага исломнинг асл моҳиятидан бехабар бўлган баъзи бир ёшлар бориб қўшилмоқдалар ҳам. Бундай ёшлар ичида бизга ватандош бўлган ёшларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳолат. Бошқа давлатга пул топиш мақсадида бориб, разил мақсадли кимсаларнинг тузоғига илиниб, “Жиҳод қиламиз”, “Шаҳид бўламиз” деб пуч ғояларга алданиб, итдек ўлиб кетаётганларнинг борлиги, афсуски ҳақиқат. Фарзандларимизга бу умр ғанимат эканлигини, нияти қандай бўлмасин ўзини ўлимга маҳкум этган кишининг икки дунёси барбод бўлишини, Аллоҳ таоло: “Яхшилик ва тақвога ёрдамчи бўлинг, гуноҳу-маъсиятга ёрдам берманг” деб огоҳлантирганлигини тушунтириб борайлик ва ўз навбатида фарзандимиз ким билан дўст бўлиб, нима иш билан шуғулланаётганидан доимо хабардор бўлайлик. Биз ота-оналарининг хизматимиз бу борада жуда муҳим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг : “Суҳбат мутаассир – таъсир ўтказувчидир”, деган ҳадислари ҳам, яхшилар билан яқин бўлиш яхшиликка, ёмонлар билан яқин бўлиш эса ёмонликка бўлиши ҳақида бизни огоҳлантиради. Халқимизнинг: “Яхши билан юрдим-етдим муродга, ёмон билан юрдим-қолдим уятга”, “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар” каби мақоллари ҳам айнан тарбияга тегишли. Фарзандларимиз доимо сергак бўлишсин, бундай нопок кимсаларнинг тузоқларига илиниб қолишмасин, эзгуликка хизмат қилиши мумкин бўлган бирорта фарзандимиз ҳам қўлимиздан чиқиб, ватанига, динига, ота-онасига душман бўлиб қолмасин.
Хулоса қилиб айтамизки, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларини муқаддас билиб, ёшларимизни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаб, жонажон ватанимизни ва ота-боболаримизнинг қадриятларини келажак авлодга обод ва софлигича етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Бундай хайрли ишда Яратгандан ҳаммамизга Ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз.
Хатирчи туман бош имом хатиби Б.Ҳакимов