БЕБАҲОСАН – ВАТАНИМ

28-01-2018, 10:16 admin Мақолалар 1 353



Аллоҳ – яккаю ягона холиқ зот. У ўзи истаган нарсани яратади, “бўл”, дейди ва у бўлади. Аллоҳ яратган махлуқотлар ичида энг мукаррами, азизи инсондир. Аллоҳ инсонларга Ерни маскан тутди, уларни ер юзида туғилишларини истади.
Шундай нарсалар борки, инсон уларни танлаш ихтиёрига эга бўлмайди. Ана шулардан бири Ватандир. Яъни ҳеч бир инсон туғилишидан олдин ернинг қайси қисмида, қайси жойида туғилишини ўзи танлай олмайди. Аллоҳ уни қайси жойда туғилишини истаса, инсон ўша ерда туғилади ва ўша ер унга Аллоҳ тақдир этган Ватан ҳисобланади.
Ватан остонадан, инсоннинг киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Инсон туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, унинг онаси, яқинлари – Ватан деган тушунчада мужассам. Шунинг учун ҳам ватан дейилганда она ватан дейилади. Она қанчалик улуғ бўлса, ватан ҳам шунчалик улуғ ҳисобланади. Ватанга муҳаббат, аввало, ота-она, ака-ука, ёру биродарларга ҳурмат-еҳтиромда намоён бўлади. Улғайиб вояга етган заминга меҳрли бўлиш, унинг ҳар бир ҳовуч тупроғини муқаддас, деб билиш, кўзга тўтиёдек суртиш, бир умр фарзандлик садоқати билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади.
Халқимизда «Ватанни севмоқ имондандир», дейилади. Ушбу ҳикмат мазмунидан элимиз инсон ўзи туғилиб ўсган юрти, ёр-дўстлари ва яқинлари билан боғловчи Ватанини севиши, уни ардоқлаш, турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилишни имон даражасига кўтариб, ватанпарварлик фазилатининг муқаддас маъно-мазмун ва юксак мақомга эгалигини эътироф этганини англаш мумкин.
Барча даврлар, эллар ва динларда Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан саналган. Ислом динида ҳам ватанни севиш, уни ардоқлашга даъват этилади. Мусулмон инсон Ватанни севмоқликни Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг суннати сифатида қабул қилмоғи лозим бўлади. Чунки, Муҳаммад (алайҳиссалом) Маккадан Мадинага кўчиб кетишга мажбур бўлганларида ўз туғилиб ўсган она шаҳри – Маккага қараб: “Сен қандоқ пок Ватансан! Мен сени севаман. Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, сендан бошқа ерни маскан тутмасдим”, деганлар. Бу эса, ҳар бир мусулмон учун ибрат бўлмоғи лозим.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) юрт сарҳадлари дахлсизлиги, аҳолининг тинч-тотув яшаши ва мол-мулкининг омонда бўлишини таъминлаш мақсадида кечаю кундуз хизматда турган кишилар фаолиятини юксак ибодат эканилигини ҳам таъкидлаганлар. Жумладан, имом Табаронийдан ривоят қилган бир ҳадисда Муҳаммад (алайҳиссалом): «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш, бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир», деб бундай хизмат учун Яратган томонидан улкан мукофатлар берилишини ваъда қилганлар.
Кунларнинг бирида Муҳаммад (алайҳиссалом) саҳобийлардан “ким мусулмонларни кечаси қўриқлаб чиқади”, деб сўрадилар ва ортидан «Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах ўти куйдирмайди» (Имом Термизий ривояти), дея эл-юрт ҳимоясида туришнинг улуғ савоб эканини айтиб ўтганлар.
Шу билан бирга Ватан хизмати, эл-юрт тинчлиги учун масъул бўла туриб бу вазифага совуққонлик билан қараган, душман хавф солиб турган паллада ўзини четга тортган кимсаларга нисбатан улкан гуноҳ бўлиши ҳам оят ва ҳадисларда айтиб ўтилган. Хоссатан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳам шундай дейилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Ҳалокатга элтувчи еттита гуноҳдан четланинглар!» – дедилар. Саҳобийлар: «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?» – деб сўрашди. Ул зот: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик қилиш, Аллоҳ ўлдирмоқни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик қилиш, етимнинг молини ейиш, ёв бостириб кирган вақтда орқага қочиш ҳамда иффатли, мўмина, бузуқлик нималигини билмайдиган аёлни фоҳишаликда айблаш», деб жавоб бердилар».
Бу ҳадисдан кўринадики, Ватанга душман бостириб келиш хавф бўлиб турган маҳалда ўзини ортга тортиш, турли баҳоналар билан эл-юрт мудофасидан ўзини олиб қочиш ислом динида энг оғир гуноҳлардан ҳисобланар экан. Бунга 630 йилда мусулмонлар яшаб турган Мадина шаҳрига румликлар ҳужум қилиш хавфи бўлиб турган паллада айрим кишиларнинг ҳеч бир сабабсиз Ватан мудофасидан ўзини олиб қочган ҳолати ёрқин мисол бўла олади. Бу жанг тарих китобларига “Табук ғазоти” номи билан киритилган. Ўшанда румликларнинг Мадинага ҳужум қилиши ҳақидаги совуқ хабар етиб келганида, Пайғамбар (алайҳиссалом) балоғатга етган ва мудофаага ярайдиган ҳар бир эркак кишини умумий сафарбарликка чақирдилар. Аммо айрим саҳобийлар Ватан ҳимоясига қодир бўла туриб, бу чақириқдан ўзларини олиб қочдилар.
Муҳаммад (алайҳиссалом) Табук сафаридан қайтгач, жангга бормаган кишилар у зотнинг ҳузурларига келиб турли сабабларни узр сифатида келтирдилар. Каъб ибн Молик, Мирора ибн Рабиъ, Ҳилол ибн Умайя исмли уч саҳобий эса, ҳеч қандай узр ва сабабга эга бўлмаган ҳолда душман билан юзланишдан қочганлари хабарини айтишди. Бу қилган гуноҳларининг оғирлигидан Пайғамбар (алайҳиссалом) уларни ғазабланган ҳолда кутиб олдилар. Муҳаммад (алайҳиссалом) бу уч кишининг ҳолатини Аллоҳга ҳавола қилиб, умматларига сабоқ бўлсин деб, уларга нисбатан жуда оғир жазоларни тайин қилдилар. Жазо шундан иборат эдики, мусулмонларнинг бирортаси ҳам улар билан гаплашмас, улар билан бир даврада ўтирмас ва хаттоки, ўз аёллари ҳам ўзини улардан четда тутиши керак эди.
Бу жазо муддати 50 кун давом этди ва уч саҳобий қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлиб, тавба қилдилар. Сўнгра Қуръони каримдаги: “Яна (жангга чиқмай) қолган уч кишининг ҳам (тавбаларини қабул этди). Уларга Ер (шунча) кенглиги билан торлик қилган, диллари танг бўлган ва Аллоҳ (ғазаби)дан фақат Ўзига қочиш билан паноҳ топилишини билишгандан сўнгра улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди. Албатта, Аллоҳ Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Тавба, 118) оятларини нозил қилиш билан уларнинг гуноҳлари кечирилди.
Демак, бундан англаш мумкинки, киши Ватан мудофааси учун чақирилганида қодир бўла туриб чақириққа жавоб бермаслиги Яратган ҳузурида ҳам энг қабиҳ амаллар қаторида ёзиб қўйилар экан.
Шундай экан, юрт тинчлиги ва хавфсизлигига хавф-хатар туғилган паллада, айниқса, ҳар бир фуқаронинг хушёр бўлиши, ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажармоғи талаб этилади.
Оят ва ҳадисларда айтилганидек Ватанга хиёнат қилишнинг гуноҳига сазовор бўлиш учун айнан ёв бостириб келганда жанг майдонини ташлаб қочиши шарт эмас. Агар Ватан, элу юрт тинчлиги ва хавфсизлигига масъул бўлган шахс юклатилган вазифасига бепарволик билан қараса ва бу ишининг салбий оқибатини ўйламаслиги натижасида қандайдир нотинчликка сабаб бўлса ҳам юқоридаги айтилганидек гуноҳларга эга бўлиши мумкин. Шунинг учун соҳа ходимлари масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратмоғи, доим ҳушёр ва сергак бўлиши талаб этилади.
Демак, соҳа ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларини энг юқори даражада бажариш учун тинмай изланиши, замонавий фан-технология ютуқларини эгаллаши, тинчлик даврида ҳам ўз устида мунтазам ишлаши, жисмоний қувватини ошириб бормоғи талаб этилади. Чунки, ислом дини мусулмонларнинг ҳар томонлама мукаммал бўлиши учун ўз устида изланишга чақиради. Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг: “Бақувват мусулмон заифга қараганда Аллоҳга яқинроқдир” деган ҳадислари ҳам бу фикримизга кучли далил бўла олади.
Шундай экан, эл-юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилган ҳар бир шахс билмоғи лозимки жонажон Ватани, азиз ота-онаси, қадрдон ака-укаси, опа-синглиси ва оиласининг ҳимояси йўлида бел боғлаб, ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариши ва белгиланган тартиб, қонун-қоидаларга бўйсуниши нафақат унинг фуқаролик бурчи, балки муқаддас динимизнинг ҳам кўрсатмаси ҳисобланади.
Қаффол Шоший айтадилар: «Хиёнаткорлик жаҳаннам чўғидандир».
Алихонтўра Соғуний айтадилар: «Кераклигича дин илмини ўқиш ҳаммага фарз бўлганидек, ўз ҳукуматини, Ватанини ва миллатини сақлаш учун замонавий фан илмини ўқиб билишлик ҳам фарздир».
Алихонтўра Соғуний айтадилар: «Ҳар бир миллатнинг ҳақиқий онаси у миллатнинг туғилиб ўсган, ота-бобосидан мерос қолган Ватанидур. Она Ватанни бошқалар тасарруфига қолдирмоқ – Ватан авлодларининг кечирилмас оғир жиноятларидур, шунингдек, инсон ҳуқуқларига қилинган хиёнатдур».
Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Ҳандақ жангида (мил. 627 й.) Пайғамбар (алайҳиссалом) Мадинага бостириб келган мушрикларга хайрхоҳ бўлган, уларга зимдан ёрдам берган қабилаларга нисбатан ниҳоятда қаттиқ чоралар кўрдилар.
Пайғамбар (алайҳиссалом) нинг ушбу ҳаракатларидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, она Ватан ҳеч қачон сотилмайди, унга хиёнат ҳам қилинмайди.
Демак, бундай хиёнатни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди.
Аслида, ислом динида Ватан ҳимояси ҳар бир мўмин учун фарзи айн даражасига кўтарилган. Ватанга хиёнат қилиш, уруш шароитида юртни ҳимоясиз ташлаб қўйиш эса, оғир гуноҳ экани таъкидланади.
Ислом динида Ватан ва ватанпарварликнинг юксак қадрланишини, Ватанга хиёнат қилиш унинг моҳиятига зид эканини Пайғамбаримиз ҳадислари ва уламоларнинг фикрлари ҳам тасдиқлайди.
Аллоҳ бизга ватан қилиб, Ўзбекистон тупроғини берди. Ватан шунчалик қадрлики, унинг тупроғи чўлдан иборатми, биёбондан иборатми, тоғу тошлардан иборатми, совуқ музликлардан иборатми, сўлим ва гўзал боғу бўстонлардан иборатми инсон уни севади, ҳимоя қилади, ватанига садоқатли бўлади.
Масалан, японлар мунтазам зилзилалар бўлиб турадиган ерлари – яъни Японияни уларнинг ватанлари бўлгани учун севиб ардоқлайдилар, ер силкинишлари ва вулқонлар тез-тез бўлиб турса-да, ватанларини ташлаб кетмайдилар, бузилган жойларни қайта-қайта бунёд қилиб, тиклаб, унданда яхшироқларини барпо қилаверадилар, улар бироз вақт ўтгач яна зилзила бўлади-ку, барибир яна бузилиб ер билан битта бўлиб йўқ бўлиб кетади, демайдилар. Ёки совуқ ўлкаларда туғилган чукчалар қишин-ёзин қорда яшасаларда, йил бўйи қуёшнинг иссиқ ҳароратини кўрмасаларда, 40 даражадан паст ҳароратдаги совуқда йиллар давомида яшасаларда, совуқ суягимдан ўтиб кетди, деб, чиройли, сўлим иссиқ ўлкаларга қочиб кетмайдилар, ўз ватанларини ташлаб кетмайдилар. Ёки иссиқ, оддий ичимлик суви етишмайдиган, Аллоҳнинг неъмати бўлган – қор, ёмғир деярли ёғмайдиган Африканинг ерларида туғилиб ўсган инсонлар ернинг бошқа яхши жойларига кўчиб ўтмайдилар. Бизга эса Аллоҳ шундай гўзал масканни ватан қилиб берди, унда йилнинг 4 фасли, мевали боғлар, виқорли тоғлар, сўлим гўшалар, оқар сувлар, ер ичидан отилиб чиқадиган шифобахш ва тоза булоқлар, беҳисоб неъматлар бор. Ҳатто араблар бизнинг ватанимизга келганларида ватамиз гўзаллигини кўриб, дарахтларда ўсиб ётган турли-туман меваларни кўриб, сизнинг юртингиз ердаги Жаннат экан, дейишган экан.
Бизга шундай заминни ватан қилиб берган, унинг тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини берган, ватанимизни ҳимоя қилиш учун оталаримиз, жуфтларимиз ва ўғилларимизни берган, бизни йўқдан бор қилган – яккаю ягона, буюк зот Аллоҳга доимо ҳамду санолар айтиб, бизга берган неъматларига шукроналик қилиб, фақат ўзи буюрган ишларни қилиб, бу дунё ва охиратимизни гўзал қилмоғимиз лозим.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Зухра Ходжимуратова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш