Ислом дини инсон наслини мукаррам санайди, Аллоҳнинг махлуқотлари ичидаги энг азизи ва эҳтиромга муносиби деб баҳолайди. Инсон азиз ва мукаррам экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам баравар бирдай қадр-қимматга эгадир. Ислом дини инсон қадрини юқори кўтарган Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик” (Исро, 70). Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирлари билан танишиб, топишишлари ва ўзаро фикр алмашишларини ирода этиб, уларни турли миллат ва элатларга ажратди ва Ер юзини уларга макон қилди. Ҳар бир миллатнинг туғилиб ўсган жойи, Ватани ўзи учун азиз ҳисобланади. Ватан озодлиги, мустақиллиги ва сарҳадларини асраб-авайлаш шу маконда яшовчи барча инсонларнинг бурчидир. Худди шунингдек, Ватан учун жон фидо этган ва бу ёруғ оламдан кўз юмганлар хотирасини доимо эсга олиш, уларнинг руҳи покларига дуои хайрлар қилиш ҳам гўзал инсоний фазилатлардандир. Бу хусусда Аллоҳ таборака ва таоло ўзининг каломи шарифида шундай марҳамат қилади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр, 10). Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” (Имом Термизий ривояти) деб биз умматларни огоҳлантирганлар.
Дунё – фоний, умр ўткинчи. Кунлар кунларни, йиллар йилларни қувиб, чархи фалак айлангани-айланган. Инсоннинг абадий – боқий эмаслиги онг-шууримизда хотира деган тушунчани пайдо қилгандир. Негаки, хотирагина ўтганларни эслаш, бугунни кечанинг ёди билан тўлдириш – бойитиш имконини беради. Хусусан, тарихий хотира – бу умр мазмунини, авлодлар ўртасидаги ворислик туйғусини, уларнинг бир-бирига дахлдор эканини, ҳаётнинг бамисоли узвий ҳалқалар каби кетма-кет боғланишини англаш, тарихдан хулоса чиқариб, бугунги кун учун тўғри йўл танлаш, ота-боболаримизнинг руҳи покларига ҳурмат билан қараш, миллий қадрият ва анъаналаримизни топташга йўл қўймаслик, уларни кўз қорачиғидек асраш демакдир. Шу маънода, мустақиллик йилларида 9 май кунинини Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келиниши, ҳеч шубҳасиз, юртимизда тарихий хотирани тиклаш йўлида ҳаётнинг ўзи тақозо этган яна бир муҳим қадам бўлди. Хотира ва қадрлаш деган гаплар бир кунлик байрамга боғланиб қолмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир. Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Улар ҳаётини фаровон, кунларини шодон қилиш учун ҳукуматимиз уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишини юксак даражага кўтарган. Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг азиз дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди" деб марҳамат қилганлар.
Кармана туман бош имом хатиби
Дилшод Эргашев