Ватанга муҳаббат

11-02-2017, 09:41 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 1 882

Маълумки, ватан ҳақида гап кетганда инсон ўзлигида ғурур ҳиссини туяди, беихтиёр туғилиб ўсган жойига нисбатан чексиз муҳаббатни ҳис этади. Натижада, ундан ажралишни ҳоҳламай қолади. Бу мавзуда пайғамбаримизнинг сўзларини келтиришнинг ўзи кифоя қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадинаи Мунавварага кетаётган вақтларида Макка шаҳрига ўгирилиб, “Эй, Макка! Агар қавмим мени сендан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлар эдим”, –деганлар. (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг: “Аллоҳ таоло юртларни ватан муҳаббати билан обод қилди”, деган сўзлари машҳурдир. Ва яна шундай деганлар: “Агар ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўлар эди”.
Бир донишманд айтган экан: «Ватан – бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормоқлари даркордир...» Ватан боғини юрак қони ила суғормоқлик мажозий маънода айтилган. Ўзини Ватан фарзанди деб ҳисобловчи одам бутун тану жони билан бу боғни яшнатиш учун хизмат қилиши керак, дейилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов айтган эдиларки: "Инсон ўзлигини англагани, насл-насабини билгани сари юрагида ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, юксала боради. Бу илдиз қанча чуқур бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар чексиз бўлади, у ўз тақдирини ватан равнақи билан боғлиқ, деб билади".
Ёшларда ватанпарварлик руҳини ривожлантиришда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки, инсонинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади.
Агар ёшлар ўз она ватанини севмаса, унга садоқат билан қарамаса, ҳақиқий баркамол инсон бўла олишмайди. Инсонийликнинг энг муҳим фазилати ҳам ватанпарварликдир.
Мамлакатнинг тараққиёт йўлини белгиловчи омиллар кўп. Шулардан бири ва энг муҳими – ватан мустақиллигидир. Аҳамияти ва эътибори жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи омил – аҳиллик ва иттифоқлик бўлса, учинчиси – маориф – илм олмоқликдир. Маърифатпарвар устоз Исмоил Ғаспирали: «Ватанни севмоқ, менимча, унинг маорифи учун қайғурмоқ, унга ёрдам бермоқдир», деган эканлар. Жадидлар фақат ватан равнақинигина эмас, балки, ўша дамдаги энг муҳим вазифа – истиқлолга эришмоқлик йўлини ҳам айнан шу маорифда кўрганлар. Илмсиз, жаҳолат ботқоғидаги миллатни озодлик курашига жалб этиб бўлмаслигини англаганлар. Донишмандлар айтишган эканки: «Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан тўхтайди». Шундай экан, фикрламайдиган одамдан ватанга қандай наф тегиши мумкин?
Ватан – биз нафас олаётган ҳаводир. Дунёда «Ватанни севмоқ» деган тушунчадан ташқари, «Ватан билан ғурурланмоқ, фахрланмоқ» деган тушунча ҳам мавжуд. Зеро, бу икки тушунча бир-бирисиз яшай олмайди.
Ким ватансиз яшаш мумкинлигига ишонса – унинг ақли теран эмасдир, у хору зордир. Ўз юртидан юз ўгирганлар энг аввало ўз виждонларидан юз ўгирган бўладилар. Ўз юртини севмаган, сева олмаган одам ҳатто, ўзини ҳам сева олмайди, оқибатда эса, ўзидан ўзи нафратланади. Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ўз ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади.” Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанини ҳимоя қилиши, халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Хулоса қилиб айтсак, ватанга муҳаббат туйғуси энг олий туйғулардан биридир. Ватан – она каби муқаддас, унга хиёнат, кишининг ўз онасига қилган хиёнати билан тенглаштирилади. Шундай экан, бу азиз ватанимиз равнақи ва келажагининг буюк бўлиши йўлида ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлсак, ватанимиз бунданда обод ва фаровон бўлишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон қилсин.

Хатирчи туман имом хатиби Ҳакимов Бектошскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш